Янгиликлар. Афғонистон: Толибон бугун ниманинг ғамида - яна ўзининг сиёсатини ўзгартирмоқда Afg‘oniston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Ҳафизуллоҳ Маъруф
- Role, ББC Пашту
Толибон эркаклар эмас, яна аёлларнинг ким бўлишларини ҳам кескин чеклашга киришди. Афғонистон аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилишади.
Алоқадор мавзулар:
"Кириш имтиҳонига катта умид билан бордим. Лекин танлов рўйхатини кўриб, ўзим ёқтирган мавзуни топа олмадим", деб йиғлайди Фотима.
У Афғонистон шарқидаги Лағмон вилоятидан 19 ёшли талаба. Би‑би‑си унинг хавфсизлиги учун ҳақиқий исмидан фойдаланмайди.
Фотиманинг журналист бўлиш орзуси Толибоннинг янги тартиби сабабли армонга айланиши мумкин.
Аксарият ўсмир қизларнинг мактабга кириши тақиқланганидан бир йил ўтиб, Толибон аёлларнинг давлат университетларида ўқиши мумкин бўлган курсларга кескин чекловлар киритмоқда.
"Журналист бўлишни орзу қилардим. Мен радио ва телевидениеда ишлашни хоҳлардим. Аёллар ҳуқуқлари учун курашмоқчиман", дейди Фотима Би‑би‑сига.
Толибон 2021 йил августида ҳокимиятни қўлга киритгач, қизларга ўрта мактабда ўқишни тақиқлагани сабабли у мактабнинг юқори синфини якунлай олмади.
Жангари гуруҳ ёши каттароқ қизлар мактабларга қайтиши учун "исломий муҳит" яратиш зарурлигини айтди, бироқ улар ҳокимият тепасига қайтганидан бир йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса ҳам, аксарият вилоятларда бундай бўлмади.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо Толибон мактабни битираётган қизлар ҳам университетга кириш имтиҳонларини топшириши мумкинлиги ёки йўқлиги ҳақида ҳамон қарор қилгани йўқ.
Бироқ Фотиманинг ҳаяжонлари узоққа чўзилмади.
Толибоннинг қарори эркаклар эмас, балки аёллар танлаши мумкин бўлган мавзуларга чеклов ўрнатди.
Масалан, Фотима журналистика факультетида таҳсил олмоқчи бўлган қўшни вилоятдаги Нангарҳор университетида энди қизларга 13 та бўлимдан еттитасини танлашга рухсат берилган. Аёлларга журналистика, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик ёки иқтисод каби фанларни ўқишга рухсат берилмайди.
"Уларнинг барча умидлари пучга чиқди", дейди Фотима кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганда, шу йўналишларда ўқишни давом эттириши мумкин бўлган қизлар ҳақида.

Сурат манбаси, Getty Images
Унга ва бошқа талаба қизларга Нангарҳордаги еттита факультетда таклиф этилган курслар қаторига кирувчи ҳамширалик иши, акушерлик ёки адабиёт каби фанлардан тест топшириш имконияти берилди.
У ерда кириш имтиҳонларини назорат қилган университет профессорлари Би-би-си билан суҳбатда йигитларга хоҳлаган фанни танлашга рухсат берилишини тасдиқлади.
"Бу қарор матни бизга олдиндан берилмаганди. Биз - 10 га яқин қизлар гуруҳи - матнни кўриб, керакли факультетларни топа олмагач, ҳаммамиз йиғлаб юбордик", дейди Фотима.
Би‑би‑си сиз мамлакатнинг қайси қисмида эканлигингизга қараб, талаба қизлар учун танловлар университетдан университетга фарқ қилиши мумкинлигини аниқлади. Аёлларга барча вилоятларда шифокорлик ва ҳамширалик билан шуғулланиш, шунингдек, ўқитувчиликни ва Ислом динини ўрганишга рухсат берилган.
Аммо ветеринария, муҳандислик, иқтисод ва қишлоқ хўжалиги бўйича таълим олиш бутун мамлакат бўйлаб аёллар учун имконсизга ўхшаяпти, журналистикани ўрганиш имкониятлари ҳам жуда чекланган.
Фотима ва унинг дўстлари учун бу сафар оғир кечди. Мактаблар улар учун ёпиқ бўлгани учун улар уйда университетга тайёргарлик кўришлари керак эди. Фотима бошқа қизлар билан гуруҳ дарсларини ташкил қилди.
«Ҳудудимизда қўшимча машғулотларга бориш имконияти йўқ. Уларнинг ҳаммаси ёпилган".

Сурат манбаси, Getty Images
Расмийлар бу йил 100 000 талаба (жумладан 30 000 аёл) афғон университетларига кириш имтиҳонларини топширишини айтмоқда.
Ўқув йили март ёки августда бошланади ва кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилиниши учун одатда икки ойдан уч ойгача вақт кетади. Толибон ҳокимият тепасига келганидан кейин натижалар қачон эълон қилинишини ҳеч ким аниқ билмайди.
Эркак ва қиз абитуриентлар имтиҳонларни алоҳида топширдилар - Толибон ўрнатган қоидаларга мувофиқ абитуриентлар жинсига қараб ажратилади - эрталаб ўғил болалар, тушдан кейин қизлар топширади ёки имтиҳон хоналарида экранлардан фойдаланилади. Номзодлар кўп бўлган айрим вилоятларда кириш имтиҳонлари икки-уч кун давомида ўтказилди.
Фаолларга кўра, агар Толибон 6-12-синфларда ўқийдиган қизлар учун ўрта мактабларни очмаса, яқин йилларда университетларга ўқишга кирадиган қизлар сони кескин камаяди.
Ўтган йили Лағмон вилоятида 1200 га яқин қиз тест синовларида қатнашган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 182 нафарга камайган.

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон расмийлари чекловларни камайтирмоқда.
Олий таълим вазирлигининг имтиҳонлар бўлими бошлиғи Абдул Қодир Ҳамушнинг айтишича, қизлар уч-тўртта соҳадан ташқари ўзлари ёқтирган фанларни танлашлари мумкин.
"Аёллар учун алоҳида дарслар ташкил қилишимиз керак. Айрим соҳаларда аёллар сони кам. Шунинг учун биз аёлларнинг муайян курсларга ҳужжат топширишига рухсат бермаймиз".
Расмийлар бу йилги университет ўринлари сонини ҳали ошкор қилмади.
Толибоннинг ҳокимият тепасига келиши Афғонистоннинг таълим соҳасига қаттиқ таъсир қилди ва ўтган йили АҚШ бошчилигидаги қўшинлар олиб чиқиб кетилганидан кейин малакали педагоглар кўчиб кетди.
Сўнгги ўн йилликларда мамлакат иқтисодиёти кўп жиҳатдан чет эл ёрдамига қарам бўлиб келган, бироқ Толибон барча ўрта мактабларга қизларни қабул қилишдан бош тортгач, ёрдам агентликлари таълим секторини қўллаб-қувватлашни қисман, баъзи ҳолларда эса бутунлай тўхтатган.
Қолган ўқитувчиларнинг кўпчилиги бир неча ой маош олмади.
Би‑би‑сининг аниқлашича, Толибоннинг қизлар ўқиши мумкин бўлган соҳаларга чекловлари мамлакат бўйлаб доим ҳам бир хилда қўлланилмайди. Мисол учун, Кобул университетида ҳали ҳам баъзи журналистика курсларига қизлар қабул қилинади.

Сурат манбаси, Getty Images
Лекин Фотима пойтахтдек олис жойлардаги университетларга ҳужжат топшириб, тартиб-қоидаларни айланиб ўта олмайди. Толибон мамлакатни бир неча зоналарга бўлган, қизларга улардан ташқарида ўқишга рухсат берилмаган, бу эса яна бир жиддий гендер чекловидир.
"Мен фақат улар менга таклиф қилган нарсаларни ўрганишим мумкин. Бошқа иложим йўқ», дейди Фотима, лекин у орзусидан бутунлай воз кечмаган.
«Келаси йили ҳукумат сиёсатини ўзгартирса, мен журналистикани танлайман", дейди у.
Аммо бу амалга ошмаса, у ва унга ўхшаган бошқа қизлар университетга ўқишга кирмоқчи бўлса, Толибон рухсат бергандан бошқасини ўрганишдан бўлак чораси йўқ.
Ҳозирда ўрта таълим олишдан маҳрум бўлган ўн минглаб ўсмир қизлар учун келажакда бундай танлов имкони бўлмаслиги мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














