Бойлар янада бойиди, Алишер Усмонов-чи? Пулларига нима бўлди? – O’zbekiston, Россия, koronavirus

Сурат манбаси, official
Бойлар янада бойиди, Алишер Усмонов-чи? - Дунёнинг энг бадавлат 25 миллиардери бойлиги чорак триллион доллардан ортиқроққа ошди. Коронавирус, карантин ва иқтисодий бўҳрон-чи? Уларга писанд бўлмадими?
Американинг нуфузли Forbes журнали русча нашрининг ёзишича, йўқ.
Аксинча, дунё бойларини янада бойитган ҳам пандемия ва инқироз бўлган.
Бу миллиардерлар шунча бойликни ўтган икки ойнинг ичида қўлга киритишган.
АҚШ ҳиссалар бозоридаги таназзул ҳам бунга таъсир қила олмаган:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Forbes ўз таҳлилида ширкатлари фонд биржасида савдо-сотиқ қилувчи миллиардерлар бойлигига ўз диққатини қаратган.
25 миллиардернинг умумий капитали жорий пайтда қарийб $1,5 триллион долларни ташкил этиши кўрилган.
Бу глобал коронавирус пандемияси жаҳон иқтисоди учун ҳалокатли бўлишига оид жиддий хавотирлар манзарасида сарлавҳаларга чиққан хабар бўлган...
Омад энг кўп кимга кулиб боққан?

Сурат манбаси, AFP
Forbes нинг ёзишича, шу орада энг бойиган Facebook Бош директори Марк Цукерберг бўлган.
Энг бадавлат 25 миллиардер орасидан айнан у доллар эквивалентида энг кўп пул ишлаб олган.
Бойлиги 31 миллиард доллардан ортиқроққа ошган.
Facebook ҳиссалари ўтган икки ойнинг ичида деярли 60% га қимматлаган.
Бунда Facebook нинг кичик бизнес эгаларига мўлжалланган янги лойиҳаси иш берган.
Пандемия ва инқироз шароитида ҳам сармоячиларнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Бойлиги янада ошган Марк Цукерберг натижада дунёнинг энг бадавлат тўртта одамидан биттасига айланган.
Бу борада унга ҳатто "Amazon" асосчиси ва Бош директори Жефф Безос ҳам бас кела олмаган.
Дунёнинг энг бой одами ҳиссалари бор-йўғи 29% га қимматлагани кўрилган.
Forbes нинг ёзишича, ҳатто шунда ҳам, дунёдаги энг бадавлатлари сирасига кирувчи бу 25 миллиардердан бирортаси камбағаллашмаган.
Пандемия шароитида, айниқса, бойликлари IT-ширкатларидаги улушларига боғлиқ бўлган миллиардерлар энг кўп ютишган.
Алишер Усмонов-чи?

Сурат манбаси, official
Сўз Forbes таснифида дунёнинг энг бой 25 миллиардери ҳақида боргани учун ҳам, бу рўйхатда Алишер Усмонов йўқ.
Аммо журнал яқинда пандемия ва иқтисодий инқирозга қарамай, бойишга улгурган россиялик 10 миллиардер борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
Бойлигига бойлик қўшишга улгурган россиялик миллиардерлар рўйхатида Сулейман Керимов ва унинг оиласи пешқадамлик қилган.
Уларнинг бир йилнинг ичида қарийб тўрт миллиард доллар ишлаб олганликлари маълум бўлган.
Фонд биржасидаги ноқарорликлар ва жаҳон нефть бозоридаги таназзул манзарасида бойлигига бойлик қўшилган россиялик миллиардерлар орасида Алишер Усмоновнинг ҳам борлиги кўрилган.
Миллиардер бу рўйхатда олтинчи ўринда келган.
Агар, Forbes нинг ҳисоб-китобларига таянилса, асли ўзбекистонлик миллиардернинг бойлиги ўтган бир йил ичида қарийб бир миллиард долларга ортган - $800 миллион долларни ташкил этган.
Алишер Усмонов таркибига "Металлоинвест", "Мегафон" ва Mail.ru Group кирувчи USM холдинги асосчиси бўлади.
Forbes унинг жорий пайтдаги бойлигини $13,4 миллиард доллар, деб баҳолаган.
Алишер Усмонов Россия ва Британиянинг энг бой одамларидан биттаси сифатида кўрилади.
Коронавирус, Ўзбекистон ва Алишер Усмонов

Сурат манбаси, official
Глобал коронавирус пандемияси, устма-уст табиий офатлар ва Сардоба сув омборидаги техноген ҳалокат билан кечган ўтган икки ой ичида айнан Алишер Усмонов Ўзбекистонга энг кўп молиявий ёрдам берган ва бераётган четдаги асли ўзбекистонлик миллиардер экани кўрилган.
Рамазон Ҳайити арафасида эса, миллиардернинг Ўзбекистондаги минглаб эҳтиёжманд оилаларга қилган хайрияси маҳаллий ва минтақавий оммавий-ахборот диққат-эътиборига тушган мавзу бўлган.
Шу йил март ойи охирида миллиардернинг ўзини коронавирус сабаб, Тошкентдаги уйида изоляция қилганига оид хабарлар олинган.
Бу ҳақда ўшанда Алишер Усмоновнинг ўзи Forbes га маълум қилган.
Асли ўзбекистонлик миллиардер пандемия бой ва камбағални танламаслигини айтган.
Ҳозирда энг муҳими - глобал офатга қарши бирлашиш эканини таъкидлаган.
Пандемия вақтидаги бизнес ёки хайрия режалари борасида маълумот бермаган.
Аммо бундан аввал Россия телеканалларидан бирига берган суҳбатида Ўзбекистон ва унинг раҳбариятига ёрдам беришга ҳар доим ҳозирлигини изҳор этган.
"Ўз ватанида хайрия жамғармаси очиш учун Ўзбекистон раҳбариятидан рухсат сўрашдан тортинмаслиги"ни ҳам айтган.
Глобал коронавирус пандемияси манзарасида четдаги асли ўзбекистонлик миллиардерларнинг Ўзбекистонга қанчалик ёрдам беришлари кибер фазода бўй кўрсатган хос мавзу, саволлардан бири бўлган.

Сурат манбаси, official
Алишер Усмоновнинг биргина пандемия ва Сардобадаги техноген офат боис Ўзбекистонга берган кўмаги бир неча ўн миллион долларга етган.
Бу маблағдан энг кўпини коронавирусга қарши кураш учун берилгани ташкил этган.
Худди шу манзарада миллиардер бераётган ёрдамларнинг тақсимоти кибер фазода алоҳида гап бўлган мавзулардан бирига ҳам айланган.
Усмонов пуллари ҳам жойланган карточкаларни жабрдийдаларга шахсан ўзи тарқатиш билан Ўзбекистон президенти Сардоба мисолида бу каби гап-сўзларни босиб чиққандек ҳам бўлган.
Шу кунларда Ўзбекистонга бераётган ёрдамлари фонида миллиардер ўзининг қанчалик орқа планда қолаётгани кибер фазода алоҳида гап бўлаётган мавзулардан бири экани кўрилган.
Хос эътибор қаратилган нуқта - миллиардер Ўзбекистонга бераётган кўмагини қанчалик кўз-кўз этишдан қочиши бўлган.
Орада кечган вақт давомида етакчи маҳаллий интернет нашрларида Алишер Усмоновнинг Ўзбекистонда қиймати бир неча юз долларга баҳоланувчи йирик лойиҳаларни амалга ошираётгани ҳақида ҳам ёзилган.
Ўтган йили ўзи туғилиб ўсган Наманган вилоятига $100 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам бергани ҳам хабар қилинган.
Ўзбекистон Президенти миллиардерни 2018 йилда "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлаган.
У бир Ўзбекистон президенти томонидан бу каби шарафга лойиқ, деб топилган четдаги биринчи ўзбек миллиардери бўлган.
Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида мамлакатнинг ўзи ва ташқарисидаги олигархлар мавзуси хуш қаршиланмаган.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













