Толибоннинг сиёсий лидери Байден, Трамп ва Си Цзинпин сафидан жой олди Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Time - обрўли АҚШ нашрининг янги рейтинги кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди. Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд яна сарлавҳаларга чиқди.
Журнал Толибон сиёсий лидерини кечаётган йилнинг энг нуфузли 100 та одамидан биттаси, деб топди.
Янги рейтингда Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд АҚШ ва Хитой президентлари билан бир сафдан жой олди.
У Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳамасосчиси, Олий лидерининг сиёсий масалалар бўйича муовини, Қатардаги ваколатхонасининг раҳбари ва муваққат Бош вазирининг иккита ўринбосаридан биттаси бўлади.
Time нинг бу йилги рейтинги Толибон Афғонистонда қудратга қайтганига роппа-роса бир ой бўлган куни эълон қилинди.
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд жамоатчиликка кўриниш бермай қолган, янги муваққат ҳукумат таркиби ва Афғонистондаги ғалабаларининг меъмори ким бўлгани юзасидан ўзининг айрим сафдошлари билан қаттиқ тортишиб, пойтахт Кобулни тарк этганига оид хабарлар манзарасида бўй кўрсатди.
Янгилик сиёсий лидерларининг ҳозир жанубий Қандаҳор вилоятида эканини айтган Толибон вакилларининг бир-бирига зид баёнотларидан унинг нега у ерда экани саволи ҳамон очиқ қолаётган бир пайтга тўғри келди.
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунднинг Қочқинлар масалалари бўйича муваққат вазир, Толибон қуролли қаноти - Ҳаққоний жангари гуруҳининг етакчиларидан бири Халил ар-Раҳмон билан тортишиб қолганини шахсан ўзи ошкора рад этиши учун пойтахт Кобулга келиши кутилган, аммо бу хабарлар ҳали-ҳануз ўзининг тасдиғини топмаган.
Орада Мулла Абдул Ғани Бародар Ахундники, деб эълон қилинган аудиомурожаатда эса, у ўзининг соғ-омон эканлигини таъкидлаган.
Би-би-си ҳалича бу аудиомурожаатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлай олмаган.
Бунга Толибон манбалари тасдиқлаган худди ана шу жанжал оқибатида Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунднинг яраланиб, сўнгроқ ҳаётдан кўз юмганига оид гап-сўзлар сабаб бўлган.
Толибон 15 август куни Афғонистон назоратини яна ўз қўлига олган, саноқли ҳафталарнинг ичидаёқ уни қайта Исломий Амирлик, деб эълон қилган.
Маълум бўлишича, ар-Раҳмон ва унинг тарафдорлари билан тортишуви чоғида Мулла Абдулғани Бародар Ахунд ҳаракатнинг Афғонистондаги ютуғини ўзлари олиб борган дипломатиянинг натижаси, деб баҳолаган.
Кеча, пайшанба куни Толибоннинг Доҳадаги сиёсий идораси томонидан унинг янги видеоинтервьюсидан парча эълон қилинган.
Унда Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд ораларида ҳеч қандай тортишув бўлмагани, битта оиладек иноқ эканликлари, ўзининг Кобулда бўлмагани, интернетга имконсиз экани боис, бу каби сохта хабарларни ўз вақтида инкор қила олмаганини айтган.
Йилнинг энг нуфузли одамидан биттаси

Сурат манбаси, official
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд учун тавсифни эса, покистонлик таниқли журналист, Толибон ва жангарилик ҳақидаги қатор китоблар муаллифи Аҳмад Рашид ёзган.
Муаллиф ўзининг Time учун ёзган ана шу тавсифида Мулла Абдул Ғани Бародар Ахундни толиблар орасида ҳаракатнинг ҳамасосчиси сифатида ҳурматга лойиқ шахс эканини айтган.
Уни жозибали ҳарбий етакчи ва ўта диндор инсон сифатида тасвирлаган.
Аҳмад Рашиднинг ёзишича, Толибон айнан Бародар олиб борган музокаралар шартлари асосида Афғонистонни шиддат билан қайта қўлга киритган.
Собиқ ҳукумат аъзоларининг афв этилиши, Кобулнинг бирор бир қон тўкишларсиз олиниши, Толибон тузуми ўрнатган алоқалар, қўшни давлатлар, хусусан Хитой ва Покистонга сўнгги ташрифлар билан боғлиқ барча муҳим қарорларнинг ҳам айнан унга нисбат берилишини айтган.
Ҳозир эса, Бародар Афғонистон келажагининг таянчига айланган шахс бўлади, дейди Аҳмад Рашид.
Унга кўра, Бародар камдан-кам ҳолларда очиқ баёнот ёки интервью бериб турадиган, оғир-босиқ, одамови инсон эканига қарамай, Толибон ичидаги мўътадил оқимни намоён этади.
Ҳаракат эса, Ғарбнинг қўллови ва ўзларига жуда зарур бўлган молиявий кўмакни олиш учун худди шу қанотига орқа қилади.
Аммо АҚШни Афғонистондан чиқиб кетишга кўндирган бу инсоннинг ўз ҳаракатига ҳам худди шундай таъсир ўтказа олиши-олмаслиги ҳозирча маълум эмас, дейди ўз тавсифи сўнггида Аҳмад Рашид.
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд

Сурат манбаси, Getty Images
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд Афғонистон Толибон ҳаракатининг тўртта ҳамасосчисидан бири саналади.
Ҳозир муваққат Бош вазирнинг иккита муовинидан биттаси бўлади.
У бунгача Толибон Олий лидерига сиёсий масалалар бўйича ўринбосарлик қилган.
Толибоннинг Бош музокарачиси ва юзи бўлган.
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд бир АҚШ президенти билан тўғридан-тўғри мулоқот қилган ягона Толибон лидеридир.
У 2020 йилда президент Дональд Трамп билан телефон орқали сўзлашган.
Расмий Вашингтон билан худди ўша йилги "тарихий" битимни ҳам Толибон номидан айнан Мулла Абдулғани Бародар Ахунд имзолаган.
АҚШ ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари худди шу келишув асосида Афғонистонни буткул тарк этишган.
Ҳаракатнинг ғалабасини ҳам расман у эълон қилган, Толибон лидерлари орасидан биринчи бўлиб Афғонистонга ҳам қайтган.
Мулла Абдулғани Бародар Ахундни яқиндан билганлар оғир-босиқ дипломат, керагидан ортиқча гапирмайдиган, орзу-ҳавасли одам эканини айтишади.
Ўзбекистон ва Мулла Бародар

Сурат манбаси, official
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд 2019 йилда амалий ташриф билан Ўзбекистонда ҳам бўлиб қайтган. Ўшанда Толибон сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъатига бошчилик қилган.
Ҳайъат Тошкентда музокаралар олиб борган, Ҳайит намозини ўқиган, қадим Самарқандни зиёрат ҳам қилган.
Тошкентдаги музокаралар чоғида Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашларини баён қилган.
Улар сирасида Ўзбекистоннинг Мозори Шарифга темир йўл ётқизиш, Афғонистон шимолини электрлаштириш каби лойиҳаларини тилга олиб ўтган.
Толибон ҳайъати ўшанда бу ишлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишига хизмат қилишини билдирган.
Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.
Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Бародар Ахунд ўзларининг АҚШ билан имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини айтган.
"Худди шу нуқтаи назардан, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни таъкидлаган.
"Ўзбекистон билан қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланиши, илиқ ва самимий муносабатлар ҳар икки мамлакат барқарорлиги учун хизмат қилишига ишончи комиллиги"ни билдирган.
Толибон ҳаракати сиёсий идораси Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллик санаси муносабати билан мамлакат ҳукумати ва халқига йўллаган табрик мактубида ҳам худди шу ваъдаларини яна бир бор табриклаган, "шерикларимиз", деб атаган.
Сана сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни тарк этган ва мамлакат назорати тўлиқ Толибон қўлига ўтган бир кунга тўғри келган.
Ўзбекистон Толибон мустақиллиги куни билан устма-уст расман қутлаган биринчи Марказий Осиё давлати бўлганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















