Тошкент-Москва: Россия Ўзбекистонга рейсларни оширмоқда - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Стюардессалар

Сурат манбаси, official

Россия Ўзбекистон ва Тожикистонга рейсларни кўпайтиришга қарор қилди. Дунёнинг яна етти давлати билан мунтазам авиақатновларни тиклади. Халқаро парвозларни амалга оширувчи аэропортлари сонини ҳам оширди. Россияда юз минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшашади.

Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, шу йилнинг 10 июнидан бошлаб, Россия Ўзбекистонга рейслари сонини ҳафтасига яна биттага оширади.

Бу билан ҳар икки томон ҳафтасига амалга оширувчи мунтазам авиақатновлар сони тўрттага етади.

Россиядан энди Австрия, Венгрия, Ливан, Люксембург, Мавритания, Марокаш ва Хорватияга ҳам учиш мумкин бўлади.

Нижнекамск, Владикавказ ва Томск аэропортлари эса, халқаро парвозларини тиклайди.

Бу ҳақдаги расмий хабар кеча, 31 май куни Россия Коронавирусга қарши қурашиш оператив штабининг навбатдаги йиғини ортидан олинган.

Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Россияда биргина меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари ўзининг сони пандемиягача миллионларга нисбат бериб келинган.

Айнан глобал коронавирус пандемияси сабаб, ўтган бир йилнинг ўзида юз минглаб ўзбекистонликлар ортга, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлишган.

Бугун улардан яна катта сондагисининг Россияга қайтиш истаги ва ҳаракатида экани кўрилади.

Аммо икки давлат ўртасидаги пандемия боис расман тўхтатилган мунтазам ҳаво қатновлари, бир йил деганда, шу ой бошида - 1 апрель куни қайта тикланган.

Россия глобал коронавирус пандемияси сабаб, Ўзбекистон билан ҳам мунтазам ҳаво қатновларини ўтган йил март ойида тўхтатган.

Орада кечган бир йил вақт давомида икки давлат ўртасида фақат чартер ва махсус рейслар амалга ошириб келинган.

Россия чегараси Ўзбекистон фуқаролари учун ёпиқлигича қолган.

Россияда доимий яшаш мақомига эга бўлганлар, элчилар, Ўзбекистоннинг дипломатик консулхоналари вакиллари ва уларнинг оила аъзолари, даволаниш учун келаётган шахслар, хорижда яқин ёки касал қариндоши бор инсонлар, дипломатик ваколатхоналар сўрови билан транзит ўтаётган йўловчилари каби муайян тоифа шахсларнинг Россияга киришларига изн берилган.

Яна Россия ҳукумати қошидаги тезкор штаб томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган ўзбекистонликлар ҳам Россия Федерацияси ҳудудига киритилган.

Ана шу муайян тоифа ўзбекистонликларнинг ҳам ПЗР тест топширишлари ва "Роспотребнадзор" сайти орқали рўйхатдан ўтишлари талаб қилинган.

Ўзбекистонликлар якка тартибда на самолёт, на поезд, на автобус ва на машинада Россияга кира олишган.

Аэрофлот самолёти

Сурат манбаси, SERGEI BOBYLEV/TASS

Ҳафтасига икки марта амалга оширилаётган мунтазам парвозлар барча ўзбекистонликларнинг бирдек Россияга киришларининг ягона йўли, имконияти сифатида ўртага чиққан.

Аммо икки ўртадаги мунтазам авиақатновларнинг қайта тикланишига оид расмий хабар ортиданоқ чипталарнинг нархи ва қанчалик имконли экани ўзбекистонликларни энг кўп шикоятларига сабаб мавзулардан бирига айланган.

Айрим ўзбекистонликлар чипта баҳосининг минг доллардан ҳам ошиб кетганлигидан шикоят этишган.

Пойтахт Тошкентдан сенаторларнинг ҳатто авиачипталарнинг нега қимматлиги юзасидан Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитасига сўров юборишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Аммо Россия ҳукумати 14 апрелдан бошлаб ўзбекистонликларга ҳам ўз эшикларини янада кўпроқ очишга қарор қилган.

Ҳукумат қарори билан ўзбекистонликларнинг Россияга учинчи давлат орқали киришларига расман изн берилган.

Айни шу янги қарор мазмуни ва талқинидан ўзбекистонликларнинг махсус рўйхатда кўзда тутилган ва мунтазам парвозлар амалда бўлган учинчи давлатлар орқали Россияга бемалол кириб бора олишлари мумкинлиги маълум бўлган.

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Агар куни-кеча эълон қилинган расмий статистикага таянилса, мамлакат аҳолиси сони ҳозир қарийб 35 миллион кишига яқинлашган.

Аксар фуқаролари мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.

Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.

Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Агар, ўтган ойги маълумотларга таянилса, пандемия ортидан, турли сабабларга кўра, 600 мингга яқин ўзбекистонлик Россиядан ортга қайтган.

Айни пайтда 400 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг Россияга кира олмаётгани айтилади.

Россия ўтган йилнинг август ойига келиб, халқаро авиарейсларни яна босқичма-босқич йўлга қўйишга киришган.

Сентябрь ойидаёқ Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қирғизистон ва Қозоғистон билан мунтазам ҳаво қатновларини қайта йўлга қўйган.

Шу йил 15 февралдан бошлаб Қирғизистон билан мунтазам парвозлар сонини янада кўпайтирган, ҳафтасига биттадан учтага оширган.

Тожикистон билан мунтазам авиақатновларни эса, Ўзбекистон билан бир вақтда - фақат шу йилнинг 1 апрелига келибгина қайта тиклаган.

Rossiya

Сурат манбаси, official

Айнан Ўзбекистонга бевосита чегарадош Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ўзбекистонликлар мунтазам авиарейслар орқали Россияга бемалол уча олишлари мумкин бўлган давлатлар рўйхатида эканини кўриш мумкин бўлган.

Авиачипталар нархининг Ўзбекистондагисидан анчайин арзон экани боис, пандемиягача ҳам бу давлатлардан Россияга парвоз қилишни афзал билган ўзбекистонликлар камчиликни ташкил этмаган.

Россия шу йилнинг 4 апрель куни ва ниҳоят ўзбекистонликлар талабаларга ҳам ўз таҳсилларини давом этдиришлари учун ортга қайтишга расман рухсат бергани хабар берилган.

Худди шу рўйхатда бўлган Туркия билан эса, Россия ўзаро мунтазам авиақатновларга қўйган тақиғини яна 21 июнга қадар узайтиришга қарор қилган.

Пандемияга қадар эса, Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкати биргина Москва шаҳрининг ўзига Тошкентдан кунига иккита рейсни амалга оширган.

Россияга қандай йўллар билан бориш ва арзон чиптани қаердан, қандай қилиб топиш - бугун ҳам кўпчилик ўзбекистонликларни ўйлантираётган энг муҳим саволлардан бири экани кўрилади.

Сўнгги янгиликка Ўзбекистон Ҳаво йўлларининг расмий муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek