|
Андижон дунё диққат марказида | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Бугун минтақа давлатлари ҳам, Америка, Британия, Оврўпо Иттифоқи ва НАТОнинг босиқлик билан иш тутиш ва зўравонликларни тугатиш чақириқларига қўшилишган. Россия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мишел Барние Ўзбекистондаги ҳодисаларни муҳокама этиш учун Венада учрашишган. Россия ташқи ишлар вазири зўравонликларни бошланиб кетишига ҳудуддаги экстремистларни айблаган. Айни дамда бунинг БМТнинг аксил-терроризм қўмитаси томонидан тергов этилиши лозимлигини айтган. Қўшни Тожикистон ҳам ўз хавотирларини изҳор қилган. Тожик парламенти воизининг биринчи ўринбосари Абдулмажид Дўстиев Итар-Тасс ахборот агентлигига Ўзбекистондаги ҳодисаларга ҳеч ким бефарқ қарай олмайди, бу қўшни мамлакатларга ҳам осонлик билан ёйилиши мумкин деб айтган.
Туркия ташқи ишлар вазирлиги чикарган баёнотномага кўра, "агар Ўзбек хукумати акл-идрок билан иш юритганда ва фуқаролар, норозилик намойиши иштирокчиларига мўътадил муносабатда бўлганда, қон тўкилишларнинг олди олинган бўларди," дейилади. Кеча кечқурун НАТО бош котиби Яап де Хуп Схеффер ташкилот Тинчлик учун ҳамкорлик дастурига аъзо Ўзбекистоннинг зиддиятларга тинч йўл билан ечим топиш дохил, ҳамкорлик тамойилларига бўйсунишини кутиб қолади, деб айтганди. Британия матбуотида ҳам Ўзбекистондаги воқеалар кенг ёритилмоқда. Бугун якшанба газеталари ҳам бунга катта эътибор каратган. Индепендент газетаси Ўзбекистондаги ҳодисани "қирғин" деб атаган. Обзервер газетаси "Ўзбекистон тўқнашувлар тарқалиши ёқасида" деган сарлавҳада мақола чоп этган.
Газетадаги "Американинг мустабид тизимни қўллаб-қувватлаётганига ғазаб" деган сарлавҳали мақолада Ўзбекистондаги намойишларни бостирилишининг нақадар ваҳшиёна бўлгани борасида янги далиллар юзага чиқар экан, Вашингитоннинг инсон хукуклари, демократия ва озодлик борасида иккиюзлама сиёсатига танқидлар яна ошган дейилади. Британиянинг бошқа бир Сандей Телеграф газетасига кўра, Президент Каримовни террорга қарши урушда асосий иттифоқчиси деб кўрадиган Кўшма Штатлар учун бу тартибсизликлар бошоғриқ бўлади. "Гарчи Президент Буш собиқ совет республикалари бўлмиш Қирғизистон, Украина ва Гуржистондаги репрессияга асосланган ҳукуматларнинг ағдарилиши билан фахр этса-да, Вашингтон мухолифларининг овозини шафқатсизлик билан бостирадиган ҳукмдорни қўллаб-қувватловчи сифатида кўриниб, ўзини қалтис вазиятга қўймоқда," дейди Сандей Телеграф. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||