Шариат ҳукми остида яшаш аёл учун нимани англатади? Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

- Author, Сваминатан Натаражан
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
Кўплаб турли давлатлар Ислом қонунчилиги асосида бошқарилади, аммо шариат ҳукми остида яшаш турли давлатларда турлича кўриниш олади. Беш нафар аёл Би-би-сига бундай ҳаёт улар учун қандай кечаётганини сўзлаб берди.
Толибларнинг Афғонистондаги биринчи ҳукмронлиги даври ўзининг шафқатсизлиги, аёллар ҳуқуқларининг кескин чеклангани, уларнинг таълим олиш, ишлаш ва умуман ҳар қандай ижтимоий ролдан четлатилгани билан тарихда қолган.
Бу сафар жангарилар аёллар ҳуқуқлари шариат чизган чизиқдан чиқмаслигини айтишди, аммо бу аниқ нимани англатиши ҳамон аниқ эмас.
Умуман олганда, шариат Худонинг буйруқларига кўра яшаш, ибодат қилиш, рўза тутиш, камбағалларга хайр эҳсон қилишдир.
Шариат, шунингдек, Исломнинг легал тизимидир. Айрим исломий маҳкамалар белгилайдиган жазоларнинг қаттиқлигини инсон ҳуқуқлари гуруҳлари мунтазам танқид қилиб келади, аммо шариатнинг тадбиқ этилиши дунёнинг турли жойларида турлича.
Гарчи сиёсий эркинликлар борасида чекловлар бўлиши мумкин эса-да, шариатга асосланган аксар давлатларда аёлларнинг шахсий ҳаёти Толибон 1990-йилларда жорий қилган шароитчалик чекловчи эмас.
Би-би-си Саудия Арабистони, Нигерия, Эрон, Индонезия ва Брунейда истиқомат қилувчи беш нафар аёлдан уларнинг шариат ҳукми остидаги турмуши ҳақида сўради.
"Анча эркинроқ мамлакат"

Сурат манбаси, Hannan Abubakar
Ўзим асли танзанияликман, аммо ҳаётимнинг асосий қисмини Саудия Арабистонида ўтказиб келяпман, дейди Ҳаннан Абубакар.
Мен ҳинд таълим дастури асосида ўқитувчи халқаро мактабга борганман. Мактаб автобусларида ўғил ва қиз болалар алоҳида ўтирар эди. Ошхонада ҳам ўғил болалар ва қизлар бурчаклари алоҳида эди. Айрим предметларни эркак муаллимлар ўтса ҳам, аксар вақт қизлар ва ўғил болалар бошқа бошқа синфхоналарда бўлардик.
Қизларга спорт ўйинларида қатнашишга рухсат беришганди, аммо ўғил болалар билан аралаш эмас ва биз турли кунларда спорт тадбирларини ўтказардик. Муаллимлар ҳам қизларни камситмасди.

Сурат манбаси, Hannan Abubakar
Саудия Арабистони ҳозир анча эркинроқ мамлакат.
Аёллар ёлғиз сафар қилиши, машина бошқариши мумкин. Яқинда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчиман.
Бир неча йил аввал кинотеатрлар йўқ эди, ҳозир бор. Улар мен борадиган севимли жойларимдан.
Юзимни ёпмайман, рўмол ҳам "мажбурий" эмас.
Авваллари ресторанларда оилалар учун ва алоҳида одамлар учун жойлар бўларди. Ҳозир бунақа ажратиш йўқ. Жамоат жойларда аёл ва эркаклар аралашиб ўтириши мумкин, масалан, эркак ҳамкасбим билан чиқиб тушлик қилишим мумкин.

Сурат манбаси, Hannan Abubakar
Аммо бу мусулмон мамлакати, шунинг учун тунги клублар, барлар ва ҳк.лар йўқ. Алкогол тақиқланган.
Мен Жиддада хусусий секторда ишлайман. Менинг компаниямда, одамларга жинсига кўра эмас, ишига кўра ҳақ тўланади.
Ёшим 30да, қачон ўз шаҳзодамни учратсам, ўшанда турмушга чиқаман. Ота онам тушунади, улар мени мажбуран узатишмайди.
Айримлар ислоҳотлар жуда секин кечяпти дейди. Аммо онам мен туғилмасдан аввал саудиялик эди, у ўзгаришларни жуда тез дейди.
"Алкогол тақиқланган, аммо одамлар зиёфатларда ичади"

Сурат манбаси, Mahsa
Эронда аёл дуч келадиган чекловлар даражаси унинг ижтимоий келиб чиқишига боғлиқ, дейди Маҳса. (Маҳса шахсий хавфсизлиги боис, асл исмини айтмаслик ва юзини кўрсатмасликни сўради.)
Эрон жамиятини учга бўлиш мумкин. Айримлари жуда диндор, тор фикрли ва хурофотга берилган. Улар ҳатто қизлари ё сингилларини йигити билан муносабати учун ўлдириши мумкин.
Иккинчи гуруҳ менинг оиламга ўхшайди - шаҳарнинг ўрта синфи. Уларнинг асосий эътибори таълим ва иш ўрнидир.
Учинчи гуруҳ қонунга бўйсунмайдиган камсонли бой элитадир.
Мен Теҳронда туғилиб ўсганман. Мактабим ва университетда ўғил болалар билан ўқиганман.
Аксар эронлик ота-оналар болалари тиббиёт ёки муҳандисликка ўқишини истайди, аммо мен стоматология коллежига кира олмай, инглиз тилини ўргандим. Мен болалар боғчасида таълим бераман.
Эронда аёллар турли шаҳарларга сафар қилади. Ёлғиз аёл уй ижарага олиши ва ёлғиз яшаши мумкин. Улар меҳмонхонадан ҳам хона олиши мумкин.
Машинам бор, шаҳар бўйлаб бемалол юраман. Ёнимда эркак маҳрам бўлиши шарт эмас, аммо рўмол мажбурий.

Сурат манбаси, Mahsa
Агар диний полиция ёш йигит ва қиз беадаб иш қилаётганини ёки аёл калта юбкада юрганини кўрса, уларда муаммо чиқиши тайин. Полиция одатда улардан пора олиб қўйиб юборади.
Баъзида айбланувчилар полиция идорасига олиб борилади, уларнинг ота-оналари чақирилиб, изза қилинади.
Мен йигитим билан унга турмушга чиққунимга қадар тўрт йил учрашиб юрганман. У билан кинога, паркларга, ҳар жойга борардим. Омадим бор экан. Ҳеч ким бизни тўхтатиб, турмуш қурган ё қурмаганимизни текширмаган.
Ота-онам қаттиққўл эди. Улар доим мени уйга 21:00дан кечикмай келишимни тайинлашар, дўстларим билан саёҳатларга чиқишимга рухсат беришмасди. Турмуш қургач, анча эркин бўлдим.
Алкогол тақиқланган. Бизда барлар йўқ. Аммо одамлар уни яширинча сотиб олиб ичади. Ўзим ичмайман - мазаси ёқмайди.
Бола кўришни истамайман, энага олишга маошимиз етмайди. Уйга, болаларга, эримга қараш менга оғир бўлиб кетади.
Мен Худога ишонаман, аммо диндор эмасман. Ҳар куни ибодат қилмайман.
"Шариат бошқа ҳар қандай қонундан яхшироқ"

Сурат манбаси, Huwaila Ibrahim Muhamma
Мен шариат ҳуқуқшуносиман ва 18 йилдан бери Кано, Абужа ва Лагосда ишлайман, дейди нигериялик Ҳувайла Иброҳим Муҳаммад.
Мен шариат асосидаги легал тизимга ишонаман. Нигериянинг 12 штатида шариат ҳам оила, ҳам жиноят қонунчилиги саналади. Мен ҳам шариат судлари, ҳам дунёвий судларда ишлайман. Шариат судларида фақат эркак судьялар бўлади, аммо аёллар у ерда қўрқмай тортишиши мумкин.
Айбланувчини кечириб юборишнинг йўллари ҳам кўп. Судья жазо тайинлашдан олдин айбни юмшатувчи барча факторларни ҳисобга олиши керак.
Айрим жиноятларда айбдорларга очиқ суднинг ўзида дарра урилади, аммо ҳали бирорта аёл бундай жазоланганини кўрмадим. Тошбўрон қилиш учун чиқарилган бир неча ҳукм халқаро танқидлар боис, ижро этилмай қолган. Исломда зино учун тошбўрон қилинади.
Мерос масаласига келганда эркаклар аёллардан икки баробар кўпроқ олади. Бу жуда адолатсиздек кўриниши мумкин, аммо бу ҳам бежизга эмас - аёлларга ҳеч қандай молиявий масъулият юкланмайди. Уларни ҳимоя қилиш оталар, ака-укалар ва эрларнинг вазифасидир.

Сурат манбаси, Huwaila Ibrahim Muhamma
Тўғри, эр хотинини уриши мумкинлиги ҳақида оят бор - буни эр гўё урмоқчи бўлгандек ўзини тутиши ёки жуда енгил уриши маъносида тушуниш керак. Хотинга зарар, жароҳат бериш мумкин эмас.
Айрим аёллар зўравон эрларини судга беради. Мен бир неча шундай ишларда қатнашиб, ютиб чиққанман. Жинсидан қатъиназар, ҳаммага адолат қилинади.
Нигерияда юзингизни ёпиб юришингиз шарт эмас. Бу ерда аёллар баданини тўла ёпиб юради, калта юбка кийганни кўрмайсиз. Тўла ёпадиган либос киймаган, бошини ўрамаган аёлларни жазолаш тўғри эмас. Аёллар танлаш ҳуқуқига эга.
Агар шариат рисоладагидек қўлланса, у бошқа исталган қонундан яхшироқ.
"Нима тўғри, нима нотўғрилигини биламан"

Сурат манбаси, Izzati Mohd Noor
Мен Брунейда туғилиб ўсганман. Британия ҳукумати стипендиясини ютгач, 17 яшарлигимда у ердан кетганман, дейди Иззати Моҳд Нур.
Мен Лондонда кимё соҳасида бакалавр, магистр ва фалсафа доктори бўлганман. Сўнг инвестиция банкида дастурий таъминот билан шуғулланувчи бўлиб ишладим.
Бир неча ҳафта аввал ватанимга қайтдим. Бу ерда аксар аҳоли мусулмон. Никоҳ, ажрашиш ва мерос масалаларида шариатга амал қилинади. 2014 йилдан бошлаб, жиноят ишларига ҳам татбиқ этила бошлади. Аммо ҳозиргача бирорта ҳам оғир жазо ижро этилгани йўқ.
Аёллар нимани истаса шуни кияди. Бирор спорт залига борсангиз, румол ўраганини ҳам, спорт сийнабандида юрганларни ҳам кўрасиз. Бизда уларни жазолайдиган диний полиция йўқ.
Мактабда бизга Исломнинг беш устуни, Ислом иқтисоди ва шариат қонунчилиги ҳақида ўқитишган. Эрталаблари табиий фанлар ва математика каби предметларни ўрганардим. Тушдан кейин диний мактабга борардим, у ерда эркак ва аёл муаллимлар бўларди.

Сурат манбаси, Izzati Mohd Noor
Шариатга кўра, ака укалар опа сингилларидан кўра икки баробар кўпроқ мерос олади. Аммо бизнинг давлатда кўп одамлар васият ёзиб қолдиради. Ана шу васиятлар Ислом қонунидан устун келади.
Мен дин буюргандек кунлик беш маҳал намоз ўқимайман, аммо қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Ёшлигимда ота онам намоз масаласида қаттиққўл эди. Аммо мен намоз ўқимасдан кўп вақтимни ўтказдим, сўнг йўлимни топдим.
Мен учишни ўрганиб, учувчилик гувоҳномасини олганман. Учиш машғулотларида йигитимни учратганман, у шимолий Германиядан. У билан муносабатим бошланган заҳоти ўзимнинг диндорлигимни ва исломий муҳитда оила қуришни исташимни айтганман. У менинг истагимни ҳурмат қилиб, Исломни қабул қилган. Яқинда никоҳдан ўтамиз.
Айрим мусулмон уламолар никоҳда бўлмаган эркак ва аёл бирга вақт ўтказмаслиги керак дейди. Аммо мен турмуш қуриб, бир умр бирга яшамоқчи бўлган одамлар никоҳдан олдин бир-бирларини ўрганишлари керак деб ҳисоблайман.

Сурат манбаси, Izzati Mohd Noor
Мен динга кўра нима тўғри ва нима нотўғрилигини биламан. Ва ўзим учун нима тўғрию нима нотўғрилигини ҳам биламан. Булар фарқли нарсалар.
Рўмол ўрамайман. Айримлар мени нормал мусулмон ҳисобламайди. Аммо мен учун бу мен ва Худо ўртасидаги масала. Агар мен қилаётган иш Худога манзур бўлмаса, Худогагина тавба қиламан.
Менимча, Брунейдаги жуда оз аҳоли жуда консерватив - аксарияти эса анча толерант.
Таълим олиш, маҳоратни ошириш Исломдаги муҳим қадрият. Аёллар ўқимаслиги керак деган ғоя қаердан келиб қолганини тушунмайман. Мен учун бу ғайриисломий ғоя.
Мен ҳар куни яхшироқ мусулмон бўлишга интиламан.
"Бу эътиқодимнинг бир қисми"

Сурат манбаси, Nasyiratu Dina
Мен иқтисод талабасиман, ёшим 19да, шунингдек, эркак раҳбарга ўриндошлик асосида котибалик қиламан, дейди индонезиялик Насиратудина. Бўш вақтларимда болалар боғчасида тарбиячилик қиламан.
Мен Ачеҳ Бесарда туғилиб ўсганман. Индонезия дунёдаги энг катта мусулмон аҳолига эга мамлакат, аммо фақат Ачеҳ вилоятида шариат асосида бошқарилади.
Беш маҳал намоз ўқийман. Шариат эътиқодимнинг бир қисмидир. Мен қаттиқ жазоларни қўллаб қувватлайман - улар жиноятчилик олдини олиш учун керак.
Мен узун кўйлакда, рўмол ўраб юраман, аммо юзимни ёпмайман. Бу ерда аёллар калта иштон ёки юбка кийиб юролмайди.
Мен ўзим истаганда эркин бўлишим мумкин. Университетда йигит ва қизлар бир аудиторияда ўқиса ҳам, алоҳида парталарда ўтиришади. Йигитлар билан гаплашишга тақиқ йўқ. Улар билан гаплашаман, аммо кўп эмас.

Сурат манбаси, Nasiryatu Dina
Айрим дўстларим севиб қолган. Севиш яхши нарса. Никоҳда бўлмаган қиз ва йигитлар жамоат жойда бирга юриб, бир бирига ҳиссиётини кўрсатмайди. Кўп аёллар никоҳдан олдин жисмоний алоқадан тийилади, чунки бу Исломда тақиқланган.
Йигит ва қизлар гуруҳ бўлиб бирор ерга бориши мумкин - биз савдо марказларига, ресторанларга ва диний масканларга борамиз. Бу ерда кинотеатрлар йўқ. Шуниси ёмон. Кинони ТВда кўраман, ижтимоий тармоқларда фаолман. Мусиқани яхши кўраман, мусиқий танловларга ҳам қатнашиб, ўрин олганман.
Исломда эркак тўрттагача аёлга уйланиши мумкин. Аммо мен кимнингдир иккинчи, учинчи ёки тўртинчи хотини бўлмоқчи эмасман. Ҳар бир аёлнинг ўзигагина тегишли эри бўлиши керак.
Мен бизнес лидер бўлишни истайман ва болалар боғчаси ташкил қилдим.
Мен афғон аёлларига ачинаман. Мен узоқ яшаб, Фаластин, Афғонистон, Сурия, Эрон ва барча мусулмон аҳоли тонгни бомба овози билан эмас, қушлар сайроғи билан қаршилашини кўришни умид қиламан.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














