|
НАТО воизи: 'Андижон воқеаларини ҳеч ким унутгани йўқ' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ўзбекистон матбуотида кенг ёритилаётган ташкилот Бош котиби Яап де Хооп Схеффернинг табригида НАТО Ўзбекистон билан мулоқот ва ҳамкорликка тайёрлигича қолиши урғуланади. Андижон хунрезлиги ортидан НАТО ҳам Ўзбекистонни мустақил текширувга чақирган ва рад жавоби ортидан орада муносабатлар анча совуганди. АҚШ ва ё Британия раҳбарлари Ўзбекистон президентини табриклашдан ўзларини тийиб туришибди. Шу манзарада жаноб Схеффер Президент Каримовни ғалаба билан табриклаётган ғарблик энг катта мулозимдир. Би-би-си НАТО воизи Жеймс Апатурайни суҳбатга тортиб, айни ҳолатни изоҳлаб беришни сўради. Жеймс Апатурай: НАТО бош котиби Ўзбекистон президентини қайта сайлангани билан табриклагани йўқ, балки уни янги муддати билан табриклади. Жаноб Схеффер сайловлар борасида ҳеч қандай шарҳ бергани йўқ. Би-би-си: Аммо Президент Каримовнинг қайта сайланиши билан унинг учинчи муддати ўртасида қандай фарқ бор? Жеймс Апатурай: НАТО бош котиби бу билан Ўзбекистон президентининг янги муддати бошланганини факт сифатида қайд этаяпти, аммо у ҳеч қандай шарҳ бераётгани йўқ ва шарҳлаш нияти ҳам бўлмаган. Шунинг учун ҳам у ўз хатида сайловлар сўзини тилга олмаган. Би-би-си: Аммо НАТО бош котиби Ўзбекистон конституциясига мувофиқ бир шахс фақат икки муддатга президентликка сайлана олишини биладими? Жеймс Апатурай: Очиғини айтсам, мен буни билмас эдим. Аминманки, бош котиб буни билади, аммо менинг бундан хабарим йўқ. Би-би-си: Президент Каримовга бу каби табрик йўллаш билан НАТО бош котиби нимага умид қилаяпти? Жеймс Апатурай: НАТО ва Ўзбекистоннинг алоқалари жуда ҳам қуйи даражада, деб айтган бўлардим. Андижон воқеаларидан сўнг икки томоннинг алоқаларида чекиниш юз берган. Ҳар икки томондан - ҳам амалий ва ҳам Ўзбекистоннинг НАТО анжуманларида иштироки нуқтаи назаридан. Бу алоқалар ҳозирда жуда ҳам секинлик билан ривожланмоқда. Ўзбекистон баъзи НАТО давлатлари, хусусан, Олмония ҳарбийларининг ўз ҳудудидан Афғонистондаги амалиётларда фойдаланишига изн берган. Шунинг учун ҳамкорлик мавжуд. Аммо бу ҳамкорлик жуда ҳам чекланган. НАТО бош котиби бу каби табрикларни НАТОнинг у ёки бу ҳамкоролик дастурида иштирок этадиган барча давлатлар раҳбарларига юборади. Бу ана шу давлат билан ўртада ҳамкорлик мавжудлигининг бир эътирофи, холос. Би-би-си: Яқинда Президент Каримов Оврўпо ва Америка билан яқинлашишга тайёр эканига ишора қилди. У истаса, НАТО ҳам Андижон воқеаларини унутиб, Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёрми? Жеймс Апатурай: Ҳали айтганимдек, бизнинг Ўзбекистон билан муносабатларимиз бор ва бу муносабатлар жуда ҳам чекланган. Бу ҳаммага маълум сабаблар, яъни Андижон воқеалари туфайли. Алоқалар ҳозирда аста-секинлик билан жонланаяпти, аммо Андижон воқеаларига қадар бўлган даражада эмас. Оврўпонинг бу қисми ва мен ўтирган бино - НАТОда Андижон воқеаларини ҳеч ким унутгани йўқ. |
ИЧКИ САҲИФАЛАР Олмония кучлари Термизда қолади12 Декабр, 2005 | Bosh Sahifa Олмония кучлари Ўзбекистонда қолади25 Ноябр, 2005 | Bosh Sahifa Ўзбекистон НАТО амалиётларига чеклов қўйди 24 Ноябр, 2005 | Bosh Sahifa Ўзбек вазири НАТО учрашувига бормади09 Июн, 2005 | Bosh Sahifa НАТО Ўзбекистонни огоҳлантирди 24 Май, 2005 | Bosh Sahifa Андижон дунё диққат марказида 15 Май, 2005 | Bosh Sahifa НАТО - Ўзбекистон: ҳамкорлик давом этади20 Октябр, 2004 | Bosh Sahifa НАТО ва Марказий Оcиё: ҳамкорлик истиқболлари15 Октябр, 2004 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||