Шимолий Тожикистонда замонавий, анъанавий ва Исломий тўйлар

- Author, Ўринбой Усмон
- Role, Би-би-си, Хўжанд
Тожикистонда тўй қилмоқчи бўлган ҳар бир киши бу ҳақда маҳаллий ҳукуматни хабардор этиши шарт.
Маҳаллий ҳукуматда эса келин ва куёвнинг ота-онасидан тўй ва бошқа маъракаларни тартибга солиш борасидаги қонун доирасида тўй ўтказиш ҳақида тилхат олинади.
Расмийлар янги қонун жорий қилингач, миллионлаб сомоний маблағ тежаб қолинганини айтишади.
Лекин, кузатувчилар фикрича, гарчи тўйга айтилаётган меҳмонлар сони, тўй вақти чекланган бўлса-да, бошқа чиқимлар ошиб кетган.
"Карнайни эшитиб, тўйхонага чопаверманг!"
Карнай садоси меҳмонларни тўйга чорламоқда.
Лекин илгари уй томларига чиқиб, шаҳар ё қишлоқ кўчаларида айланиб чалинадиган карнай-сурнай каби ҳаммани эмас, фақат тўйга таклиф этилганларни чорламоқда.
Тўйга эса, агар ош тортилаётган бўлса, 200 кишидан, никоҳ оқшоми бўлса, 150 кишидан кўп бўлмаган меҳмон келишга ҳақли, холос.
Агар меҳмонлар сони белгилангандан ошиб кетса ёки Тожикистонда амал қилаётган тўй ва бошқа маъракаларни ўтказиш тартибига оид ҳукумат қоидалари бузилса, тўй эгаси ҳеч бўлмаганда жаримага тортилади.
Тўй эгаси ортиқча меҳмон келмасин-да, деган хавотирда, тўйхонада эса, ёр-ёр садоси янграб, меҳмонлар келин-куёв истиқболига ўринларидан туришади.
21 ёшли Ғолибжон Тожикистонда тўйларнинг тартибга келтирилганидан мамнун.
"Илгари ким қандай хоҳласа, ўшандай қиларди. Бу баъзи бирлар учун яхшидир, лекин кўплар учун жуда оғирлик қиларди бу. Камбағаллар қарз олиб бўлсада яхшироқ тўй ўтказиш учун уринишарди. Лекин оқибатда қийналиб қолишарди. Масалан, мен яқинда уйландим. Тўй жуда қимматга тушгани йўқ. Худога шукр, тўйдан кейин қарз бўлиб қолмадик," дейди Ғолибжон.
Лекин, барибир, тўйдан кейин қарздор бўлиб қолаётганлар йўқ эмас, дейди Ғолибжон.
"Қарз бўлиб қолгандан кейин оилавий ҳаётга ҳам таъсир этади. Масалан, биз баъзи бир қудаларнинг тўйдан кейин жанжаллашиб қолишганини эшитамиз. Тўйдан кейин яхши еб-ичмаётганлари ҳақидаги хабар янги келиннинг ота-онаси қулоғигача етиб боради. Улар ҳеч нарсалари йўқ экан-ку, қарзга тўй қилишган экан-да, дейишади. Шу тариқа айрим янги оилалар ажралиб кетишпти."
"Россиядаги тўйга тайёргарлик"

Душанбедаги олий ўқув юртларининг бирининг талабаси Рустам келаётган шанбада тўйи бўлишини айтди.
Рустам тўйга қанча сарфланаётганини билмайди, лекин бу тўйни ўтказиш учун ота-онасидан ташқари акаси, янгаси ва ўзи ҳам тер тўкишганини айтди:
"Акам ва янгам Росияда ишлашади, мен дарсдан бўш пайтларимда Душанбедаги битта фирмада ишлаб пул тўпладим."
Ҳали янги келинчак Зилоланинг эри ҳам Россияда ишлаб, тўйга пул жамғарган.
"Келин ўзимизнинг атлас, дўппини кийса, қандай яхши. Лекин ҳозирда эски урф-одатларимиз унутилиб кетган. Тўйларда ёр-ёр ва келинсаломдан бошқаси қолмаяпти," дейди тўйда миллий келинлик либоси кия олмаганидан афсус билдириб Зилола.
Никоҳ тўйлари олдидан, тўй пайтида қарияларнинг "Қўша қаринглар" деган дуоси такрорланиб туради.
Лекин Зилоланинг айтишича, тўйдан сўнг ҳеч қанча ўтмасдан ажралиб кетаётган ёш оилалар кўпайиб бораяпти.
"Замон тақозоси билан кўп йигитларимиз Россияда, муҳожиратда. Шу сабабли келин-куёв бир-бирини кўрмасдан турмуш қуриш кўпайган. Куёв Россиядан туриб ота-онаси топган қизга уйланишга розилик беради. У Россиядан келиб уйланади-да, тўйдан бир ой ўтар-ўтмас яна қайтиб кетади. Чунки ишлай деса, Тожикистонда иш йўқ. Ёш келин қолаверади," дейди у.
"Шаҳар тўйхонаси ҳақи билан ўтадиган қишлоқдаги тўй"
Журналист Хайрулло Исмоиловнинг кузатишича, Тожикистоннинг турли минтақаларида тўйлар бир-биридан фарқ қилади. "Масалан, Хўжанд шаҳрини оладиган бўлсак, тўйхоналар нархи қиммат. Айрим тўйхоналар нархи 1000 доллардан бир ярим минг долларгача. Бунга дастурхонга қўйиладиган мева-чева, озиқ-овқат, ичимликлар, санъаткорларнинг хизмати кабилар кирмайди. Лекин, масалан, Истаравшан ноҳиясини оладиган бўлсак, тўй ўтказиш Хўжандга қараганда анча арзон. Тўйхоналар 500 сомонийга, ундан ҳам оз пулга бор, жуда қиммат бўлса, бир ярим минг сомонийга етади," дейди журналист.
500 сомоний 110 долларга тенг келади.
"Қишлоқларда эса, тўйлар ҳовлиларда ўтказилади. Бунда ортиқча чиқим қилинмайди. Агар солиштирадиган бўлсак, Хўжандда биргина тўйхона учун бериладиган бир ярим минг долларга кўп қишлоқларда тўйни бошидан охиригача ўтказса, келин тушириб олса бўлади. Қишлоқларда одамлар кўрпангга қараб оёқ узат, деганларидай ҳолига яраша тўй ўтказади. Лекин Хўжандда эмас. Масалан, катта шаҳарларда бир киши номи чиққан санъаткорларни чақириб, дастурхонни қиммат нарсаларга тўлдириб ташлаб тўй ўтказса, буни кўрган қўшниси қўли калта бўлса-да, қарз кўтариб, ундан қолишмаслика интилади. Тўғрироғи чиранади," дейди Хайрулло Исмоилов.
"Исломий тўй ўтказавер, фақат…"

Исмини ошкор этмаслик ва овозини ёзиб олмасликни сўраган йигирма беш ёшли йигитнинг айтишича, кейинги йилларда Шимолий Тожикистонда Исломий тўйлар ўтказиш кўпайган ва бу тўйлар ўта камчиқим ўтарди.
Лекин Хўжанддаги худкуш ҳужумчи содир этган портлашдан сўнг Исломий тўй ўтказмоқчи бўлган кишиларга маҳаллий ҳукуматда "майли, ўтказаверинг, ихтиёрингиз, лекин фақат сиз, оилангиз эмас, тўйга келадиган ҳамма меҳмонлар рўйхатга олинади. Бордию тўйдан кейин сўроққа чақириб қолишса, хафа бўлиб қолманг яна," дея огоҳлантиришмоқда, деди суҳбатдош йигит.
Журналист Хайрулло Исмоиловнинг айтишича, Тожикистонда тўй ва маъракаларни тартибга келтириш бўйича қарор қилингандан сўнг тўйдан олдин ва кейин бўладиган маъракалар камайган, меҳмонлар сони чекланган бўлса-да, лекин кўп ҳолларда тўй чиқими ошган.
Тўйхоналар нархи ошишидан ташқари, дастурхонга қўйиладиган ноз-неъматлар қўпайган ва иложи борича қимматроқ егулик ва ичкиликлар қўйилмоқда.
"Олдинлари тўйхоналарда ҳофизларга пул қистириларди. Лекин пул қистириш, пул сочиш ҳам таъқиқлаб қўйилди. Лекин биласизми, санъаткорлар қандай йўл тутишди? Улар хизмат нархини бир неча баравар оширишди. Ҳозирда битта тўйга 500 доллардан 1000 долларгача хизмат кўрсатадиган санъаткорлар кўпайган. Тўй дастурхони ҳам дабдабали бўлиб кетаётир," дейди журналист Хайрулло Исмоилов.
Кузатувчилар Тожикистонда тўйларни тартибга келтиришнинг ижобий томонларини айтиш билан бирга, айни пайтда тўй ва маъракаларни назорат этиш учун янги вазифалар очилганини таъкидлашади.
Ҳар бир қишлоқ, шаҳарда мавжуд бу вазифаларда ишлаётган кишиларга бериладиган маош оддий одамлар тўлайдиган солиқ ҳисобидан эканлигини сира ўйлаб кўришганмикан, дейди кузатувчи Ислом Расулов.












