Уруш фахрийлари нафақа ва мукофотдан розими?

Уруш фахрийларининг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда
Сурат тагсўзи, Уруш фахрийларининг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда
    • Author, Шодиёр Сайф
    • Role, Би-би-си, Олма-Ота

Президент Каримов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 400 минг сўм пул мукофоти бериш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Бугунги кунда мамлакатда 6 минг 700 нафар уруш фахрийси қолган.

Уларнинг сони йилдан-йилга билан камайиб бормоқда.

Мутасаддилар 400 минг сўмлик мукофотдан ташқари эсдалик совғалари ҳам берилишини айтмоқда.

Бироқ нарх-наво ўсиб бораётган бир вақтда бу миқдордаги пулнинг камлиги эътироф этилмоқда.

"Нафақамиз етади"

Иккинчи жаҳон урушида Сталинград қамалидан тортиб Берлингача борган жиззахлик уруш фахрийси Низом ота Сувонқулов яқинда 89 ёшни қаршилади.

Биринчи гуруҳ ногирони бўлмиш Низом ота давлатга 68 йил хизмат қилганини ва шу кунларда 550 минг сўм нафақа олишини айтади.

“550 минг нафақа оламан, 18 апрель куни президентимиз байрам муносабати билан 400 минг сўм берилсин деб фармойиш берди. Нафақамиз етади, ёмон эмас. Болаларнинг ўзи ишлайди, топади. Фарзандларимиз пул бериб қараб туради, ҳеч қийинчилигимиз йўқ”, - дейди жиззахлик Низом ота Сувонқулов.

Президент фармонида қора бозордаги курс бўйича 142 долларни ташкил қилувчи пуллар тантанали равишда берилсин дейилган. Ушбу вазифани бир неча йиллардан бери “Нуроний” жамғармаси бажариб келади.

“Нуроний” жамғармасининг Фарғона вилояти бўлимидан исмини ошкор қилишни истамаган ходимнинг айтишича, уруш фахрийларининг асосий қисми юролмай қолгани боис пуллар тантанали равишда уйга олиб бориб берилади.

“Тантанали равишда уйига бориб берилади. Чунки уларнинг кўпчилиги мустақил юролмаслиги учун, ҳарбий коммисариатларга топшириқ берилган. Улар бизнинг жойларимиздаги вакилларимиз ва ҳокимият ходимлари билан бирга бориб, ёшлар иштирокида тантанали равишда топширилади. Гул ва бошқа совғалар ҳам берилади”, - дейди “Нуроний” жамғармасининг Фарғона вилояти бўлими вакили.

Нуроний жамғармаси вакилининг сўзларига кўра, ушбу қўшимча совғалар кўйлакдан тортиб костюм-шимгача бўлиши мумкин.

Ватанга хизматнинг баҳоси

Иккинчи жаҳон уруши йиллари фронт ортида хизмат қилган ўзбекистонлик 117 мингдан ортиқ нафақахўр қолган. Улар мукофот пули олишмайди, аммо маҳаллий ҳомийлар орқали бир оз озиқ-овқат олишади. Фронт ортида меҳнат қилган Борис Примазон уруш фахрийларига берилаётган мукофот пули бир ойлик нафақага тенглигини ва агар тежаб ишлатилса бир кишига бир ой яшашга етишини айтади.

“Бир ой яшашга етади. Нафақахўрлар 350-400 минг сўм нафақа олади, 250 минг оладиганлари ҳам бор. Бир кило гўшт шу кунларда 20 минг сўм бўлиб турибди. Нархларни кўтариб юборишди. Бир қути гугурт 50 сўмдан 100 сўмга чиқди. Туз 200 сўмдан 800 сўмга кўтарилди, ҳамма нарсанинг баҳоси ошди, жуда қиммат”, - дейди нафақадаги Борис Примазон.

“Нуроний” жамғармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 6700 уруш фахрийси қолган. Уларнинг сони йилдан йилга кескин камайиб кетаётгани кузатилади. 2008 йилда 14 мингдан ортиқ уруш фахрийси бўлган бўлса, орадан 4 йил ўтиб уларнинг сони икки баробардан ҳам кўпроққа қисқарган.

“Нуроний” жамғармаси Сирдарё бўлими ходимининг айтишича, давлат томонидан тантанали равишда берилаётган 400 минг сўм уруш фахрийларининг ватан учун қўшган ҳиссаси олдида жуда ҳам кам.

Уларнинг аксари ёши ўтиши муносабати билан турли касалликларга тез-тез чалинадиган бўлиб қолишган, ушбу пуллар дори-дармоннинг ўзига ҳам етмай қолиши мумкин.