Меҳнат муҳожирлари сони бўйича ўзбекистонликлар биринчи ва пойтахтда нега йўлкира нархи оширилмоқда? – Янгиликлар Rossiya O‘zbekiston migrant dunyo yangiliklar

Rossiyadagi migrantlar
Сурат тагсўзи, Russia Today нашрининг мамлакат ИИВ маълумотларига таяниб хабар қилишича, жорий йилда 3 миллиондан сал зиёдроқ ўзбекистонлик Россияга меҳнат муҳожирлигига борган

Россияга меҳнат муҳожирлигига борганлар орасида ўзбекистонликлар биринчи;

Ҳоким 34 миллиард сўмлик ҳайкал ва кутубхона лойиҳасини бекор қилди;

Пойтахтда жамоат транспорти йўлкираси нархини ошириш таклиф қилинди;

Ҳиндистон Ўзбекистондаги таълим лойиҳаларига катта ёрдам ажратди;

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистонликлар биринчи ўринда

2021 йил давомида Россияга ишлаш мақсадида борган мигрантларнинг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этган.

Хусусан, Russia Today нашрининг мамлакат ИИВ маълумотларига таяниб хабар қилишича, жорий йилда 3 миллиондан сал зиёдроқ ўзбекистонлик Россияга меҳнат муҳожирлигига борган.

Кейинги ўринларни Тожикистон (1,5 миллион инсон), Қирғизистон (623 минг инсон), Арманистон, (298 минг инсон) ва Озарбайжон (185 минг инсон) эгаллаган.

Шунингдек, мамлакатга ўқиш мақсадида борганлар орасида ҳам ўзбекистонликлар пешқадам бўлган.

Маълум қилинишича, йил давомида 59 минг нафардан ошиқроқ Ўзбекистон фуқароси шу мақсадда Россияга борган бўлса, Тожикистондан қарийб 59 минг нафар, Қозоғистондан 55 минг нафар, Туркманистондан эса 35 минг нафарга яқин инсон мамлакат ҳудудида ўқиш ниятида йўл олган.

Бир вақтнинг ўзида, Россияга туристик мақсадларда келган мамлакатлар фуқаролари сони бешталигига ўзбекистонликлар кирмаган.

Бекор қилинган ҳайкал лойиҳаси

Yangi loyiha

Сурат манбаси, official

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев баҳсларга сабаб бўлган ўнлаб миллиард сўмлик ҳайкал ва кутубхона лойиҳасини бекор қилган.

Вилоятнинг собиқ ҳокими Даврон Ҳидаётовнинг Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси ва Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона қуриш тўғрисидаги фармойиши жамоатчилик томонидан кескин савол остига олинган эди.

Собиқ ҳоким 3 ноябрь куни имзолаган фармойишда ҳар икки лойиҳа учун умумий миқдорда 34,4 миллиард сўм маблағ ажратиш ҳақида гап боради.

Эндиликда, Тошкент вилоятига янги раҳбар бўлиб келган Мирзаев ушбу фармойишни бекор қилиб, ажратилган маблағни маҳаллий бюджетга қайтариб, ногиронлиги бор, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлашга 1,6 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берган.

Нархи ошаётган йўлкира

Toshkent metrosi
Сурат тагсўзи, Тошкент шаҳар ҳокимининг янги қарори лойиҳасида 1 январдан бошлаб жамоат транспортида йўлкира учун нақд пулдаги тўлов миқдорини 1,700 сўм этиб белгилаш таклиф этилган

Пойтахтда автобус ва метрополитен учун йўлкира нархини ошириш таклиф этилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимининг янги қарори лойиҳасида 1 январдан бошлаб жамоат транспортида йўлкира учун нақд пулдаги тўлов миқдорини 1,700 сўм этиб белгилаш таклиф этилган.

Ҳоким қарори лойиҳасида нақд пулдаги йўлкира нархини оширишдан асосий мақсад транспорт карталаридан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ва, бу орқали, йўлкира ҳақини йиғишда шаффофликни таъминлаш экани айтилади.

Ҳужжатда бу борадаги Россия ва Қозоғистон тажрибалари ўрганилгани, мазкур давлатларда айнан йўлкира нархлари ўртасида фарқлар мавжудлиги (нақд пулдаги йўлкира нархи қимматроқ экани - таҳр.) сабабли ҳам аҳоли транспорт карталаридан кўпроқ фойдаланиши тилга олинган.

"Масалан, биргина Москва шаҳрида ушбу фарқ қарийб 27 рублни, Олмаота шаҳрида эса ушбу фарқ 70 тенгени ташкил этмоқда", дейилади ҳоким қарори лойиҳасига берилган тушунтириш хатида.

Шунингдек, ҳужжатда транспорт карталаридан фойдаланиш кўлами ортиши тушум маблағлари кескин ўсиши ҳамда жамоат транспорти кўриб келаётган молиявий зарарлар камайишига олиб келиши таъкидлаган.

"Чунончи, мазкур тарифларни жорий этилиши натижасида, 2022 йилда дастлабки ҳисоб-китобларга биноан, "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ тизимидаги автобус саройлари ҳамда "Тошкент метрополитени" УКнинг кутилаётган умумий зарар миқдорини камайиши эвазига, шаҳар маҳаллий бюджетидан 128-130 млрд. сўм миқдорида маблағларни тежаш кутилмоқда", билдирилади ҳужжатда.

Ҳиндистондан $448 миллионлик ёрдам

Kelishuv

Сурат манбаси, official

Ҳиндистон Ўзбекистонда инфратузилмавий ривожланиш ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун $448 миллион ажратади.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълум қилишича, бу маблағ Ҳиндистон Эксимбанки томонидан ажратилади.

12 декабрь куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабхат билан икки томонлама муносабатлар тўғрисида суҳбатлашган.

"Ҳиндистоннинг грант маблағларини жалб қилиш ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилаётган IT, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий йўналтирилган янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишилди", дейилади вазирлик хабарида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek