Янгиликлар. Ўзбекистон ва Марказий Осиё: Хитой режаси энди амалга ошмайдими? Video O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Сиандаги саммитдан кейин нима бўлди - Ғарб Хитойни "жиловлаш"га қарор қилдими? Расмий Пекин аллақачон шикоятда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Алоқадор мавзулар:
Огоҳлик

Сурат манбаси, Rasmiy
Дунёнинг йирик еттилик давлати Хитойни "иқтисодий мажбурлаш"дан огоҳлантирди.
Хиросимадаги огоҳлик Хитой ва Марказий Осиё давлатлари лидерларининг Сиандаги илк саммити ортидан янгради.
Олти минтақа давлати раҳбарлари 18-19 май кунлари тарихда биринчи бор юзма-юз учрашган ва мулоқот қилган.
Хитой президенти Сианда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликнинг саккиз йўналишини таклиф қилган, минтақа ривожлантиришнинг улкан режасини тақдим этган.

Сурат манбаси, .
Хитой янги тараққиёт режасининг Марказий Осиё инфратузилмасини барпо этишдан тортиб, энергетика, хавфсизлик, мудофаа, ҳуқуқ-тартибот соҳаларида ҳамкорлик ва савдо-сотиқни янада кучайтириш қадар кенг қамровли эканини кўриш мумкин бўлган.
Расмий Пекин беш минтақа давлати билан ривожланиш стратегияларини мувофиқлаштириш ва улар барчасини модернизация қилишда кўмаклашишга тайёр эканлигини баён қилган.
Марказий Осиёга қарийб $4 миллиард доллар беғараз ёрдам беражагини айтган.
Мустақилликлари тарихида эса, бирор бир дунё давлатининг минтақага бу каби режа ва ташаббуслар билан чиқаётгани ҳалича кўрилмаган.

Сурат манбаси, Reuters
Россиянинг анъанавий иттифоқчиси саналувчи Хитой дунёдаги энг йирик геоиқтисодий ўйинчи, ҳарбий, иқтисодий ва ядровий қудратдан биттаси саналади.
Шундоқ ҳам ўзининг энг йирик - миллиардлаб долларлик лойиҳаларини минтақага боғлаган ва боғлаётган давлат бўлади.
Агар, имконли бўлган рақамларга таянилса, ўтган йили Хитой ва минтақа ўртасидаги савдо кўлами рекорд даражага етган - жами $70 миллиард долларни ташкил этган.
Сиандаги саммит теграсида эса, биргина Ўзбекистоннинг ўзи Хитой билан умумий қиймати $25 миллиардга тенг келишув ва шартномалар имзолагани айтилган.
Марказий Осиё дунёнинг нисбатан камбағал ва яқин-яқингача жангарилик муаммосига юз тутиб келган минтақаларидан бири бўлади.
Шинжон Уйғур мухтор бўлгаси ва ўзига қўшни Афғонистон мисолида эса, энергия, янги бозорлар ва транзит йўллари баробарида ички хавфсизлиги ҳам Хитойни жиддий хавотирга солиб келаётган асосий муаммолардан бири бўлади.
Сианда томонлар яна ўзаро англашув руҳида бир-бирларининг асосий манфаатларини ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлашларини ҳам тасдиқлашгани айтилган.

Сурат манбаси, Reuters
Хитойнинг янги режаси Россиянинг геосиёсий таъсири остида деб кўрилувчи минтақа билан боғлиқ экани, Украина уруши фонида эълон қилинаётгани ва йирик еттилик саммити арафасида бўлиб ўтаётгани билан ҳам четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.
Ғарб Россияга ўзлари киритган санкцияларини четлаб ўтишида кўмак бермасликлари учун Марказий Осиё давлатларини иккиламчи жазо чоралари билан билан огоҳлантираётган бир пайтга тўғри келган.
Таҳлилчиларга кўра, Хитой бу каби фаоллиги билан минтақада сиёсий таъсир ва энергия ресурслари учун бўлган пойгада асосий геосиёсий рақиблари бўлган Россия ва АҚШни ортда қолдирган, пешқадам мавқеъга чиқиб олган.
Уларнинг айтишларича, бунга Россиянинг Украина уруши билан овора бўлиб қолгани ва Афғонистондан чиқиб кетиш қарори билан Америка Қўшма Штатларининг минтақадаги таъсири кучсизланиб бораётгани ҳам сабаб бўлган.
Ғарбнинг Украина уруши боис Россияга устма-уст қўллаётган кескин иқтисодий ва молиявий жазо чоралари ҳам жорий пайтда Россияни энергияга чанқоқ Жанубий Осиё, айниқса, Хитой ва Ҳиндистонга янада яқинлаштирувчи омил сифатида ўртага чиққан, мавжуд ҳолат ҳам ҳар икки томон учун минтақанинг аҳамиятини янада оширган.
Хитой раҳбари Сианда "дунёга барқарор, фаровон, бир-бири билан яхши боғланган Марказий Осиё керак"лигини таъкидлаган.
Сиандаги саммит янги истиқболларни очганлигини баён қилган, Хитой-Марказий Осиё ҳамжамиятини яратиш ҳақида сўз юритаркан, бу иш ўзаро кўмак, ҳамкорликда ривожланиш, умумий хавфсизлик ва абадий дўстлик тамойиллари асосида амалга оширилиши кераклигини тилга олгани ҳам хабар берилган.
Хитой Марказий Осиё давлатларининг ривожланиш йўли, миллий мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, юритаётган мустақил, ташқи ва ички сиёсатларини ҳам қатъий қўллаб-қувватлашини баён қилган.
Томонлар давлат хавфсизлиги, сиёсий барқарорлик ва конституциявий тузумни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги борасида якдил эканликларини билдиришган.
Қонуний давлат ҳокимиятини обрўсизлантириш ва "рангли инқилоблар"ни келтириб чиқариш уринишлари, шунингдек, бошқа давлатларнинг ички ишларига ҳар қандай шаклда аралашишга қарши эканликларини ҳам баён қилишган.
Хитой "муаммо"ми?

Сурат манбаси, Reuters
Буюк Британия Бош вазири Хиросимада Хитой глобал хавфсизлик ва фаровонлик учун "замонанинг энг катта муаммоси" эканлигини айтган.
Хитой "мамлакат ичкариси ва ташқарисида ҳам бирдек авторитарлашиб бораётганлиги"ни баён қилган.
Саммит иштирокчилари йўлловларининг энг муҳим қисми ҳам, уларнинг ўз таъбирларида, "иқтисодий мажбурлов"га қаратилган.
"Йирик еттилик учун бу масалада мувозанатни сақлаш қийин. Чунки савдо-сотиқ боис, иқтисодлари Хитойга қаттиқ боғланиб қолган. Аммо Пекин билан рақобат кучайди ва улар кўп, жумладан, инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам Хитой билан келиша олмай қолишди. Энди улар ўзларининг гаровда қолишларидан қўрқишади", - дейди сўнгги вазиятга ўз баҳосини бераркан Би-би-си мухбири Тесса Вонг.
Унга кўра, расмий Пекин сўнгги йилларда ўзига ёқмаган давлатларга нисбатан савдо санкцияларини қўллашдан тап тортмай қолган.
Йирик еттилик давлатлари эса, энди Европа Комиссияси раҳбари томонидан илгари сурилган "рискларни бартараф этиш" сиёсатига чақиришган.
"Бу - АҚШнинг Хитойдан "ажралиш" ғоясининг анчайин муътадил шакли бўлиб, қаттиқ дипломатия, савдо шерикларини турфалаштириш, савдо ва технологияни ҳимоя қилиш"ни ўз ичига олади", - дейди мухбиримиз.
Унинг айтишича, йирик еттилик, шунингдек, "мажбурлаш"га қарши туриш ва ривожланаётган иқтисодиётлар билан ишлаш учун "мувофиқлаштирувчи платформа"ни ҳам ишга туширишган.
Шунингдек, муҳим товарлар учун таъминот занжирларини кучайтириш, энг кучли восита ўлароқ кўп томонлама экспорт назоратини жорий этиш режаси ҳақида ҳам сўз юритишган.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо, мухбиримизга кўра, "иқтисодий мажбурлаш" ҳақидаги баёнотларнинг аксариятида Хитойнинг номи аниқ тилга олинмаган.
"Бу Пекинга бармоқ ўқталишдан яққол қочиш эди", дейди у.
Мухбиримизга кўра, йирик еттилик аъзолари Хитойга зарар етказиш, унинг иқтисодий тараққиётига тўсқинлик қилиш ниятлари йўқлигини айтиб, расмий Пекинни тинчлантиришга ҳам ҳаракат қилишган.
"Хитойдан ажралиш ёки ўзларига ботиб кетиш"ни мақсад қилмаганликларини ҳам таъкидлашган.
Бироқ Ғарб давлатлари бунгача Пекинга "халқаро қоидалар бўйича ўйнаётган Хитой бутун дунёга фойдали бўлиши" шиори остидаги ҳамкорликдан бош тортмаслиги яхшироқ эканини очиқ-ойдин айтишган, дейди мухбиримиз.
Мухбиримизга кўра, йирик еттиликнинг режаси қанчалик иш бериши-бермаслиги ҳозирча маълум эмас.
Хабарларга кўра, Хитой томони буни ўзларини "жиловлаш" ҳаракати дея талқин этган, шанба куни кечқурун йирик еттиликни ўзларига қарши "туҳмат ва хуружлар"да айблаган, саммит ташкилотчиси Японияга шикоят аризаси билан ҳам чиққан.
Шунингдек, йирик еттиликка кирувчи бошқа давлатларни "иқтисодий мажбурлашда АҚШнинг шерикларига айланмаслик", "эксклюзив блокларга бирлашишни бас қилиш" ва "бошқа давлатларнинг йўлига тўғаноқ бўлиб, уларни чиритиш"дан тийилишга ҳам чақирган, дейди мухбиримиз.
Хитойнинг Марказий Осиё давлатларига кўрсатган қўллови эса, бошқа томондан, АҚШ томонининг "мажбурлаш дипломатияси"га оид айбловларига қарши жавобдек бўй кўрсатган.
Йирик еттиликнинг саммити арафасида бўлиб ўтган Сиандаги йиғин фонида расмий Пекин глобал тартибга муқобил ўзининг Ғарбсиз янги тартибини тақдим этиш, минтақа давлатларини ҳам ўзининг тартиби яхшироқ эканига ишонтиришни истаётганига оид қарашлар ҳам янграмай қолмаганди.
Би-би-си мухбири суҳбатлашишга муваффақ бўлган айрим экспертларга кўра, "рискларни аритиш" аслида нимани англатиши, нозик технологияларни экспорт қилишдаги чекловлар қанчалик узоққа бориши ва иқтисодий мажбурлашга қарши қандай жамоавий чоралаш кўрилиши лозимлиги борасида ҳалича якдил бир фикр йўқ.
Аммо, уларнинг айтишларича, "ҳозир саноати илғор давлатларнинг Хитой билан муносабатларини қандай қайта қуришлари борасида яққол ва аниқ тасаввур мавжуд".
Хитой қолган барча Марказий Осиё давлатлари каби Россиянинг Украинадаги урушини на-да ошкора қоралаган ва на-да ошкора қўллаган.
Худди шу уруш фонида Ғарбнинг Хитой Россияни кучайтиради, деган хавотирлари эса, ҳалича ўзини оқламаган.
Расмий Пекин жорий пайтда Украина урушига дипломатик йўлда барҳам бериш учун ўзининг тинчлик режаси билан чиққан, Ғарб Россияга босим ўтказишига орқа қилаётган ягона давлат, ҳарбий, иқтисодий ва ядровий қудрат бўлиб турибди.
Янгиликлар, Ўзбекистон: Нега Хитой минтақа президентларини йиғди?

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati
Расмийларга кўра, Хитойнинг тарихий Сиань шаҳридаги "Хитой-Марказий Осиё" саммити "дўстликни мустаҳкамлайди", муносабатларни янада юқори даражага олиб чиқади.
Саммит 18-19 май кунларига режаланган.
Унинг энг муҳим тадбири Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентларининг юзма-юз мулоқоти бўлиши, унда Президент Ши Жинпиннинг "муҳим нутқ" билан чиқиш қилиши, "муҳим сиёсий ҳужжат имзоланиши" хабар қилинган.
Минтақа раҳбарларининг ташрифига давлат ташрифи мақоми берилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Ўзининг сопол аскарлари ҳайкаллари билан дунёга машҳур Сиань шаҳрига биринчи бўлиб етиб борган Қозоғистон Президенти Қасим-Жормат Тоқаев бўлди.
Қозоғистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шериги ҳисобланади.

Президент Ши Жинпин ва Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг юзма-юз музокаралари сўнгида икки мамлакат ўртасида визасиз тартибни жорий этишдек битимлар имзоланди.
"Бизнинг умум мақсадимиз бор - ўзаро муносабатларни янада кучайтириш. Шунингдек, минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳамда ҳамкорликни кучайтириш истаги ҳам бизларни бирлаштиради", деди Хитой раҳбари билан учрашувда Президент Тоқаев.
Алоқадор мавзулар:
Хитой ва Қозоғистон Марказий Осиё газини Хитойга етказадиган минтақавий табиий газ қувурининг Қозоғистондан ўтадиган қисмининг барқарор ишлашини таъминлаш, нефть ва уран соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олганлари хабар қилинди.
Расмий маълумотларга кўра, Хитой билан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро савдолари ўтган йили рекорд даражага кўтарилган - 70 миллиард долларни ташкил этган.
Хусусан, Қозоғистон билан 31 миллиард, Қирғизистон билан 15,5 миллиард, Туркманистон билан 11,2 миллиард, Ўзбекистон билан 9,8 миллиард ва Тожикистон билан 2 миллиард долларлик савдо қилинган.
"Хитой-Марказий Осиё" саммити Япониядаги йирик еттилик раҳбарларининг учрашуви арафасида ташкил қилинди.
19-21 май кунлари Хиросима шаҳрида АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Канада, Германия, Франция, Италия ва Япония раҳбарлари учрашадилар.
Таҳлилчилар фикрича, Пекин глобал тартибга муқобил ўзининг янги тартибини тақдим этишни, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларини ўзининг янги глобал тартиби яхшироқ эканига ишонтиришни истаяпти.
Дунёнинг иккинчи йирик истеъмолчи мамлакати ҳисобланадиган Хитой Марказий Осиё газини қўлга киритиш мақсадига, бошқа лойиҳаларга миллиардлаб долларларини сарфлаяпти, "Бир белбоғ, бир йўл" ташаббуси доирасида Хитойни Европа билан боғлайдиган темир йўллар барпо этилаяпти.
Хитойнинг "Бир белбоғ, бир йўл"ини аллақачон камбағал давлатларни Хитойнинг қарз қармоғига илинтириш йўли деб танқидга тутаяптилар ҳам.
Хитой авиа компаниялари Марказий Осиё шаҳарларига авиа рейсларни кўпайтираётганини хабар қилмоқдалар.
Ўзбекистон туризм расмийлари ҳам хитойлик туристлар кўпайишига умид қилмоқдалар, бу йил Ўзбекистон 100 минг хитойлик саёҳни кутаётгани хабар қилинди.
Хитой минтақа мамлакатлари билан визасиз тартибни жорий этади, деган хабар тарқалди.
Кўплаб таҳлилчилар фикрича, Россиянинг Украинага босқинидан кейинги дунё сиёсатида Хитой тобора кўпроқ, муҳим роль ўйнашни истамоқда.
Тelegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















