‘Эбола боис 9 курашчи Тошкентга келолмайди’

Сурат манбаси, PA

Халқаро Кураш Федерациясининг расман хабар беришича, Эбола билан боғлиқ мавжуд эпидемия сабаб, ғарбий африкалик тўққиз курашчи тез орада Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтажак спорт кураши бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этолмайди.

Агар, федерация расмий веб саҳифасидаги хабарларга таянилса, бу мудҳиш хасталик Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини ғарбий Африканинг олти давлати вакилларининг Тошкентга сафарини чеклашга ҳам мажбур қилган.

Халқаро Кураш федерацияси бу ҳақда вазирлик ўзларига ўтган ҳафта юборган расмий мактубга иқтибосан хабар бераётганини билдирган.

Айни ўринда сўз Гвинея, Гвинея-Бисау, Либерия, Сьерра-Леоне, Нигерия ва Конго Демократик республикаси ҳақида кетмоқда.

Жаҳон чемпионлиги учун беллаша олмаслиги аён бўлган тўққиз ғарбий африкалик курашчининг етти нафари нигериялик ва қолганлари сьерра-леонелик эканлиги айтилади.

FILA президенти, ўз ўрнида, бу қарордан “зиён чеккан курашчилар, мураббийлар ва мухлисларга ҳамдард” эканини ҳам қистириб ўтган.

Халқаро Кураш федерацияси, ўз ўрнида, Эбола билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатишда давом этишлари ва вазиятга қараб, улар билан мулоқотда бўлиб туришларини ҳам билдирган.

Куни-кеча ҳам FILA ва ҳам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатларида ғарбий африкалик курашчиларнинг тақдирларига оид қарорларини шу яқинда кунларда эълон қилишларини билдиришганди.

Сурат манбаси, AP

Спорт кураши бўйича жаҳон чемпионатининг ўзи эса, 8-14 сентябр кунлари бўлиб ўтади.

Тошкентдаги нуфузли турнир қатор халқаро мусобақалар каби, ғарбий Африканинг қатор давлатларида ҳалича тўлиқ давоси топилмаган Эбола хасталиги эпидемия даражасига етган бир пайтга тўғри келмоқда.

Бундан сал аввал Ўсмирлар ўртасидаги Олимпиада Ўйинлари ва дзюдо бўйича жаҳон чемпионати олдидан мезбон Хитой ва Россия ҳам худди шундай йўл тутишга мажбур бўлишганди.

Бу яқин йиллар ичидаги энг йириги бўлиши кутилаётган Тошкентдаги жаҳон чемпионатида эса, дунёнинг 80 га яқин давлатидан 700 дан ортиқ курашчининг иштирок этиши кутилмоқда.

Расмий хабарларга кўра, бир ҳафталик турнир давомида курашчилар 24 вазн тоифасида уч хил кураш тури бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боришади.

Биринчилик иштирокчилари орасида ўнлаб амалдаги ва собиқ жаҳон чемпионларининг борлиги ҳам айтилади.

Сурат манбаси, AP

Ҳозирча аниқ давоси топилмаган Эбола эса, дунёдаги энг мудҳиш касалликлардан бири саналмоқда.

Ушбу хасталик илк бор 2010 йилнинг март ойида расман қайд этилган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, хасталик шу пайтгача 1.400 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти яқинда ушбу хасталик вирусини халқаро миқёсдаги таҳдид, деб эълон қилганди.

Халқаро ташкилотга кўра, шу пайтга қадар Эбола эпидемияси кўлами бу қадар катта бўлмаган.

Эбола вируси касал инсоннинг бадан суюқликлари орқали тарқалади ва тер ҳам буларнинг сирасига киради.

Ҳозирга қадар 2.600 дан ортиқ киши ушбу хасталикни юқтиргани ишонилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02