Чемпионлар чемпиони Оврўпо Суперкубоги соҳиби ҳам бўлди

Бу - "Бавария"нинг ўз тарихида илк бор Оврўпо Суперкубогини қўлга киритиши бўлди

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Бу - "Бавария"нинг ўз тарихида илк бор Оврўпо Суперкубогини қўлга киритиши бўлди
    • Author, Феруза Раҳмон,
    • Role, Би-би-си, Лондон

Бу йилги Оврўпо Суперкубоги Олмониянинг амалдаги чемпиони "Бавария" жамоасига насиб этди.

Оврўпо Лигаси Кубоги соҳиби Лондоннинг "Челси"сига қарши кечган ўйинда ғолибни 11 метрлик пенальтилар серияси аниқлаб берди.

Оврўпонинг энг олд икки жамоаси ўртасидаги учрашув кеча 30 август куни кечқурун Праганинг 21.000 томошабинга мўлжалланган "EDEN ARENA" стадионида бўлиб ўтганди.

Икковлон ҳам ўзларининг янги Бош мураббийлари: Пеп Гвардиола ва Жозе Моуриньо бошчилиги остида майдонга тушишганди.

Сўнгги сонияларига қадар кескин курашлар остида кечган ўйиннинг асосий(1-1) ва қўшимча вақти(2-2) ҳам дуранг ҳисоби билан якунланди.

Тўпларни Фернандо Торрес, Франк Рибери, Эден Азар ва Хавьер Мартинеслар ўз ҳисобларига ёзишди.

Гвардиола жаҳон футболи оламида ўз фаолияти давомида уч бор бу каби ютуққа эришган илк Бош мураббий бўлди

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи, Гвардиола жаҳон футболи оламида ўз фаолияти давомида уч бор бу каби ютуққа эришган илк Бош мураббий бўлди

Шундан сўнг бу йилги Оврўпо Суперкубоги соҳибини аниқлаш учун 11 метрлик жарима тўплари белгиланди.

Пенальтилар сериясида олмон жамоаси россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг бойвачча мовийларини 5:4 ҳисобида мағлуб эта олишди, холос.

Мовийларга Ромелу Лукаку панд берди. Бельгиялик футболчи "Бавария" дарвозасига сўнгги - бешинчи 11 метрлик жарима тўпини кирита олмади.

Прагада кечган ўйин "эски рақиблар", яъни икки номдор Бош мураббий орасидаги "аёвсиз кураш" сифатида ҳам талқин этилганди.

Бу - "Бавария"нинг ўз тарихида илк бор Оврўпо Суперкубогини қўлга киритиши бўлди.

Олмон жамоаси испаниялик янги Бош мураббийи Хосеп Гвардиола бошчилиги остида бу каби ютуққа эришди.

Лондоннинг "Челси"си эса, бундан аввалги футбол мавсумида Чемпионлар Лигаси Кубоги, бу йил эса, Оврўпо Лигаси Кубоги соҳиби сифатида Оврўпо Суперкубогини бой берди.

Тарихча ўрнида

Роман Абрамовичнинг мовийлари эса, 1998 йилда Мадриднинг "Реал"ини енгиб, бундай шарафга нойил бўлишган

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи, Роман Абрамовичнинг мовийлари эса, 1998 йилда Мадриднинг "Реал"ини енгиб, бундай шарафга нойил бўлишган

Оврўпонинг энг олд жамоаларидан бири, беш маротаба Чемпионлар Лигаси, бир марта Оврўпо Лигаси Кубоги соҳиби эканига қарамай, шу пайтгача Олмониянинг "Бавария"сига Оврўпо Суперкубоги насиб этмаганди.

Роман Абрамовичнинг мовийлари эса, 1998 йилда Мадриднинг "Реал"ини енгиб, бундай шарафга нойил бўлишган.

Аммо улар Чемпионлар чемпиони мақомида 2011/2012 йилги футбол мавсумида йирик ҳисобда ютқазиб, Оврўпо Суперкубогини Мадриднинг "Атлетико" жамоасига бой беришганди.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, "Пеп" Гвардиола Испаниянинг наҳанг "Барселона"си билан ўз карьерасида икки бор Оврўпо Суперкубогини қўлга киритган.

Ўзи бу йилги футбол мавсумида иш бошлаган янги жамоаси - "Бавария"нинг сўнгги ғалабаси билан эса, Гвардиола жаҳон футболи оламида ўз фаолияти давомида уч бор бу каби ютуққа эришган илк Бош мураббий бўлди.