Янгиликлар: Абдураҳмоннинг оёғига кимлар сигарета босди ёки Европага ўтиш ‘ўлим’ми?Dunyo Yangiliklar

- Author, Оксана Антоненко ва Лина Шайхуни
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
"Ўша қора кунларни эсласам, даҳшатга тушаман", демоқда Абдураҳмон. Энг қийини Латвияга ўтишми?
Қаерлик қочқинлар Европа остонасида даҳшатли қийинчилик ва таҳқирларга дуч келишмоқда?
Алоқадор мавзулар:
Европага йўл олган муҳожирлар чегарачилар қаршиликлари боис ҳафталарча, баъзида ойларча қалин қорда, қаҳратон совуқда қолиб кетганликларини айтмоқда.
"Ўрмондаги ўша қора кунларни эсласам, даҳшатга тушаман", дейди суриялик бошпана изловчи Абдураҳмон Киван Би-би-сига Zoom орқали бўлган суҳбатда.
Бу атиги бир неча ой олдин, совуқ декабр кунида бўлган. Тирик қолишига деярли умидсиз аҳволда, қалин қорлар орасида у ҳолдан тойиб йиқилган.
"Бошқа юролмасдим. Жароҳатланган оёғим ортиқ кўтаролмасди", дейди Абдураҳмон.
У Беларусни Европа Иттифоқи аъзоси бўлмиш Латвиядан ажратиб турган ўрмонда ҳафталарча юрган. Ҳар икки давлат чегарачилари уни у томондан бу томонга ҳайдаб сарсон қилишган.
Унинг айтишича, Европага етиш "ўлим сафари" бўлган. Аммо бу сафарни у Суриядаги урушдан қочар чоғида бўйнига олган эди.
Урушда оёғидан олган жароҳат туфайли эркин юра олмасди, шу боис Абдураҳмон Европага нисбатан осонроқ йўлдан бориши керак эди.
Facebook'да араб тилида Россияга виза олиб бериш ёки Беларусь орқали Европага олиб ўтиш ҳақида рекламалар кўп эди.
Унинг дўстлари аллақачон сафар қилганди. Улар унга бу энг яхши чоралигини айтишди, аммо амалда бу жуда оғир танлов бўлиб чиқди.

Икки чегара ҳикояси
Ноябрь ойида Беларусдан Европа Иттифоқи аъзоси Польшага ўтишга уч марта муваффақиятсиз урингандан кейин Абдураҳмон ва бошқалар Латвия орқали ўтиб олишга қарор қилишди.
Улар ярим метрдан ортиқ қалин қорни кечиб, етарли егулик ва ичимликсиз ўрмон орқали ўнлаб километр юришди.
"Совуқдан қалтирардик. Юрганимизда бироз исинардик. Ўтирганимизда эса кийимларимиз қордан нам бўлганини сезардик", дейди Абдураҳмон.
Сув тугагач, улар сувсирамаслик учун қор еб боришди.
"Умидсиз эдик. Тирик қолмаймиз энди деб ўйлаганимизда оиламизга хабар юбориб, бизни кечиришларини сўрардик."
Исом сафар чоғида Абдураҳмонга ҳамроҳ бўлганлардан бири.
Иккиси ўрмонда ҳафталарча қолиб кетган. Латвия томонга ўтаётганларида чегарачилар уларни Беларусь ҳудудига бир неча марта қайтарган.
"Биз уларга такрор такрор айтардик: 'Беларусь чегарачилари бизни Минскка қўйишмаяпти деб. Сизлар Латвияга киришга қўймаяпсиз. Нима қилайлик?", дейди Исом.
Латвияда чегарачилар уларни Исом ва Абдураҳмон "ифлос" ва "тор" деб таърифлаган чодирда ушлаб туришган. Абдураҳмоннинг айтишича, у уларнинг бош офисидан Беларусь билан чегарагача бир неча соатлик йўл бўлган.
Уларнинг сўзларига кўра, одамлар чегарадан қайтариб Беларусга ўтказиб юборилгунча чодирда бир неча соатдан бир неча кунгача ёки ҳатто ойларча қолиб кетиши мумкин эди.
"Ҳожатхона, сув ва бошқа нарсалар йўқ эди. Чодирдан рухсатсиз чиқишга рухсат берилмасди", дейди Исом, ўзларига қилинган муносабатни "хўрлаш", деб атаб.

Зўравонлик ҳақидаги даъволар
Абдураҳмоннинг айтишича, ҳарбийлар Латвиядаги чодирда унинг жароҳатланган оёғига электрошокер билан урган. Кейин Беларусь чегараси томонга мажбуран олиб боришган. Чегарани учинчи марта кесиб ўтишга уринишда у ҳушидан кетган.
Абдураҳмон уйғонганида, унинг айтишича, чодирдаги аскарлар "уни ерга босиб, ярадор оёғига олтита сигаретни босиб ўчиришган".

Абдураҳмоннинг айтишича, у икки ҳафтага яқин чодирда сақланган. Январь ойи бошида унинг соғлиғи ёмонлашганида, у охир-оқибат Латвиядаги энг яқин шифохонага олиб кетилган.
Исом ҳам чегарачилар томонидан калтакланганини айтади. Унинг сўзларига кўра, у латвиялик аскарларнинг 16 ёшли ўсмир ва бир қизни калтаклаганини кўрган.
"Мен уларга нега [қизни] урганини сўраганимда, улар ўзимни калтаклашди. Соқчи мени тепди", дейди Исом.
Гибрид уруш
27 та давлат аъзо бўлган бой иқтисодий ва сиёсий иттифоқда миграция масаласи йиллар давомида баҳсли бўлиб келган.
Европа Иттифоқи ва Беларусь ўртасидаги чегара сўнгги чақнаш нуқтасидир.
2020 йилги баҳсли президентлик сайловларидан кейин Брюссель Минскка қарши санкциялар киритганидан бери муносабатлар ёмонлашди.
Европа Иттифоқи давлатлари Минск ва унинг иттифоқчиси Россияни муҳожирлардан "гибрид уруш" қуроли сифатида фойдаланаётганликда айбламоқда.
Латвия муҳожирларни хавфсизлик нуқтаи назаридан ортга қайтарилиши керак бўлган "уруш қуроли" деб билади. Мамлакат расмийлари айтишича, 2021 йил август ойидан буён муҳожирларнинг Беларусдан чегарани ноқонуний кесиб ўтишга бўлган 10 524 та уриниши олди олинган.
"Латвия ва Европа Иттифоқининг ташқи чегарасини қўриқлаш бизнинг асосий масъулиятимиздир", дейди Латвия Ички ишлар вазирлиги Би-би-сига берган баёнотида ва чегарани ноқонуний кесиб ўтган ҳар қандай касни қабул қилишга мажбур эмасмиз деди.
Вазирлик мамлакатга киришига тўсиқ қўйилган муҳожирларга нисбатан қонунбузарлик ёки ёмон муносабат бўлмаганини таъкидлаган.
"Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиши олди олинган шахсларга инсонпарварлик ёрдами, жумладан, зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда", дейилади хабарда.
Кўнгиллиларга қарши жиноят иши
Латвияда кўпчилик "ноқонуний муҳожирлар"ни Беларусга қайтариш қарорини қўллаб-қувватласа да, баъзилар буни тўхтатишга ҳаракат қилмоқда.

Сурат манбаси, .
Иева Раубишко улардан бири. У Яқин Шарқдан келган муҳожирларга, айниқса, Латвия ва Беларусь чегарасида қолиб кетганларга ёрдам беради.
Исом ва унинг ҳамроҳлари умидсиз қолганида, ёрдам сўраб кўнгиллиларга мурожаат қилишди, кўнгиллилар эса Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилишди.
Суд Латвияни муҳожирларни вақтинча қабул қилиш ва уларга гуманитар ёрдам кўрсатишга мажбурловчи шошилинч қарор чиқарди. Кейин Иева ва унинг ҳамкасби муҳожирлар мамлакатдан чиқариб юборилмаслигини таъминлаш учун тезликда чегарага борди.
"Биз икки соат кутдик, - дейди Иева. - Уларнинг тирик қолишига ишончимиз комил эмас эди. Борганимизда қорда ётишарди, бири титрарди. Биз шокда эдик."
Аммо 2021 йилдан буён ҳудудда фавқулодда ҳолат жорий этилган. На кўнгиллилар, на журналистлар ва на халқаро ташкилотлар чегара зонасига махсус рухсатсиз кира олади. Иева ва унинг ҳамкасби Эгилс у ерда ноқонуний бўлган.
Энди улар муҳожирларнинг Латвияга ноқонуний киришига ёрдам берганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда.
Иеванинг фикрича, даъвонинг яхши томони ҳам бўлиши мумкин. "Бизнинг жиноят ишимиз шу пайтгача жим бўлган кўпроқ одамларни муҳожирларни қўллаб-қувватлаш учун гапиришга мажбур қилди", дейди у.
"Агар биз бу одамларга қонуний бошпана сўраш имкониятини бермасак, ноқонуний одам савдоси янада кучаяди", дея қўшимча қилади у.
Абдураҳмон Европа давлатларидан бирига эсон-омон етиб олди. У хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзининг аниқ манзилини ошкор қилишни истамаяпти.
Исом эса Латвияда бошпана олиш ҳаракатида эди, лекин тез орада укаси яшайдиган Нидерландияга жўнаб кетди. У Иевадан ёрдами учун миннатдор, лекин қайтишни истамайди.
"Менга шундай шафқатсиз муносабатда бўлган мамлакатга қандай қайтишим мумкин? - дейди Исом. - Улар бизни калтаклашди ва жуда ваҳшиёна муомала қилишди".
Исом ҳам, Абдураҳмон ҳам ҳозир Беларусь орқали ўтишга мажбур бўлганидан афсусда эканини айтади.
"Қасам ичаманки, биз Сурияда бахтли эдик. Уруш мажбур қилди у ерни ташлаб кетишга, - дейди Исом. - Қаерга боришим керак эди? Бу ўлим саёҳати менинг ягона имкониятим эди."
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














