|
Ҳашар қачон элга ярашар? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Мустақиллик байрами яқинлашар экан, мамлакат бўйлаб ободончилик ва тозалик ишларига янада зўр берилди. Марказий рўзномалардан бирининг хабар қилишича, байрамга тайёргарлик олдидан ўтказилган умумхалқ ҳашарида 25 минг нафардан зиёд ўқитувчи ва ўқувчи иштирок этган. Маҳаллий матбуотда ҳашар халқ қадриятларидан бири сифатида кўкларга кўтарилади. Унда негадир аксар ҳолларда талаба ва ўқувчиларнинг иштирок этиши эса баъзи мулоҳазаларга чорлайди. Ўзбекистонда ёшларни жамоат ишларига кенг жалб этиш уларда меҳнатга кўникма яратиш сифатида кўрилади. Лекин рўзнома ёзганидек “истиқлол руҳидан баҳра олган ёшлар” ҳашарга ҳамиша ҳам сидқидилдан отланадими? Агар уларда ҳашарда қатнашиш учун кўтаринки руҳ етишмаса, у қандай ҳосил қилинади? Камина пойтахтдаги обрўли олий ўқув юртларидан бирида қуйидаги манзарага гувоҳ бўлди. Савлатли бир катта домла ёшроқ икки домлага уқтирмоқда эди: “Қани, қанча бола йиғдиларинг? Тезроқ бўлинглар, ҳозир юқоридан телефон қилишса яна бизга гап тегади. Тезроқ болалар йўл бўйида кўриниш берсин.” Ёшроқ домлалардан бири эса тест жавоблари осилган девор ёнида омади келганми-йўқми текшираётган йигит-қизларни саволга тутади. У ўқишга кириш бахтига муяссар бўлганларни ёзиб олиб, қўлига супурги ва челак тутқазади. Шу пайт шартнома асосида ўқишга кирган бир норғул йигит шартномани расмийлаштириш учун паспортини олиб келиш учун уйига бориб келиши лозимлигини айтди. “Э, сен ўзи ўқишни хоҳлайсанми, ҳозироқ супургини қўлингга ол, бўлмаса ўрнингни бўшат, ўқишга кираман деганлар мингта,” дейди унга ёш домла. Талабалар машинага ўтиргач, катта домла, афтидан қабул комиссияси раиси, яна йўриқ беради: “Қаранглар, агар бирортаси ишдан ўзини олиб қочса, белгилаб қўйинглар, ўрнига бошқа бола оламиз.” Кейин домла янги талабаларга юзланади: “Уч кун тозалаш ишларида қатнашганинглардан кейин деканатга хат ёзиб бераман, бусиз ўқишга қабул қилинмайсизлар.” Бу йил Тошкентдаги академик лицейлардан бирига ўқишга кирган қувроқ бир йигит эса ўқишга 1 сентябрдан камида бир ҳафта ўтказиб кейин боришини айтади. “Ўқишнинг биринчи ҳафтаси фақат супуриш-сидириш ишлари билан ўтади,” дейди у. Тошкентлик бир ота эса ҳали ўқув йили бошланмай туриб, олтинчи синфга ўтган ўғлининг икки кундан буён мактабдаги тозалаш ишларида қатнашаётганини айтади. “Ўғлимни синфдошларидан бири чақириб кетувди. Мактабга борса муаллимаси синфхонасида йиғлаб ўтирган экан. Ҳашарга етарли ўқувчи йиға олмагани учун директори сўкибди,” дейди бу киши ўғлида муаллимасига нисбатан ҳамдардлик уйғонганидан таъсирланиб. Ҳашарнинг халқ ва жамият ҳаётидаги ижобий ўрнини Ўзбекистонда ҳеч ким рад этмайди. Бироқ гап ҳашарнинг қачон элга ярашиқ тарзда ўтишидадир. Рўзномалар ёзаётганидек “энг, энг, энг” сўзлари билан келадиган байрамлар олдидан уюштириладиган бундай тадбирлар қачон том маънода оддий одамлар, талаба ва ўқувчиларнинг кўтаринки руҳини намойиш этади? | ИЧКИ САҲИФАЛАР Бу йил қайси дарсликни ўқитамиз?21 Август, 2006 | Bosh Sahifa 'Искандарнинг шохи бор!'14 Август, 2006 | Bosh Sahifa Ўзбекистондаги мулкдорларда қачон ором бўлади?31 Июл, 2006 | Bosh Sahifa Безиён ёлғондан гашт олишни хуш кўрадиганлар 24 Июл, 2006 | Bosh Sahifa Ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолгани яхшими?18 Июл, 2006 | Bosh Sahifa Камбағалликми ва ёки фаровон ҳаётга ташналик? 10 Июл, 2006 | Bosh Sahifa Ризқ териш машаққати03 Июл, 2006 | Bosh Sahifa Яна қачон сўкишамиз?26 Июн, 2006 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||