Жаҳон чемпионати: 'Ўзбекистон кейинги босқични нақд қилди дейиш мумкин'

Сурат манбаси, UFF

    • Author, Феруза Раҳмон,
    • Role, Би-би-си, Лондон
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаевнинг Фужайрадан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида айтишича, Марокашга қарши дуранг натижа ҳам ўзбекистонлик ўсмирларнинг ўз гуруҳларидан чиқишларига кифоя қилади:

Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси душанба куни гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-тур учрашувини ўтказган ва гуруҳ пешқадами Марокаш билан 0:0 дуранг натижа қайд этганди.

Айни ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, илк учрашувида Хорватияни йирик ҳисоб билан мағлуб этган Марокаш ўсмирлар миллий терма жамоаси ўз ёш категориясида Африка қитъасининг энг кучли жамоаларидан бири саналади.

Аммо дастлабки икки тур учрашувини бир ғалаба ва бир дуранг билан бошлаган Ўзбекистон марокашлик рақиблари билан бир хил натижа қайд этиб турибди.

Яъни, ҳам Марокаш ва ҳам Ўзбекистон жорий пайтда тўрттадан очко билан "С" гуруҳида пешқадамлик қилиб туришибди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг сўнгги учрашувига қадар бу икки жамоа кейинги босқичга чиқиш учун етарлича очко тўплаб бўлишган.

Ўзбекистон 24 октябр куни 3-тур учрашувини Хорватияга қарши ўтказса, Марокаш гуруҳ аутсайдери Панамага қарши майдонга тушади.

Кейинги босқичга эса, ўз гуруҳида биринчи ва иккинчи ўринни олган миллий терма жамоалар тўғридан-тўғри чиқишади.

Аммо ўз гуруҳида яхши кўрсаткич билан учинчи ўринни эгаллаган жамоа ҳам бунга имконли бўлади.

Ўсмирлар ўртасидаги бу йилги жаҳон чемпионати 17 октябр куни Бирлашган Араб Амирликларида старт олган ва 8 ноябрга қадар давом этади.

Бу галги жаҳон биринчилигида Осиё қитъасини амалдаги чемпион Ўзбекистондан ташқари, мезбон Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Ироқ ва Япония намоён этишмоқда.

Жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб бораётган 24 миллий терма жамоа орасида МДҲ давлатлари орасидан фақат биргина Россия бор.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Россия гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки икки учрашувидан бирорта ҳам очко тўплашга муваффақ бўлмаган.

Илк учрашувини Япония, кейингисини эса, Тунисга бой берган.

Жорий пайтда қолган гуруҳларда Бразилия, Япония, Италия, Марокаш пешқадамлик қилиб туришибди.

"Е" ва "F" гуруҳи вакиллари эса, 2- тур учрашувларини бугун сешанба куни ўтказишади.

Осиё жамолари орасидан энг яхши кўрсаткични икки ўйиндан 6 очко тўплашга муваффақ бўлган Япония қайд этиб турибди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси ўзи илк бор иштирок этган 2011 йилги жаҳон биринчилигида тарихий натижа қайд этиб, чорак финалга чиқишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси Бош мураббийи Дилшод Нуралиев эса, Марокашга қарши учрашувдан сўнг ФИФА расмий веб саҳифасига берган суҳбатида, "агар, ҳар бир ўйинга тўғри тайёргарлик кўрилса, Худо хоҳласа, жаҳон чемпиони бўлиш ниятини ҳам амалга оширишлари мумкин"лигини айтди: