Ўзбекистон ҳукумати мамлакат аҳолиси сони 28,6 миллиондан ошганини эълон қилди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 28,639 миллион одамни ташкил қилган.
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикасининг статистика бўйича давлат қўмитаси маълум қилган.
Мазкур кўрсаткич 2011 йилнинг илк ярми якунида ҳисобланган рақамдир.
Ўзбекистонда доимий равишда ҳаёт кечирувчи аҳоли сони 2011 йил бошида 28,23 миллион эди.
Статистика қўмитаси маълумотига биноан, мамлакат бўйлаб 51,3% аҳоли, яъни дерли 15 миллион одам шаҳарларда истиқомат қилар экан.
Айни дамда 2011 йилнинг биринчи олти ойи давомида туғилиш коэффициенти 18,8 промиллени ташкил қилган.
Бу ўтган йилги айни муддатга солиштирганда 1,6 промиллега камроқдир.
Ўлиш коэффициенти ўтган йилги муддат билан солиштирганда 0,2 промиллега ошиб, 4,8 промиллени ташкил қилган.
Қўмита айни дамда гўдаклар ўлими ўтган йилгига қараганда 1 промиллега камайганини билдиради.
Статистика маълумотида шунингдек Ўзбекистондан чиқиб кетаётганлар сони олти ой давомида 79,3 мингни ташкил этгани ва ўтган йилгига қараганда озайгани айтилади.
Айни дамда Ўзбекистонда амал қилувчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, хусусан Хоразмдаги "Нажот" ташкилоти Россия ва Қозоғистон каби мамлакатларга иш излаб кетаётганлар сони сусаймаётганини хабар қиладилар.
Ўзбекистоннинг эмигрант аҳолиси сони Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг йирик сонни ташкил қилади. Норасмий кўрсаткичларга биноан, 2 миллион ўзбекистонлик Россияда ишламоқда.












