Фавела ва прописка ёки ҳувиллаб қолган шаҳар...

Сурат манбаси, Reuters
Яқинда Россия интернет нашрларида Марказий Осиё шаҳарлари атрофида кетаётган “фавелизация” жараёни ҳақида мақолалар пайдо бўлди. Одатда ривожланаётган дунёнинг йирик шаҳар мегаполислари таркибида пала-партиш қурилган уй-жойлари фавела деб аталади.
Бундай ҳолатларни кўпинча Бразилиянинг Рио-де-Жанейросида ва Ҳиндистоннинг Мумбайида кўриш мумкин. Россия нашрлари Марказий Осиёнинг фавелалари ижтимоий норозиликларга туртки бўлиш эҳтимолидан огоҳлантиришади. Бироқ ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевичга кўра, Тошкент атрофида фавелаларга йўл қўйилмаслигининг асосий сабаби – прописка тартибининг жорий этилишида.
А. Волосевич: Қозоғистон билан Қирғизистон билан солиштирганда Ўзбекистон учун бу муаммо долзарб эмас. Чунки Ўзбекистонда ҳаёт қатъий регламентлашган деб айтиш мумкин. Тошкентда ҳамон прописка режими амал қилмоқда. Яъни вилоятлардан келган одамларни пойтахтга қўйишмайди. Бунга ўхшаш вазият бошқа шаҳарларда ҳам кузатилади. Олис ва четдаги ҳудудларда уй-жой сотиб олиб, пропискани қўлга киритиши мумкин. Бироқ ўзи учун қуриб ўша уйчада яшаши, яъни Мехико ёки Истанбул атрофларидаги ҳолат Ўзбекистонда учрамайди. Икки йил олдин мен Қашқадарё вилоятининг ўтмишда саноати ўта ривожланган Муборак шаҳрида сафарда бўлгандим. У ерда кўп одамлар ёппасига лойдан ясалган “коробка” уйлар қураётганларига аҳамият бердим. Ўйлашимча, маҳаллий ҳокимият бу одамларга қурилиш учун айрим ерларни ажратиб, шу ерда қурасизлар деб айтган бўлса керак. Тошкентда бундай манзараларни умуман кўролмайсиз. Чунки пропискага эришиш ўта мураккаб жараён. Ўзбекистонда Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискадан ўтиш учун маълум шахслар рўйхати борасида қонун қабул қилинган. Прописка қилиниши лозим бўлган тоифалар - асосан вилоятдан пойтахтга қўчиб келган мулозим ва ҳарбийлардир.
Би-би-си: Нима сабабдан Ўзбекистон ҳукумати шўролар ўтмишидан воз кечганмиз деб айтаётганига қарамай, барибир совет даврининг энг ёмон сарқитлари бўлмиш пропискадан воз кечолмаяпти?
А. Волосевич: Гап шундаки, Ўзбекистон 1999 йилга қадар шўролар ўтмишидан ўзини масофалашга ҳаракат қилиб келган. 1999 йил, феврал портлашларидан сўнг Тошкентда пропискани ёпиб қўйишди. Чунки ҳукумат шаҳарда катта сондаги оломоннинг тўпланишини ўзи учун хатар деб билади. Ҳеч нарса билан шуғулланмайдиган ва доимий уй-жойи бўлмаган шахслар жиноий ҳаракатларга моил бўлади деб, “халқнинг тинчлик-фаровонлигини” ўйлаб ҳокимият ҳанузгача бу сиёсатни амалга оширмоқда.
Би-би-си: Лекин халқнинг тинчлик–фаровонлиги борасида қайғураётган расмийлар мазкур тартиб чор Россиясида крепостной қуллигини тасдиқлаган, кейинчалик Сталин даврида қайта тикланган, инсоннинг ерга бўлган қарамлигини татбиқ этаётганини наҳотки билишмаса?
А. Волосевич: Прописка - инсон учун эмас балки ҳокимият учун жуда қулай восита. Прописка билан одамни топиш ўта ўнғай. Расмийларга аҳолининг республикани у ёғидан бу ёғига кезиб юришлари ва эркин ҳаракат қилишлари умуман керак эмас. Оддий сўз билан айтганда – “халқ оломони инқилоб учун ёнилғи” деган ибора вазиятни жуда яхши ифодалайди. Айнан эркин юрган одамларнинг сонини пойтахтда камайтириш учун Тошкентда пропискани ёпиб қўйишган. Ҳаттоки 1992 йилда рўй берган талабалар намойишлари ортидан уларнинг сонини вилоятларда турли хил филиалларни очиб, Тошкент олий ўқув юртларида мунтазам равишда камайтиришга ҳаракат қилиб келишяпти.

Сурат манбаси, ferghana.ru
Би-би-си: Тўсиқлар ва пропискага қарамай, Тошкент ҳамон Марказий Осиё минтақасида аҳоли бўйича энг йирик шаҳар ҳисобланади, шундай эмасми? Яъни аҳоли тобора ўсиб бораётганини англатадими бу?
А. Волосевич: Мен бундай ўйламайман. Тошкент аҳолиси ўсиб бораётгани ҳақида менда тасаввур пайдо бўлмаяпти. Ўзбекистон мустақилликка эришганда Тошкент аҳолиси икки миллион атрофида бўлган. Сўнгги расмий рақамларга кўра эса, ҳозирги кунда Тошкент аҳолиси 2 миллион уч юз минг деб берилмоқда. Лекин мен бу ўсишни кўчаларда кўрмаяпман. Ҳориждан келганлар шаҳарда ҳаёт ҳувиллаб қолган деб айтишади. Ва бундай кўринишлар мамлакатнинг барча шаҳарларида ҳам кузатилади. Расмий статистика бўйича, мамлакатда расман 30 миллион одам истиқомат қилади. Лекин гумонимча, бу ерда қўшиб ёзиш ёки рақамларни бўрттириб қўрсатишлар юз бериши мумкин. Аслида республикада 4-5 миллион камроқ одам яшамоқда. Расман 2-3 миллион одамнинг доимий йўқ бўлгани инобатга олиниши керак, улар аксари Россияга иш қидириб чиқиб кетган. Бироқ уларни ҳам шу 30 миллионлик рақамга қўшиб қўйишган. Бундан ташқари сўнгги 23 йил мобайнида Ўзбекистонни бир неча миллион одам бутунлай тарк этган ва бу ҳеч ким учун сир эмас. Масалан, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри аҳолисининг 40 ҳатто 50 фоизгача бошқа давлатларга кўчиб кетган. Кўплари бошқа давлат фуқаролигини ҳам олиб бўлишган. Бироқ бизда Президент шахсан ўзи фуқароликдан чиқариш ҳақида фармойишни имзоламагунга қадар ҳар қандай шахс Ўзбекистон фуқароси деб саналади. Йигирма йилдан бери бошқа ўлкаларда яшаётганларнинг ҳамон республика аҳолиси рақамларида мавжуд бўлишига таажубланмайман.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












