Қандай қилиб жосуслар Украина уруши олдини олишга ҳаракат қилдилар? Ukraina Rossiya

Satellite image of Luninets airfield, Belarus
Сурат тагсўзи, Россия Украина босқинига қўшин тўплашни бошлаган пайти Беларусдаги Лунинец аэродромининг сунъий йўлдошдан олинган фото сурати
    • Author, Гордон Карера
    • Role, Би-би-сининг хавфсизлик бўйича мухбири

Одатда жосуснинг иши тўплаган маълумотини сир сақлаш. Бироқ Украина босқини яқинлашар экан, Ғарб жосуслик идоралари ўзларида бор маълумотни дунёга ошкор этишга қарор қилдилар.

Short presentational grey line

Февраль ойида деярли ўн кун давомида разведкачиларнинг кичик гуруҳи уйқуга эртароқ ётди.

Улар разведка маълумотлари урушни башорат қилаётганини билардилар ва агар Россия ҳақиқатан ҳам Украинага бостириб кирмоқчи бўлса, эрта тонгда бошлаши аниқ эди.

Аммо ниҳоят 24 февралда хабар келганида, барибир ишонгилари келмасди, деб эслайди улардан бири: "Мен эрталаб уйғониб, радиони ёқмагунимча, бу ҳақиқатан ҳам содир бўлаётганига ишонишим қийин эди".

Бир неча ой давомида улар огоҳлантирувчи сигнал беришди.

"Ўша куни одамлар "Нега бунчалик ваҳима қиласиз?" деган саволни "Нега кўпроқ ваҳимага тушмадингиз?" саволига алмаштиришди", дейди расмий.

Бошқа бир истиҳборот ходимининг қўшимча қилишича, ҳақ бўлиб чиққанларидан қониққанлари йўқ.

Лекин ҳеч бўлмаганда улар ойлар давомида огоҳлантирилган уруш олдини олишга ҳаракат қилишаётганини ҳис қилишарди.

Украина Давлат Чегарани қўриқлаш хизмати ходими Россия билан чегарадаги патрул пайти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украина Давлат Чегарани қўриқлаш хизмати ходими Россия билан чегарадаги патрул пайти

Уруш арафасида ва ундан кейинги ҳафталарда Америка ва Британия истиҳборот хизматлари мисли кўрилмаган кампанияда ўзларининг энг яхши сақланган сирларини ошкор қилдилар.

Ўнлаб йиллар давомида разведка маълумотлари, одатда, имкон қадар камроқ одам билан бўлишиларди. Энди ундай бўлмай қолди. Бу ҳақда бутун дунёни хабардор қилишга қарор қилинди.

Бу нафақат Ғарб истиҳборотиининг иш услубидаги кескин ўзгаришни, балки Ироқ босқинининг оғриқли меросига қарши туришни ҳам англатарди.

Россия нимани кўзлаётганининг илк белгилари бир йил олдин пайдо бўлди. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар маълумотларига кўра, Россия қўшинлари Украина яқинида тўпланганди. Аммо таҳлилчилар Москванинг асл ниятларини етарлича тушунмадилар.

Бу 2021 йил ўрталарида ўзгарди. "Ёздан буён биз юқори мартабали шахсларнинг кичик гуруҳи бутун мамлакат бўйлаб тўлиқ ҳарбий босқинни режалаштираётганини кўрдик", деб тушунтиради Ғарб истиҳбороти вакилларидан бири.

Иштирокчиларга кўра, разведка маълумотларини тўплаш ва таҳлил қилиш "оилавий" операция деб аталадиган АҚШ ва Буюк Британиянинг қўшма амалиёти бўлган. Маълумотлар бирдан олинмаган, балки вақт ўтиши билан аниқроқ бўлиб борган эди.

Ахборотнинг аниқ келиб чиқиши махфийлигича қолмоқда, расмийлар бу бир нечта манбалардан олинганлигини тахмин қилмоқда. Аммо босқин режаси аниқроқ бўлиб борар экан, Лондон ва Вашингтон кўз ўнгида манзара тиниқлаша борарди.

Владимир Путин афтидан Украинани Россиянинг таъсир доирасига қайтариш бўйича ўз амбицияларини рўёбга чиқариш учун тезда ҳаракат қилиш керак деб ўйлаган. Ва у буни қилишнинг ягона йўли куч ишлатиш, деб ҳисоблаган. "У ўз имконияти ойнасини ёпаётгандек ҳис қилди", дейди бевосита иштирок этган бир киши.

Кузга келиб, Вашингтон ўз жосуслари етказаётган маълумотлар бўйича бирор чора кўриш керак, деб қарор қилди. Бу қарор, иштирокчиларнинг фикрича, Оқ уйнинг энг юқори даражасида президент Байден томонидан қабул қилинган.

Ноябрь ойи бошида АҚШ Марказий Разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс Вашингтон барча режалалардан воқифлигини билдириб қўйиш учун Москвага борганида ҳал қилувчи дақиқалар келди. Сафар сир сақланмаган. Бир амалдорнинг сўзларига кўра, баъзи россиялик амалдорлар ўз мамлакатлари Украинага қарши жиддий ҳаракат қилиш ниятида эканлигини биринчи марта Марказий Разведка бошқармаси директоридан эшитганлар.

Кейинги қадам баъзи жосуслик маълумотларини оммага чиқариш бўлди. Муҳокамаларда қатнашган, бошқалар каби исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган бир киши: "Агар қўлимиздан ҳеч нарса келмаса, буларнинг барчасини билишдан нима маъно?" деб савол беришганини эслайди.

Ноябрь ойида Вашингтонда НАТО иттифоқчиларига маълумот берган Миллий Разведка директори Аврил Хейнс ва Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан маълумотларни ошкор қилишга ундаганлар. Хатарларни таҳлил қилишга ўқитилган экспертлар жосуслик маълумотларининг қанчасини қандай шаклда ошкор қилиш устида ишлай бошладилар.

"Разведка ҳамжамияти махфий маълумотларни иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан алмашиш учун кўриб чиқиш ва айримларини махфийликдан чиқариш жараёнида маълумот манбаларини ҳимоя қилиш усулларини кўриб чиқиш учун ходимлар ва ресурсларни кўпайтирди", деди АҚШ разведка ҳамжамияти вакили Никол де Хаай Би-би-сига.

Бир қулай жиҳат, масалани асослаш учун сотиб олиш мумкин бўлган сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланиш имконияти эди. Декабрь ойи бошига келиб, "Washington Post" газетасида Россиянинг 175 000 кишилик босқинчилик режалари ҳақида батафсил маълумот пайдо бўлди.

Лондонда GCHQ ва MI6дан келаётган маълумотлар баъзи доираларда деярли ишончсизлик билан кутиб олинди. Ҳукумат ичида ва ташқарисида кенг тарқалган муаммо шундаки, одамлар XXI асрда Европада уруш бошланиши мумкинлигига ишона олмасдилар.

Лондондаги MI6 бош қароргоҳида олинаётган жосуслик маълумотларига ишончсизлик билан қараш ҳам бўлди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Лондондаги MI6 бош қароргоҳида олинаётган жосуслик маълумотларига ишончсизлик билан қараш ҳам бўлди

Фақат йил охирида - материаллар расман баҳолангандан сўнг ва Бирлашган разведка қўмитаси босқиннинг "эҳтимоли юқори"лигини эълон қилгандан сўнг, ҳамма бу нима эканлигини тушуна бошлади.

Бу қадар эҳтиёткорлик сабаби қарийб йигирма йил олдин олинган сабоқларнинг бевосита натижаси эди, ўшанда истиҳборот маълумотлари Ироқдаги урушга жамоатчиликни хайрихоҳ қилиш учун тасодифий, кутилмаган тарзда ишлатилган эди. 2003 йилда сиёсийлаштириш айбловлари фонида америкалик ва инглиз жосусларининг обрўсига путур етди, айниқса, разведка маълумотлари нотўғри бўлиб чиққанидан кейин.

Ўшандан бери истиҳборот маълумотларини оммага чиқариш бўйича баҳслар давом этади, аммо Украина бу қора доғдан қутулишга имконият берди. Махфий маълумотлардан қандай фойдаланиш мумкинлигини белгилайдиган, жиддий баҳолаш жараёнини таъминлаш учун янги тартиблар жорий этилди.

Бошқа иттифоқчилар ҳам хабардор қилинган. Аммо кўпчилик шубҳа билан қаради. Разведка манбасини ошкор қилмаслик баъзан бу ишончсизликни бартараф этишни қийинлаштирарди, дейди расмийлардан бири.

Айрим европалик ҳамкорлар Россиянинг нияти жиддийлиги ҳақидаги таҳлилга ишонмадилар. Англия-Америка разведкасига шубҳа билан қараш ҳам Ироқда оммавий қирғин қуроллари топилмаганидан қолган яна бир мерос эди. Яқинда Франция ҳарбий истиҳборот хизмати раҳбарини режалаштирилаётган босқинни баҳолай олмагани учун ишдан бўшатди.

Материални оммага чиқаришдан жосусларнинг бу қадар қўрқиши сабабларидан яна бири шуки, у маълумот манбаларининг ишончини йўқотиши ва улар бошқа ҳамкорлик қилмай қўйиши мумкин эди. Шунинг учун Буюк Британия Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Блетчли Парк сирини жуда эҳтиёткорлик билан сақлаган эди. Ироқ урушидан бери Сурияда кимёвий қурол қўллангани каби разведка маълумотлари эълон қилинган ҳолатлар ҳам бўлди, лекин ҳеч қачон Украина бўйича бўлганчалик миқёсда эмас.

Чиқарилган маълумотда Британия Россиянинг Киевда ўрнатажак қўғирчоқ ҳукумати таркибига киражак аниқ шахслар ҳақидаги тафсилотлар ҳам бор эди, Вашингтон эса Москва уруш бошлаш учун сохта байроқ амалиётини ўтказмоқчилиги, унинг гўё украиналиклар томонидан ўлдирилган деб жасадларни намойиш қилиш режаларини ошкор қилди.

Америка ва Британия жосуслари фикрича, ушбу материалнинг эълон қилиниши Москвага ушбу босқинни ўз халқи ва бошқа мамлакатлар олдида ўзини ҳимоя қилиш ҳаракати сифатида оқлашига имкон бермади.

Жосуслардан бири босқингача бўлган кунлар ҳақида, у ҳеч қачон бундай нарсаларни кўрмаганлигини айтади: бугун унинг столида турган ўта махфий материаллар эртаси куни оммага эълон қилинарди.

Аммо мисли кўрилмаган разведка маълумотлари босқинни тўхтатиш учун етарли бўлмади.

Оммага фош бўлиши Москвани тўхтатмади. Бу ҳеч қачон мумкин бўлмаган бўлиши мумкин, аммо расмийлар бу Россиянинг режаларини барбод қилганига ишонадилар. Бу Ғарбдаги реакция бошқа ҳолатлардан кўра кескинроқ ва бирдамроқ бўлишини англатарди, дейди улар.

Уларнинг таъкидлашича, бошқа давлатлар ҳақиқий тажовузкор кимлигини билмай иккиланиб турганидан кўра, қаттиқроқ чоралар кўриш учун ҳаммаси ошкор бўлгани яхши эди.

Жосуслик маълумотлари босқин бошлангандан кейин ҳам нутқлар, баёнотлар ва брифингларда айтилаверди - GCHQ раҳбари бир ҳафта олдин Путин ҳали ҳам ўз расмийларидан аҳволни тўла кўрсатувчи маълумот ололмаётгани ва кимёвий қуроллар қўллаш учун "ёлғон байроқ" эҳтимоли борлигини айтди.

Шунингдек, янги дунё шаклланди, бунда очиқ манбали разведка, масалан, сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар ва маълумотлар даъволарни текшириш ёки тасдиқлаш имконини беради ва Россия даъволарига қарши туриш, ахборот уруши, шу жумладан, разведка орқали курашиш ҳам ҳаётий аҳамиятга эга.

Бир томондан, маълумотларнинг аксарияти нуқтасига урган эди. Башорат қилинганидек, Зеленский ҳукуматини ағдариш ва алмаштириш учун бир неча йўналишда тўлиқ босқин бўлди.

Москва ўзи кутмаган қаршиликка учрашини ҳам Ғарб жосуслари тўғри башорат қилган. Ғарб разведкаси ходими: "Улар ўзларини кўтарилган байроқлар билан кутиб олишларига чин дилдан ишонишган", дейди.

Аммо бир тахмин нотўғри чиқди - Москва ҳарбийлари бир неча ҳафта ичида ғалаба қозонади деган тахмин. Аксинча, уруш кўпчилик кутганидек бўлмади: Украина ҳарбий жиҳатдан юқори натижа кўрсатди, Россия эса кутилганидан паст натижа.

Бу разведканинг ўз чегаралари борлигини эслатиб туради - айниқса, урушнинг баъзи мураккабликларини, руҳий ноаниқлик ва одамларнинг реакцияларини башорат қилишда. Ғарб жосуслари урушгача бўлган вазиятда муваффақият қозонганига қарамай, разведка уларга бундан кейин нима бўлишини аниқ айтолмаслигини тан олишади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.