Тожикистон Роғунни унутаяптими?

Душанбега келган Жаҳон Банки вакиласи Лора Так Роғун борасидаги банк тадқиқоти жорий йил илк ярмида эълон қилинишини айтса-да, банк бу ГЭС қурилишини қўллаши ва ё қўлламаслиги борасида бирон ишора бергани йўқ.
Душанбедаги Би-би-си мухбирига кўра, Жаҳон Банкининг асосий ҳиссадори АҚШ саналади. Бироқ Қўшма Штатлар Конгресси яқинда чиқарган қонунга кўра, АҚШ ташкилотлари бошқа мамлакатларда қуриладиган улкан ГЭС лойиҳаларида иштирок этмайди ва сармоя ҳам киритмайди.
Бу дегани, ҳатто ҳозирги тадқиқот Роғунни қуриш мумкин, деган хулосага келган тақдирда ҳам, барибир, Жаҳон Банки айни ГЭС учун на пул ажратади, на уни қуришда иштирок этади.
Тожикистон эса бу каби улкан ГЭС қурилиши ўз ҳолича уддалай олмайди.
Ҳали бир неча йил олдинги ҳисоб-китобларга кўра, Роғунни қуриш учун камида 3 миллиард АҚШ доллари кераклиги айтилганди. Ундан бери кечган инфляция ҳисобга олинса, лойиҳа янада қимматга тушади.
Тожикистоннинг иккинчи умиди бўлган Россия ҳам ҳеч қачон очиқ тарзда Роғун қурилишини дастаклашини айтмаган. Чунки минтақадаги йирикроқ ва кучлироқ давлат - Ўзбекистон Роғун қурилишига қарши ва Москва кичикроқ Тожикистон учун каттароқ Ўзбекистон билан сан-манга боришни истамайди.
Ўтган йили Президент Ислом Каримов қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги улкан ГЭС лойиҳаларини назарда тутаркан, минтақада сув устидан уруш келиб чиқади, дея огоҳлантирганди.
Эсдан чиққан ГЭС
Душанбедаги мухбиримизга кўра, Тожик ҳукумати аллақачон Роғун ҳақида гапирмай қўйган.
"Илгари ҳар куни давлат телеканаллари ва матбуотида Роғун ГЭСи ҳақида гапиришарди. Ҳозир эса ҳеч гап йўқ" - дейди Би-би-си мухбири Мардони Муҳаммад.

Сурат манбаси, AFP
"Президентнинг парламентга йиллик нутқида ҳам, янги йил табригида ҳам олдингидан фарқли тарзда Роғун ГЭСи эслатилмади" - давом этади мухбиримиз - "Роғун қурилишида ишлаётган минглаб ишчилар эса пулсиз таътитлга чиқариб юборилган".
Дарҳақиқат, ҳали беш йил аввал ҳам мамлакат раҳбарияти ГЭСнинг илк икки агрегати ишга тушиб, мамлакатдаги қиш пайти авжига чиқадиган энергия тақчиллигига барҳам берилишини ваъда қилганди.
Аммо бу муддатдан бир йил ўтибди ҳамки, ҳалиги агрегатлар битмаган. Чунки ушбу агрегатлар ишлаши учун зарур бўлган улкан тўғон тиклангани йўқ.
Ўзбекистонни эса айни шу тўғон ҳам хавотирга солади. Чунки зилзила тез-тез рўй берадиган ҳудудда қурилажак дунёнинг энг баланд тўғонига шикаст етса, бу жанубий Ўзбекистондаги юз минглаб одамлар ҳаётини хавф остига қўяди, деган хавотирлар айтилади.
Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши эсланмаётгани бу улкан лойиҳадан воз кечилганини англатадими ва ёки вақтинчалик танаффусми - номаълум.
Шунингдек, қай сабаблар боис Тожикистон ГЭС ҳақида гапирмаётгани сабаблари ҳам аниқ эмас.
"Балки мамлакат айни улкан ГЭСни қуриб битказишига кўзи етмаётгандир, балки қўшнилари билан муносабатларини ёмонлаштиришни истамаётгандир" - дейди Душанбедан мухбиримиз Мардони Муҳаммад.
Газ ва токдан халққа не наф?
Тожикистон раҳбарияти ҳар вақт уч асосий мақсадни қайтариб келган. Булар - озиқ-овқат таъминотини яхшилаш, Роғунни тиклаб, энергия тақчиллигидан қутулиш ва мамлакатни транпсорт-алоқа боши берк кўчасидан олиб чиқиш.

Аммо Тожикистондаги Роғун ва Қирғизистондаги Қамбар-ота ГЭСлари қурилиши қуйи оқимдаги давлатлар - Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистондаги сув таъминоти ва экотизимга ҳам салбий таъсири этади, деган хавотирлар кучли.
Айниқса, Роғуннинг улкан тўғонида 8-10 йил давомида сув тўплаш керак бўлса, Амударё тортилиб, Хоразм, Бухоро, ғарбий Қашқадарё ва Қорақалпоғистондаги сув таъминоти янада оғир аҳволга тушиши мумкинлиги билдирилади.
Бунинг устига, Ўзбекистон сувталаб пахта экади. Айрим мутахассисларга кўра, сув тортилаётган ҳозирги шароитда Ўзбек ҳукумати кўп сув талаб қиладиган ва таннархи нархидан ҳам қимматга тушадиган пахтадан воз кечиб, мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириши керак.
Ҳозир эса минтақада қаттиқ қиш. Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам энергия тақчиллиги авжига чиққан. Тожикистон Афғонистонга электр сотади. Ўзбекистон эса чет элларга газ ва электр узатмоқда. Бироқ оддий ўзбеклар ва тожиклар қишда тезак ё ўтин ёқиб яшашмоқда.
Шу боис кўплар ўзбеклар ва тожиклар наздида газ ё электр ишлаб чиқариш билан коррупция авж олган бу икки давлатда оддий халқ турмуши яхшиланиб қолмайди.












