Янгиликлар, Украина уруши: Нова Каховка тўғони портлатилганидан ким кўпроқ манфаатдор? Dunyo Yangiliklar

Нова Каховка тўғонининг олдинги ва кейинги кўриниши

Сурат манбаси, .

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Днипро дарёси устидаги Нова Каховка тўғони портлатилгани оқибатида оқимнинг қуйи қисмидаги ҳудудларни сув босишда давом этмоқда, Украина расмийлари сув сатҳи 7 июнь куни янада юқори кўтарилишини кутмоқдалар.

Президент Зеленский Россияни «экологик оммавий қирғин бомбаси»ни портлатганликда айблади.

Украина президенти айтишича, оқибатда Днипро дарёсининг қуйи қисмида 100 минглаб одам ичимлик сувисиз қолган.

Чунки Украина расмийлари катта ҳудудни ювиб кетган дарё суви инсон саломатлиги учун зарарли сувга айланганини айтмоқдалар, аҳолини фақат бутилкали сувни ичишга чақирмоқдалар.

Дарё сувига канализация чиқиндилари, қабристонлардаги инфекциялар қўшилган.

Нова Каховка шаҳрининг сув остида қолган кўча ва бинолари

Сурат манбаси, Reuters

Украина назоратидаги ҳудудларда ўн минглаб одамлар тунни уйлари томларида ёки дарахтларнинг устида ўтказишга мажбур бўлганлар.

Тинч аҳоли эвакуация қилинаяпти.

Нова Каховка шаҳрининг ўзида сув пасая бошлаган.

Шаҳарнинг Россия назоратидаги маъмурияти сув тошқини оқибатида етти инсон бедарак кетгани ҳақида хабар тарқатди.

Тўғон портлатилиши жанубий Украинанинг улкан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудига вайронакор шикаст етказиши хабар қилинмоқда, боиси бу ҳудудларнинг суғориш тизими Днипро дарёси сувига боғлиқ.

10000 гектарга яқин экин майдонини сув босди.

Ҳодисани Украина Европадаги охирги ўн йилликлардаги энг ёмон экологик ҳалокат деб таърифлади.

Одамларни эвакуация қилиш

Сурат манбаси, Reuters

Запорожия АЭСи реакторлари Днипро суви билан совутилади, тўғон портлатилиши атом электр станцияси фаолиятига салбий таъсир кўрсатгани йўқ, дейилмоқда.

Нова Каховка Днипро дарёсида Запорожия АЭСидан қуйида жойлашган.

Украина Россиянинг Нова Каховка тўғонини 2022 йил октябрида миналаштиргани ва портлатишни режалаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Нова Каховка Россия босқини бошланганидан буён Россия ҳарбийлари назоратида қолаётган эди.

Май ойининг охирги кунлари, июнь ойининг дастлабки кунларида Украина Донецк вилоятининг Бахмут шаҳри атрофида қарши ҳужумларини бошлаган, Украина ўзларининг қарши ҳужумларидан қўрққан Россия тўғонни портлатиб, катта ҳудудни сув остида қолдириш билан Украина қарши ҳужумини тўхтатишни мақсад қилган, дейди.

АҚШдаги Урушни ўрганиш институти ёзишича, кўплаб таҳлилчилар бу тўғоннинг вайрон этилиши кўпроқ Россиянинг фойдасига деб ҳисоблайдилар.

Тўғон вайрон этилгани Россиянинг Украина қарши ҳужумига нисбатан мудофаа мавқеъини мустаҳкамлади, камида бир ой Украина оғир техникасини бу ҳудудларда ишлатолмайди, деди Stratpoints Foundation ташкилоти ҳарбий эксперти, собиқ Польша ҳарбий разведкаси бошлиғи ўринбосари Мацей Матисяк.

Айни пайтда Украина Мудофаа вазирлиги ўз қуролли кучлари Бахмут шаҳри атрофидаги жангларда янада илгари силжигани ҳақида хабар тарқатди.

6 июнь. Нова Каховка тўғони портлатилди

Нова Каховка тўғони портлатилганидан кейин олинган сунъий йўлдош сурати

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Нова Каховка тўғони портлатилганидан кейин олинган сунъий йўлдош сурати

Украина Россияни Днипро дарёсидаги Нова Каховка ГЭСи тўғонини портлатишда айблади. Дарёнинг қуйи оқимидаги кўплаб аҳоли истиқомат қиладиган жойларни сув босди.

Украина расмийлари аҳолини эвакуация қилиш бошланганини хабар қилдилар.

Тўғон портлатилгани ҳақидаги хабарлар 6 июнь тонгида тарқалди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Россия тўғон вайрон этилишида Украинани айблади.

Нова Каховка Днипро дарёсининг чап соҳилида ва Россия қўшинлари назоратида.

Европа ва НАТО раҳбарияти тўғон бузилишида Россияни айблаб чиқдилар, кескин қораладилар.

Нова Каховка тўғони портлатилганидан кейинги вазият

Сурат манбаси, Reuters

Украина тарафига кўра, ўзларининг қарши ҳужумларидан қўрққан Россия тўғонни портлатиб, катта ҳудудни сув остида қолдириш билан Украина қарши ҳужумини тўхтатиш мақсадида ГЭСни портлатган.

Сув айрим жойларда 10 метр баландликка кўтарилган, қуйи оқимда жойлашган Херсон шаҳрини сув босган.

Йирик экологик фалокат таҳдиди юзага келди.

Нова Каховка ГЭСи Қрим ярим оролини сув билан таъминлаш мақсадида барпо этилган, 2014 йили Россия Қримни аннексия қилганидан кейин Украина Қримга сув элтадиган канални бекитиб қўйган эди.

Нова Каховка тўғони портлатилганидан кейинги вазият

Сурат манбаси, ALEXEI KONOVALOV/TASS

2022 йил февралида Россия қўшинлари Нова Каховкани ўз назоратига олганидан кейин канал орқали яна Қримга сув оқизиш бошланган эди.

Қримдаги Россия масъуллари тўғон вайрон этилганидан кейин ярим оролнинг сув таъминотида муаммо йўқ демоқдалар.

Украина томони Нова Каховка тўғони портлатилгани Запорижия АЭСи фаолиятига хавф туғдириши мумкинлигини айтдилар.

Бироқ МАГАТЭ вазиятни яқиндан кузатаётганлари, ҳозирча АЭС одатдагидек ишлаётганини айтмоқдалар.

Украина қарши ҳужуми бошландими?

Бир неча ойлардан буён Украина қарши ҳужумга ўтиши ва Россия босиб олган ўз ҳудудларини қайтариб олишга ҳаракат қилиши хабар бериб келинади.

Украина расмийлари бунинг учун ўзларига Ғарб ваъда қилган қурол-яроғ қўлларига етиб келиши кераклигини айтадилар.

Қарши ҳужумга баҳорги деб ном берилди.

Аммо бу йилги баҳор Украина ҳудудига кўп ёғингарчилик билан келгани қарши ҳужумнинг "белига тепгани" хабарлари ҳам тарқалди - тупроқ лойга айланди, бундай ерда оғир техника ҳаракатланиши қийин.

5 июндан 6 июнга ўтар кечаси Украина ҳудуди яна ракета ҳужумларига тутилган.

Расмийларга кўра, яна пойтахт Киев ракеталар билан нишонга олинган.

Киев шаҳри ва атрофида 20 дан зиёд ракета уриб туширилди, ҳеч ким зарар кўрмади, деди Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко.

4 июнь куни Украина қўшинлари Бахмут шаҳри атрофида ҳужумга ўтганлари хабарлари тарқалди.

Бошида Украина томони бу ҳақда хабар тарқатмаган бўлса-да, россиялик "ҳарбий мухбирлар" Украина Бахмутга қарши ҳужумни бошлаганини хабар бердилар.

Орадан бир кун ўтиб, Президент Зеленский Бахмут шаҳрининг шимоли ва шарқида олдинга силжиб Россия назоратида бўлган мавқеъларни ўз назоратига олган Украина ҳарбийларини олқишлади.

Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ўз қўшинлари "кенг жабҳа" бўйлаб жанг қилаётганларини айтди, ҳозир жанг марказига Бахмут шаҳри айланганини хабар қилди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002