Каримов Осиё Тараққиёт банки саммитида ҳам қўшниларини сув устидан танқид қилди

Каримов
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон президенти Осиё Тараққиёт банкининг йиллик саммити баҳона яна сув масаласига эътибор қаратди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Осиё Тараққиёт банкининг 43-йиллик саммитининг расмий очилиш маросимида қўшни давлатларни ўз сув сиёсатларида минтақа экологияси билан боғлиқ хавотирларни инобатга олмасликда айблади.

Осиё Тараққиёт банкининг йиллик саммити Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтмоқда.

Расмий Тошкентнинг айтишича, Тожикистон қуриш ҳаракатида бўлган улкан "Роғун" ГЭСи дарёнинг қуйи оқимида жойлашган минтақа давлатларининг экологиясига ҳалокатли таъсир қилиши ва қурғоқчиликка олиб келиши мумкин.

Чунки Ўзбекистон иқтисодининг асосини ташкил этувчи пахта кўп сув талаб қилади ва бошқа томондан минтақада энг катта сондаги аҳолиси бўлган давлатнинг сувга бўлган эҳтиёжи ҳам шунга ярашадир.

Тожикистон эса, янги ГЭС воситасида ўзининг электр энергиясига бўлган ички эҳтиёжини қондиришдан ташқари, уни четга сотиб, даромад қилишни ҳам кўзламоқда.

Айни шу даъволар манзарасида Роғун ГЭСи қурилиши сўнгги пайтларда икки давлат орасидаги муносабатларни янада таранглаштирган.

Ушбу масала Бирлашган Миллатлар Бош котибининг яқинда минтақага қилган сафари давомида ва президент Ислом Каримовнинг Россияга сўнгги ташрифи чоғида ҳам музокаралар кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланганди.

Ва ҳар икки ҳолатда ҳам Роғун ГЭСи минтақадаги қолган давлатларнинг ҳам манфаатларини инобатга олган ҳолда қурилиши лозимлигига оид фикрлар янграганди.

"Ўзбекларда сувсиз ҳаёт йўқ, деган гап бор. Шу сабабдан ҳам биз ушбу муаммога жиддий қараймиз".-"Афсуслар бўлсинки, айрим қўшниларимиз, айниқса, дарёнинг юқори қисмида жойлашганлари мазкур масалага оқилона ёндашишмаяпти. Улар ушбу масаланинг оқибатлари қандай бўлиши мумкинлигини ҳатто ўйлаб ҳам кўришмаяпти," деб айтган президент Каримов.

Куни-кеча тожик мулозимлари билан учрашган Жаҳон банкининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Филипп Ле Уэру баҳсли Роғун ГЭСи қурилиши фақат экспертизадан кейин давом эттирилишини айтганди.

Яқиндагина айни масала юзасидан Тошкентда Ўзбек ва Тожик ҳукумати ҳайъатлари ҳам учрашган, бу учрашувда расмий Тошкент яна бир бор халқаро экспертиза хулосаси чиқарилмагунча, Роғунда на қурилиш ва на қайта тиклаш ишларини давом эттирмасликни сўраганди.

Осиё Тараққиёт Банки ҳам Роғун ГЭСи юзасидан халқаро экспертиза ўтказилиши тарафдори эканлигини билдирганди.

Тошкентда бўлиб ўтаётган саммитнинг бугунги кунида Осиё Тараққиёт Банкининг Бош Бошқарувчиси Ражат Наг 2012 йилга қадар 3.000 меговатт энергия ишлаб чиқариши мумкин бўлган ва қуёш энергиясига асосланган янги лойиҳа ташаббуси билан ҳам чиққан. Янги лойиҳанинг қиймати эса, 2.25 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Банк бошқарувчисининг билдиришича, "2030 йилга бориб, Осиё ва Тинч уммони ҳавзасида энергияга бўлган эҳтиёж қарийб икки баробар ортиб кетади ва шу сабабдан ҳам энергия ишлаб чиқаришнинг янгича усулларига фавқулодда эҳтиёж бордир".