|
Қозоғистонда нон излаб ёҳуд 21-аср қуллари | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Хоразмлик 54 ёшар Зоҳир Машарипов - 21-аср қули. У ўтган йил ишсиз рафиқаси ва тўрт фарзандини боқиш, рўзғорини тебратиш учун пул топиш илинжида Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига келган, бироқ очлик ва оғир меҳнат билан олти ой ўтказганига қарамай, бугун унинг қўлида бир чақаси йўқ. Иш берувчи уни бошқа кимсадан сотиб олганини даъво қилиб, меҳнати эвазига ҳақ тўлашдан бош тортган. Қулга иш берган шахс уни маҳаллий полициядан рўйхатдан ҳам ўтказмаган ва аксар ҳолларда қулфлоқ сақлаган. У норасмий бир тарзда қул, расман эса ноқонуний муҳожир. Одатда ноқонуний муҳожирлар, шикоятлари нақадар аянчли бўлишига қарамай, ватанларига мажбуран қайтарилади. Аммо Машариповнинг бу жиҳатдан омади бироз чопган. Унинг иши билан Чимкентда жойлашган Сана Сезим ҳуқуқ маркази шуғулланмоқда. Марказ раҳбари Хадича Абишеванинг айтишича, Қозоғистонга келаётган хорижий фуқаролар ичида ўзбекистонликлар энг ожиз аҳволдалар.
Зоҳир Машарипов ўз ишининг ўта секин кўриб чиқилаётганидан шикоят қилмоқда. Унинг айтишича терговчилар унинг тўла хаққини ундириб бермасдан, уйига жўнатмоқчи. Хуқуқшунослар ҳам имиллаяпти. "Инсон сифатида, мен жаноб Машариповнинг ғазаб ва даъволарини тушунаман. У 21-асрда шундай аҳволга тушиб қолганига ишониш қийин, аммо бу факт, бу ҳоллар мавжуд! Лекин бизнинг ҳам имкониятларимиз чегараланган. Мен билмайман, жаноб Машарипов қанчалар англаб етаётир бу вазиятни, ахир бундан анча ёмон бўлиши ва уни умуман Қозоғистондан чиқариб юборишлари мумкин эди," - дейди Абишева хоним. Айнан шундан чўчиган, алданган ўзбекистонлик мардикорлар одатда полиция ёки бошқа жамоат ташкилотларига мурожаат этмайдилар, балки можарони ўзаро ҳал этишга, ёки тақдирга тан бериб, бошқа иш берувчини топиб, яна омадларини синаб кўришга уринадилар. Наманганлик қурувчи Абдуллажон хам шундай йўл тутганлардан. "Талаб қилдим ҳаққимни, лекин жуда қаттиқ қилмадим. Чунки ўшалар орқали келгандим. Ака, пул беринг, дедим. У охирида ҳисоб-китоб қилишини, уйимдагиларга пул берганини айтди. Уйга телефон қилиб билсам, ўзбек сўмида 60 минг пул берибди. Мен уялдим кейин, ўзимдан ўзим жаҳлим чиқиб қолди, нимага келдим ўзим, 60 мингга дадам ва онам зор эмасди-ку," - деб ҳикоя қилади Абдуллажон. Беш ойлик ишлаган экансиз, ҳаққингизни тўла ундириб олиш учун ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишни ўйламайдингизми, деб сўрайман. "Йўқ, ака, у ҳам Намангандан. Мен бу нарсани ўзимга эп кўрмадим, ор қилдим. Лекин кўпроқ бизни ўзимизникилар алдаб қўяди." Хоразмлик Зоҳирга ўхшаб Абдуллажонни ҳеч ким қулф солинган дарвозалар ортида ушламаган, аммо ҳужжатлари олиб қўйилган ва ҳизмат ҳаққи тўланмаган мардикорлар одатда кўчага чиқишга ёки бирон кишига мурожаат этишга қўрқадилар.
Ноҳукумат ташкилотлар кўрсаткичларига кўра, ҳар йили 500 минг ўзбекистонлик иш излаб Қозоғистонга ўтади, уларнинг сони охирги икки-уч йил ичида тобора ошиб бормоқда. Мен суҳбатга тортган ҳар бир ўзбекистонлик ишчи ўзи ёки бирор яқини бошидан кечирган зўравонлик ҳақида гапиради. Халқаро Муҳожирот Ташкилотининг Алматидаги вакили Екатерина Бадикова мажбурий меҳнат ҳолатларининг аксари ўзбекистонлик муҳожирлар билан боғлиқ дейди. "Биз ўзбекистонлик муҳожирлар билан боғлиқ ҳолатларнинг фақат ўндан бири ҳақида хабардор бўламиз холос. Уларнинг ночор, ҳақ-ҳуқуқсиз, маълумотсиз аҳволидан фойдаланиб қолишни истаганлар кўп, чунки бу иқтисодий жихатдан яхшигина даромад келтиради. Бизнинг ташкилот умуман йилига 200 тача шундай ҳолларни қайд қилади, уларнинг 70-80 фоизи Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ," - дейди у. Бадикова ҳоним билан суҳбатлашаётган чоғим унинг компьютерига яна икки-уч хабар келди. "Ўзбекистонликлар эмасми?" - деб сўрайман. "Йўқ, қозоғистонликларга боғлиқ экан булар. Мана буниси шимолда вояга етмаган қизларнинг фоҳишаликка мажбуран тортилишлари ҳақида." Суҳбатимиздан сўнг, ташкилот ходимлари менга намойиш қилган фильмда Ўзбекистондан алдаб олиб келинган ёш опа-сингилнинг кечинмаларидан ҳикоя қилинади. Қизларга тўқимачилик фабрикасида иш ваъда қилинган, аммо улар ахлат титкилаб пластик идиш йиғишга мажбур этилганлар. Уларга ҳар бир килограм учун саккиз танга, ёки беш цент ваъда қилинган, холос. Роза исмли хўжайин қизлар бўйсунмаса, уларни дўппослатган. Ўзбекистонлик мардикорлар тақдири ҳақида ўрганар эканман, очиғи, даҳшатга тушдим.
Баъзи ҳолларда эса қизиган темир билан уларнинг оёқларига тамға босилган, агар улар қочиб кетишса топиш осонроқ бўлиши учун... Бадикова хоним Актюбинск шаҳрида яқинда фош этилган қорақалпоғистонлик қуллар қандай сақланганини тасвирлаб берди. "Ҳам эркаклар ва ҳам аёлларни ҳар тун бир хонага қамашган, хонадан чиқмасликлари учун у ерда биоҳожатхона ҳам ўрнатишган. Мажмуа ҳудуди бўйлаб итларни занжирсиз қўйиб юборишган, бу итлар ўз хўжайинларидан бошқа ҳар кимсага ҳужум қилган. Қулларни мунтазам равишда дўппослашган, аёлларни зўрлашган," - дейди у. Кўп ҳолларда мардикорни қул қилиб сотиб олган хўжайин иш ҳақини тўлаш у ёқда турсин, балки қулнинг ўзидан ҳақ талаб қилади. Қулликкка тушган яқинларини озод этиш учун ўзбекистонликлар пул тўлашга мажбурлар. Чимкентга Фарғонадан келиб новвойлик қилаётган Ўринбойдан қулликка тушиб қолишдан қўрқмайсизми, деб сўрайман. "Йўқ, мен таваккал иш қиламан. Бошга тушганни кўз кўрар. Эшитганман ундай ҳолларни. Ана ҳатто ўзимни қўшнимни қайнонаси келиб олиб кетди бу ердан. Мен қўрқмайман, йигит киши, қимор, гард кам. Сотворса сотворди, Худога шукур, мана мени сотгани йўқ." - дейди у терлаб-пишиб тандири олдида. У қўшнингизга нима бўлганди, деб сўрайман. "Қўшним Қозоғистонга ишга келганди, сотворишган. Олти ойдан сўнг қайнонаси келиб олиб кетди. Пулларини ололмади, қайта қайнонаси хўжайинга 200 доллар тўлаб, олиб кетди уни." Иқтисодий юксалиш Қозоғистондаги инсонлараро муносабатларни ўзгартирмоқда. Мамлакатнинг кўп қисмларида, айниқса жанубда қозоқ фермерлари хонадонларида ўзбекистонлик хизматкорлар мавжудлиги оддий ҳолга айланган. Баъзилар қулларни ўзаро сотиш аллақачон сир бўлмай қолганини айтишади.
"Ўзбекистонлик қурувчилар ойига 10 минг тангага (80 долларга) ҳам розилар, мени болаларим бунга Чимкентда кун кўролмайди-ку," - дейди у. Бироқ хола сўнгра бироз юмшаб, қулларга кўнгли ачий бошлади. "Мана, мана шунга ўхшаган бечораларни олиб бориб ишлатиб-ишлатиб бир тийин бермасдан ҳам, биридан бирига олибсотарлик қилиб сотвораяпти. Ҳаммасини биламан," - дейди у ўзбекистонлик бозорчиларга ишора қилиб. Алматига қайтиб, ўзбекистонликларни излар эканман, Тастак бозори ташқарисида савдо қилаётганлар орасида Бекободлик 17 яшар Нодира билан танишдим. Аввалига у шаҳардаги хонадонлардан бирида хизматкорлик қилган. Унга ҳам хўжайинлари ҳаққини тўлар-тўламай жавоб беришган. "Қизи кун бермади, урди. Ўзбекча гапирсам, қозоқча гапир, деб мени қўймасди. Қозоқча ўргандим, мажбур бўлдим. Есам, единг дер эди. Кун бермади, шунинг учун чиқиб кетдим. Кейин пулимни сўраб қайтиб борсам, беришмади," - дейди Нодира. Бундай ҳоллардан кўп мисол келтириш мумкин. Аммо, мен суҳбатда бўлган кўп қозоғистонликлар ўзбекистонликларнинг таҳқирланган ва зўравонлик қурбонига айланган ҳолларидан бехабар, хабардорлари эса бу ҳолларни қаттиқ қоралашади. Хўш, бу жабрдийдаларни ким ҳимоя қилиши керак? Ўзбекистон билан Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида меҳнат муҳожирларининг ўзаро ҳаракати борасида келишув йўқ. Келишув йўқ экан, ўзбекистонлик мардикорларнинг мажбурий меҳнат қурбонларига айланишлари хавфи катта.
Бутун Қозоғистон бўйлаб ўтказилган бу жараёнда аниқланган муҳожирларнинг етмиш икки фоизи Ўзбекистондан экани аниқланган. Ҳозирда Қозоғистонга келаётган ҳар бир ўзбекистонлик, ўз иш берувчиси билан тузилган шартномаси асосида шу иш берувчи қўлида уч йилгача меҳнат қилиш ҳуқуқини олишга имкони бор. Хўш, ўзбекистонликлар ўзларини яна қай йўллар билан ҳимоя қилишлари мумкин? Сана Сезим раҳбари Хадича Абишева қуйидаги маслаҳатларни берди: "Агар сиз ноқонуний муҳожир экансиз, сизда қулликка бир қадам. Ҳеч қачон бегона одамларга паспортингизни берманг! Паспортингизнинг нусхасини олиб, ёнингизда сақланг, агар оёқ-қўлингизни боғлаб, паспортингизни олиб қўйишса ҳам, нусхалар ёнингизда бўлсин. Қаерга кетаётгангиз, ким орқали сизни топиш мумкинлиги ҳақида уйда маълумот қолдиринг, яқинларингизда фотосуратингиз бўлсин, уйга зудлик билан боғланиш учун ёнингизда таксофон картасини олиб юринг!" Халқаро Муҳожирот Ташкилотининг "Унумдор далалар ёки Марказий Осиёда Одам Савдоси" номи билан чиқарган охирги ҳисоботларидан бири хулосасига кўра, Марказий Осиё давлатларида одам савдосига қарши чоралар ҳали ишлаб чиқилмаган, қуллик ва одам савдоси ҳолатлари ўта кам ҳолларда маҳкамага оширилади ва ундан ҳам кам ҳолларда кимдир жазоланади. Ҳукуматлар ўзаро келишиб бунга қарши курашмас экан, муаммо кескинлашади, деб огоҳлантиради ҳисобот. Ҳозирча эса, ўзбекистонлик мардикорлар Қозоғистонга йўл олишар экан, аксари таваккал қилишдан бошқа иложи йўқ: кимнингдир омади чопади, кимдир 21-аср қулларининг сафини бойитади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||