Каримов ва Атамбоев 'даҳанаки жанги' ижтимоий тармоқлар муҳокамасида

Москвадаги МДҲ раҳбарлари норасмий саммитидаги Президент Алмазбек Атамбоев ва Президент Ислом Каримов ўртасидаги "даҳанаки жанг" Интернет ижтимоий тармоқларида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарган.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 8 май куни Москвада бўлиб ўтган МДҲга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий йиғилишида қатнашди ва Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевнинг йиғилишдаги фикрларини танқид остига олди.
Бу бўлиб ўтган "даҳанаки жанг"га ижтимоий тармоқларда нисбатан бир қанча изоҳлар қолдирилди. Ўзбек фаоллари Каримов танқидини олқишлар билан кутиб олган бўлсалар, Қирғиз интернет фойдаланувчилари ўз президентларини қўллаб-қувватладилар.
Каримовга ён босиб гапирган Facebook фойдаланувчиларидан бири "Анфиса Ковганюк" Ўзбек президенти танқидини шундай изоҳлаган: "Қойил, мана энди мен фахрланаман! Баракалла, ҳаммасини тўғри айтибди!". "Vadim Stravchinsky" эса "Ҳаётимда биринчи бор Каримовга ҳурматимни билдираман" деб айтган.
"Новости Узбекистана" Facebook саҳифасида ҳам бир қанча изоҳлар қолдирилган. Жумладан, "Жахонгир Усмонов" шундай деган: "Евроньюсга иккита интервью бергандан кейин Қирғизистоннинг янги тайёрланган навбатдаги президенти ўзини тажрибали мамлакат раҳбари сифатида кўрганга ўхшайди". "Gafurov Dilshodbek" эса "Танқид қаттиқ бўлди, ҳатто Россия ҳам ҳайратда қолди" деб қўшимча қилган.
"Атамбаев дипломатия ва сиёсатни билмайдиган шахс" деб айтган "Mels Rustamov Rustamovich". Кўпчилик қаторида, "Jasurbek Nizomov" "тинчлик" учун Каримовни мақташга улгурган: "Энг зўр юртбошимиз, минг раҳмат мусаффо осмон учун, бошимизга соғ бўлсинлар!!!".
"Jeck Off Page" Қирғиз президентини лаганбардорликда айблаган: "Ким бўлибди бу Атамбаев кимнидир койиш учун. Ўзлари ҳеч қачон ёрдам бермаганлар ва ҳар доим ёрдам сўраб келганлар, ҳозир ҳам Россиядан ёрдам сўрамоқдалар, чунки ўзлари ҳеч нарса қила олмайдилар".

"Eza Djumagazieva" эса мусулмончиликка чақириб шундай деган: "Биласизларми, сиз каби одамлар ўз миллатини шарманда қилади. Мана сиз кабилар халқлар орасида низо келтириб чиқарадилар. Ахир, ҳаммангиз мусулмонсизлар-ку".
Қирғиз Facebook фойдаланувчилари Каримов танқидини Ўзбекистоннинг Қирғизистонга бўлган "ғарази" сифатида қабул қилдилар деб айтиш мумкин.
"Қирғизистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилгани Ўзбекистонга ёқмаяпти, чунки, биз чегара, сув ва газ масалаларини Россия орқали ҳал қилиб олсак бўлади," деб изоҳ қолдирган "Камил Шамырканов". Деярли бир хил фикрни "Nurgul Nurgul" билдирган. "Мен буни кўрдим ва ўйлайманки Атамбаев ҳаммасини аниқ ва тиниқ айтди. Каримов шунчаки бизнинг президент Путинга яқин бўлгани ва биз Божхона Иттифоқига қўшилаётганимиз учун ҳасад қилмоқда. Атамбаев ҳеч кимни Каримов айтганидек айблагани йўқ. Путин, Назарбоев ва бошқа президентлар ҳам Каримовдан хурсанд бўлмадилар. У қандайдир беъмани гапирди, бухгалтерия ва бошқалар ҳақида, шу тўғрими? У Қирғизистонга нисбатан ҳасад ва нафрат билан касалланган!!! Атамбаевга ҳурматларим, муносиб равишда туриб берди!!!". "Алан Холлмс" эса шундай қўшимча қилган: "Каримов золим. Ким Каримовни қўлласа, ўша одамнинг Андижон воқеаларидан хабари йўқ. Албатта, Қирғизистон энди Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг тўлақонли аъзоси ва бу Каримовга жудаям ёқмаяпти".
"ASultan AS" номли фаол Президент Каримовга хайрихоҳлик билдирган. "Президент Атамбаев, шахсан илтимос қиламан, овозингизни ўчиринг, илтимос. Бу ҳолатда, қанчалик ачинарли бўлмасин, мен қўшни давлат раҳбари Каримовни қўллайман," деб ёзган у. "Эрик Эриков" шундай деган: "Каримов ҳеч кимни койимади. У ўзининг фикрини баён қилди ва ўйлайманки, у Украинада урушни тўхтатиш вақти келганини айтишдан қўрқмади".
Хайрихоҳлик билдирганлар орасида "Almaz Alzhambaev" шундай изоҳ қолдирган: "Эшитинглар... Агар Атамбаев Қирғизистон шаън ва шарафини Каримов олдида ҳимоя қила олганида мақтасак арзир эди. Бу ҳолатда Атамбаев Каримов парадга боришни хоҳламаслигини танқид қилиб Путинга лаганбардорлик қилишга қарор қилди, холос ва Каримов унга жавоб қайтарди". "Erenek King" шундай деб қўшиб қўйган: "Алмазбек Шершенович Атамбаев ҳар доим Қирғизистонни шарманда қилади! Эх, мен жуда уятдаман!)) Путиннинг ишончли аъёни)))".
Атамбаевни қўллаб-қувватлаганлар эса қуйидагиларни ёзиб қолдиришган: "Канат Эрикович" - "Қандай ҳолат бўлмасин, мен ўз ҳукмдоримни қўллайман". "Asanbaev Kenjebek" - "Бизнинг призидент Атамбаев энг зўр президент, баракалла".
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












