|
Нурсултон Назарбоев орзуларни чиппакка чиқардими? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Нурсултон Назарбоевнинг куёви, собиқ ташқи ишлар вазири ўринбосари Роҳат Алиевга айбловлар ана шу можаролар марказида. Қозоғистон Алиевнинг Австриядаги элчилик мақомидан жудо қилди, Венадан уни топширишни сўради. Алиев мен президентликка даъво қилиш ниятида бўлганим учун шу балоларга қолдим, демоқда. Аммо бу воқеа президентлик орзусида бўлган бошқа сиёсатчилару, оила аъзоларининг иштаҳасини ўлдирармикан? Яқин-яқингача қозоғистонлик бир неча сиёсий арбоб, бир кун келиб, Нурсултон Назарбоевнинг курсисига мен ўтираман, деган орзулар оғушида яшар эди. Аммо бу орзулар шу кунлар бир эмас, икки карра чиппакка чиқди. Биринчидан, Президент Назарбоев конституцияни ўзгартиришга муваффақ бўлди ва бу ўзгаришлар ила у эндиликда президентликка ўз номзодини бир неча марта, яна ҳам аниқроқ айтилса, чекланмаган марта қўйиши мумкин. Назарбоев, шунингдек, бу каби орзулар оғушида бўлган ва бир кун келиб унинг ўрнига даъвогарлик қилиш эҳтимолида бўлган ўз куёвини ҳам жиноятчиликда айблаб мавҳ этди. Алиев собиқ хавфсизлик соҳаси раҳбари, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари каби лавозимларда ишлаган. Сўнгги пайтлар у мамлакатнинг Австриядаги элчиси эди. Аммо элчилик мақоми ҳам ундан тортиб олинди. Алиев ўзи эгалик қилаётган банкнинг икки мулозими йўқолиб қолишида айбланмоқда. Роҳат Алиев ўтмишда ҳам Нурсултон Назарбоевнинг ғазабига учраган ва кейинроқ яна мамлакатга қайтишга муваффақ бўлган эди. У 2001 йилда Назарбоевга қарши анчайин очиқ бош кўтара бошлаган эди ва шунда Австрияга жўнатилганди. Аммо у президентнинг қизига уйланган ва афтидан ана шу ҳолат уни сақлаб қолди. Орадан кўп ўтмай Роҳат Алиев ватанга қайтди ва ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимини эгаллади. Зотан, Дариғанинг ўзи ҳам сиёсий иштаҳаларини ҳеч қачон сир тутмаган. Бундан бир йилча аввал ҳам кўпчилик, агар Нурсултон Назарбоев президентликдан кетса ва ё вафот этса, унинг ўрнига Дариға келади, деб ишонарди. Дариғанинг сиёсий партияси тақиқланди. Роҳат Алиевнинг қилмишлари Дариғанинг ҳам сиёсий саҳнадаги фаолиятига нуқта қўйса ажаб эмас. Аммо шунда ҳам Президент Назарбоевнинг курсисига ўтираман, деган орзуни аллалаётган бошқа арбоблар бормикан? Яқин-яқингача, Назарбоевнинг кичик қизи Динара ва унинг қудратли эри Тимур Кулибаев учун бу каби сценарий, яъни Дариға ва Роҳатнинг инқирози айни муддао бўлиб туюлган эса не ажаб... Кулибаев "Самрук" аталмиш холдинг ширкатнинг раис ўринбосари ва айни ширкат Қозоғистон саноатининг аксар қисмини назорат этади. Кулибаев ҳам Алиев каби очиқдан-очиқ бўлмасада, аста-секинлик билан ўз салоҳиятини мустаҳкамлаб бормоқда. Лекин "Самрук" ширкатининг юқори лавозимли раҳбарларига мисли кўрилмаган маошлар белгилани учун куёви президентнинг танқидига учради. Бу Тимур учун ўзига хос огоҳлантириш бўлди, яъни, "қадамингни ўйлаб бос", мазмунида. Президент Назарбоев бир маънода мувозанатли бир ўйинни давом этаётган эди - "ҳеч бир гуруҳ жуда қудратли бўлиб кетмаслиги керак". Аммо сўнгги ойлар Назарбоевнинг сабр косаси тўлган кўринади. Назарбоев учун хатарли ҳолат шуки, у бу ўйинда ўта қаттиққўл шахс сифатида ўртага чиқиши мумкин. Унинг абадий президентлик томон қўйган қадамлари ҳам ғарб давлатлари томонидан олқишланмайди. 2009 йилда Қозоғистоннинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилиш орзуси ҳам орзу бўлиб қолавериши эҳтимолдан холи эмас. |
ИЧКИ САҲИФАЛАР Роҳат Алиев товон эвазига озодликка чиқарилган04 Июн, 2007 | Bosh Sahifa Қозоғистон президентининг куёви ҳибсга олинган01 Июн, 2007 | Bosh Sahifa 'Алиев ҳеч қачон демократия учун қайғурмаган'29 Май, 2007 | Bosh Sahifa Роҳат Алиев айбловларни рад этди29 Май, 2007 | Bosh Sahifa Қозоғистон Роҳат Алиевга халқаро қидирув эълон қилди28 Май, 2007 | Bosh Sahifa Роҳат Алиев: 'барча саволларга жавоб беришга тайёрман'24 Май, 2007 | Bosh Sahifa Қозоғистон президенти куёвига жиноий иш очилди23 Май, 2007 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||