Россия: Путин Украинага расман уруш очса нима бўлади? Ukraina Rossiya Putin

Сурат манбаси, TASS
Душанба куни Си-эн-эн телеканали ўз манбаларига таяниб, Россия президенти Владимир Путин 9 май куни Украинага расман уруш эълон қилиши мумкинлигини хабар қилганди. Расмий уруш эълон қилиш амалда нимани англатади? Ва Россияда мобилизация қандай амалга оширилиши мумкин?
Алоқадор мавзулар:
Си-эн-эн манбаларига кўра, Путин Ғалаба кунидан рамзий маънода Украинадаги ҳарбий ютуқлар, жанговар ҳаракатлар авж олгани ёки иккаласини ёки бошқа бирор нарсани эълон қилиш учун фойдаланади. Уларнинг фикрича, Украинага қарши расман уруш эълон қилиниши мумкин.
Россиянинг Украинага бостириб кириши 24 февралда бошланган, бироқ Россия расмийлари у ерда "махсус ҳарбий операция" ўтказилаётганини таъкидламоқда. Украинадаги ҳарбий амалиётларга нисбатан "уруш" ва "босқин" сўзларини қўллаш мамлакат ҳудудида тақиқланган.
Си-эн-эн маълумотларига кўра, урушнинг расман эълон қилиниши Украинадаги жангларни жамоатчилик қўллаб-қувватлашини кучайтириши мумкин, шунингдек, Россия расмийларига ҳозирда Россияга жуда муҳтож бўлган сафарбарликка чақириш имконини беради.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков чоршанба куни Россияда 9 май куни сафарбарлик эълон қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни "ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва бемаънилик" деб атади.
20 февраль куни, ҳарбий махсус операция деб аталадиган операция бошланишидан уч кун олдин Песков Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши режалаштирилгани ҳақидаги хабарларни провокациялар ва ваҳима солиш деб атаган эди. "Сизга эслатиб ўтамиз, Россия ўз тарихи давомида ҳеч қачон ҳеч кимга ҳужум қилмаган. Шунча урушлардан омон қолган Россия эса Европада «уруш» ҳақида умуман гапиришни, ҳатто бу сўзни талаффуз қилишни энг кам истайдиган давлатдир", деганди Путиннинг матбуот котиби.
9 май куни Путин сафарбарлик эълон қилиши, шунингдек, "дунё нацизмига қарши" кенг кўламли уруш эълон қилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни аввалроқ Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес айтган эди.
Шу билан бирга, Рим папаси Францискнинг сўзларига кўра, Венгрия бош вазири Виктор Орбан унга 21 апрель куни бўлиб ўтган учрашувда Россия ҳукумати ҳарбий ҳаракатларни 9 май куни тўхтатишни режалаштираётганини айтган.
Путин март ойи бошида Россияда ҳарбий ёки бошқа махсус ҳолатни жорий қилиш учун ҳеч қандай асос йўқлигини, чунки у фақат ташқи тажовуз ҳолатларида жорий этилишини айтди.
"Ҳарбий ҳолат тўғрисида" Федерал Конституциявий қонунга биноан, ҳаракатларнинг тўлиқ рўйхати ташқи тажовуз деб тан олиниши мумкин (тўлиқ рўйхат қонун матнида мавжуд):
- Россия Федерацияси ҳудудига хорижий давлат армиясининг ҳужуми, ҳарбий босқинчилик, ҳудудни ёки унинг бир қисмини ҳар қандай қўшиб олиш;
- Россияга қарши қурол ишлатиш. Масалан, ҳудудни ўққа тутиш ёки бомбалаш;
- портлар ёки қирғоқларни блокировка қилиш;
- Хорижий қўшиннинг рус қўшинларига, уларнинг жойлашган жойидан қатъий назар ҳужуми;
- Россияга қарши тажовуз қилиш учун бирор давлат ўз ҳудудини бериши;
- Хорижий давлат томонидан Россияга қарши қуролли гуруҳлар, номунтазам кучлар ёки ёлланма аскарларни юбориш.
Ҳарбий ҳолат Россия томонидан расман уруш эълон қилинганидан кейин ҳам жорий этилиши мумкин. Ушбу эълон қилиш тартиби Россия қонунларида аниқ белгиланмаган. Бу фақат мамлакатда уруш ҳолати эълон қилиш шартларини кўрсатади.
Уруш ҳолати, аслида, ҳарбий ҳолатнинг жорий этилишига олиб келади, гарчи булар ҳуқуқ нуқтаи назаридан бошқа бошқа бўлса да - "уруш ҳолати" атамаси давлатлараро муносабатлар билан боғлиқ, "ҳарбий ҳолат" - бу давлат ичидаги махсус ҳуқуқий режимдир.
"Мудофаа тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддасида "Уруш ҳолати федерал қонун билан Россия Федерациясига бошқа давлат ёки давлатлар гуруҳи томонидан қуролли ҳужум қилинган тақдирда, шунингдек, Россия Федерациясининг халқаро шартномаларига риоя қилиш зарурати туғилганда эълон қилинади» дейилган.
Уруш эълон қилиш тушунчаси халқаро ҳуқуқда мавжуд. 1907 йилда Гаагада қабул қилинган "Ҳарбий ҳаракатларни бошлаш тўғрисида"ги конвенцияда айтилишича, ҳарбий ҳаракатлар "олдиндан ва аниқ огоҳлантиришсиз бошланмаслиги керак, бу урушни асосли эълон қилиш ёки уруш эълон қилиш шарти билан ультиматум шаклида бўлади.
Россияда ҳарбий ҳолат бир нечта қонунлар билан тартибга солинади - "Ҳарбий ҳолат тўғрисида", "Мудофаа тўғрисида", "Сафарбарлик тўғрисида", "Алоқа тўғрисида", "Ҳарбий бурч ва ҳарбий хизмат тўғрисида".
Бу давлатнинг деярли барча соҳаларига - жамият ҳаётига, ҳокимият органларига, иқтисодиётга, бизнесга, матбуотга, сиёсий тартибга солишга ва бошқаларга тегишли.
Бундай вазиятда Президент ва ижроия ҳокимият мутлақ ваколатларга эга бўлади. Сиёсий партиялар фаолияти тугатилиши мумкин; митинглар, йиғилишлар ва пикетлар ўтказиш тақиқланади; цензура жорий этилади; одамларнинг ҳаракатланиши чекланади, шу жумладан мамлакатдан чиқиб кетиш, яшаш жойини ўзгартириш тақиқланади; комендантлик соати эълон қилинади; мудофаа эҳтиёжлари учун мол-мулк исталган вақтда фуқаролардан мусодара қилиниши мумкин; қурол сотиш ва бошқа кўп нарсалар тақиқланади. Бу чоралар рўйхати "Ҳарбий ҳолат тўғрисида"ги қонуннинг 7-моддасида келтирилган.
Мобилизация
Ҳарбий ҳолат шароитида сафарбарлик эълон қилиниши мумкин. У тўлиқ ёки қисман бўлиши мумкин, яъни бутун мамлакат бўйлаб ёки унинг алоҳида қисмларида жорий этилиши мумкин. Сафарбарлик ҳарбий ҳолатнинг жорий этилиши билан боғлиқ эмас - усиз ҳам эълон қилиниши мумкин, шунингдек, агар у жорий қилинган бўлса, сафарбарлик бўлмаслиги ҳам мумкин.
Ушбу концепциянинг ўзи нафақат армияга чақириладиганларга, балки сафарбарлик ҳокимият органлари, саноат ва умуман, бутун иқтисодиётга тегишли.
Лекин, биринчи галда, бу захирадаги ҳарбий хизматчилар билан тўлдириладиган қуролли кучлар билан боғлиқ. Захира сафарбарлик заҳираси ва сафарбарлик ресурсларидан иборат.

Сурат манбаси, Getty Images
Биринчи гуруҳ - сафарбарликка энг тайёр бўлган, давлат билан махсус шартнома тузган заҳирадагилар, иккинчиси - армияда хизмат қилган ва захирага олинган бошқа барча заҳирадагилар.
Сафарбарлик шартлари бўйича армияга чақирилиши мумкин бўлганларнинг баъзилари ўз ишларида қолиш кафолати билан бронь олиши мумкин. Бу корхоналар ва ҳокимиятлар ишини таъминлаш учун зарур.
Уруш эълон қилиш ва сафарбарлик, кўплаб экспертлар фикрича, Россия армияси дуч келаётган камида иккита муаммони ҳал қилиши мумкин - урушда кадрлар етишмаслиги ва Украинадаги урушга боришдан бош тортишлар.
Ҳозирда Россия армиясининг Украинадаги ҳужуми, кузатувчилар таъкидлашича, паст суръатларда ривожланмоқда. Россия кучлари Украинанинг Изюм ва Попасная шаҳарларидан шарқда чекланган ютуқларга эришди, бироқ илгарилаш "суст ва нотекис", дейди Пентагон расмийси.
Бундан ташқари, Пентагоннинг таъкидлашича, Россия кучлари хавф-хатарни яхши кўрмайдиган кўринади, улар ҳаво ва қуруқликдаги урушларда ўз қўшинлари орасида талофатларга йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.
Британия ҳарбийлари, ўз навбатида, Украинага бостириб кириш пайтида Россия 120 дан ортиқ батальон тактик гуруҳларини жалб қилганини таъкидлайди, бу Россиянинг қуруқликдаги жанговар кучларининг учдан икки қисмини ташкил қилади.
Россия Мудофаа вазирлиги март ойи бошидан бери HeadHunter ва SuperJob фуқаролик иш қидириш сайтларида шартнома бўйича аскарлар ёллашга уринаётгани Россия армиясида одам етишмаётганига далолат қилади.
Ҳарбий ҳолатнинг жорий этилиши ва умумий сафарбарлик эълон қилиниши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда, уни кўплаб ҳарбий ёки ҳарбийларга яқин экспертлар ва блоггерлар қўллаб-қувватламоқда. Энг кўзга кўринган тарафдорлардан бири - 2014 йилда Донбассдаги жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этгани билан танилган Игор Стрелковдир (ҳақиқий исми Гиркин).
Мобилизация тарафдорларига кўра, Россия Украина билан урушда одам бошига катта устунликни таъминламасдан туриб ғалаба қозона олмайди.
Бироқ блогосферадаги кўпчилик ҳарбий вазият, ҳатто ҳуқуқ ва эркинликларнинг янада чекланиши, иқтисодий чоралар, мажбурий сафарбарлик билан бирга, аллақачон қийинчиликларни бошдан кечираётган жамиятда ижтимоий норозиликка олиб келишидан хавотирда.
Иқтисодиёт
Ҳарбий ҳолат мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳарбий ҳолат тўғрисидаги қонуннинг алоҳида бандида ташкилотларнинг позицияси кўрсатилган. Масалан, фирмалар ўз мулкларини мудофаа эҳтиёжлари учун тақдим этишлари шарт. Шу билан бирга, давлат ушбу мулкнинг нархини тўлаш мажбуриятини олади.
Тўғри, худди шу тамойилга кўра, ҳарбий ҳолат жорий этилган ҳудудда фуқароларнинг мулкини тортиб олиш мумкин бўлади. Ташкилотлар мудофаа мақсадидаги буйруқлар ва топшириқларни - тузилган шартномаларга мувофиқ бажаришлари шарт.
Фуқаролар, қонунга кўра, мудофаа эҳтиёжлари учун ишга жалб қилиниши мумкин. Шундай қилиб, улар қурол ишлатиш оқибатларини бартараф этишда, иқтисодий объектларни, ҳаётни таъминлаш тизимларини ва ҳарбий объектларни тиклашда иштирок этишлари, шунингдек, масалан, ёнғинларга қарши курашишда ёрдам беришлари керак.
"Ҳарбий ҳолат тўғрисида"ги қонуннинг 8-моддаси ҳарбий ҳолат даврида иқтисодий фаолиятга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган деярли ҳар қандай чораларни қўллаш имконини беради - хусусан, "хўжалик-молиявий фаолиятни амалга ошириш, мол-мулк, товарлар, хизматлар ва молиявий ресурсларнинг эркин ҳаракатланишига вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин, […] банкротлик ҳолати эълон қилиш тартиб-қоидалари ва шартлари».
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














