Чегарадаги миналар ва ё огоҳлантириш билан портлашлар олди олинадими?

- Author, Ўринбой Усмон
- Role, Би-би-си, Хўжанд
Тожикистонда Ҳендикап Интернешнл халқаро ташкилоти чегараолди манзиллари аҳолисини пиёдаларга қарши мина хавфидан огоҳлантириш борасида иш бошлаган. Ташкилот дастури Шимолий Тожикистондаги энг кўп мина портлашлари юз берган Исфара, Ашт ва Панжакент туманларини қамраб олган.
Расмийларга кўра, ўзбек-тожик чегарасида дастлабки инсон ҳалокатига олиб келган мина портлашидан сўнг ҳалок бўлганлар сони 80 нафарга яқинлашган, яраланганлар сони эса, 80 нафардан ортган. Минадан жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.
Халқаро ташкилот мутахассисларига кўра чегарадаги миналар олиб ташланмас экан, оддий одамларнинг минага дуч келиш хавфи мавжуд.
'Бири олиб қамайди, бирида портлайсан'
Исфара туманига қарашли Лаккон қишлоғининг бир томони Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти, иккинчи томони Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан туташиб кетган.
"Биз фарғоналиклар, айниқса, қўшни яйпанликлар билан доим борди-келди қилиб келганмиз, қиз олиб, қиз берганмиз",- дейди лакконлик Атамжон Шокиров.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасига қўйилган чегарага қўйилган минага дуч келиб ҳалок бўлган ва яраланганлар орасида лакконликлар ҳам бор.
Атамжон Шокировнинг айтишича, ҳалигача чегарада миналар турибди ва уларни олиб ташлаш ҳақида ҳеч ким ўйлагани ҳам йўқ. Унга кўра, мина хавфи борлигини билган ҳолда чегарага яқин боришлар ҳам йўқ эмас:
"Овқатни пишириш учун ўтин керак. Пишириш учун ўтин йўқ. Қирғизистонга ўтин учун ўтсангиз агар, "экологияни бузяпсан", дея обориб қамаб қўйишади. Ўтин тоғда бўлганлиги учун мина хатари бўлса ҳам айрим одамлар чегарага яқин боришяпти-да. Минага дуч келганлари портлайди".
Ашт туманининг энг чекка Пунук қишлоғи жамоати қўшни Ўзбекистоннинг Наманган вилоятига қарашли Поп тумани билан чегарадош. Мазкур жамоат раиси Идрок Зоҳиржонов чегарага қўйилган минага дуч келиб ҳаётдан кўз юмган одамларни қайтариб бўлмаслигидан афсусланади:
"Йигирма нафар атрофидаги одам ҳалок бўлган ё жароҳатланган. Аниқроғи саккиз киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар асосан 16-40 ёшгача бўлганлардир. Ашт туманида энг хатарли ер бизнинг жамоатимиз ҳисобланади. Чунки, биз чегарага яқинмиз. Одамлар олдинлари мол боқиш, ўтин териш учун чегарага яқин боришарди ва мина қўйилганини баъзан билмасдан, баъзан билиб яна бораверишгач, шундай кўнгилсиз ҳодисалар юз берди", - дейди Идрок Зоҳиржонов.
Қўл билан берганга қуш тўймас
"Биз дунёдан бевақт ўтган одамларга, албатта, ачинамиз, лекин мина портлаши натижасида ногирон бўлиб қолган кишиларга ғамхўрликни унутмаслигимиз зарур. Менинг қўшним Қанибек йигирма ёшдан эндигина ўтганида минага учраб бир оёғидан ажралди", - дейди Исфаранинг Нефтеобод шаҳарчасида яшайдиган Салимахон Мамадова.
"2003 йилда ана шу нохуш ҳодиса содир бўлди. Қанибекнинг уч фарзанди бор. Отаси Қанибек ва оиласи учун Россиядан уй топибди. Ўтган йил август ойида улар кўчиб кетишди. Унинг тирикчилиги анча оғир эди. Нафақа оларди, лекин кам. Хотини Россиядан келиб-кетганди, у ишга кирибди. Лекин, Қанибек ишламаётган экан". Салимахон Мамадова 2005 йилда бошқа бир қўшниси - Шерали Жўраев минага дуч келиб, жароҳатланганини айтади. У нафақа олиш билан бирга бир ташкилотда қоровул бўлиб ишлаётган экан.
"Қизил Ярим ой" жамияти кўмаги билан Қанибек ва Шерали Душанбе яқинидаги осойишгоҳларда дам олиб, соғликларини тиклаб қайтишди. Уларга икки бош қўй, озиқ-овқат берилди", - дейди у. Ўзбек-тожик чегарасидаги одам ҳалокатига олиб келган дастлабки мина портлашида жабрланган Мужибахон Ҳожиева Исфаранинг Қизилпилол қишлоғида яшайди. 2000 йил ёзида у икки нафар қўшни аёл ва уч қизалоқ билан тоққа ўтин теришга боради. Кутилмаган мина портлаши натижасида Мужибахоннинг кўз ўнгида икки қўшни аёл ва икки қизалоқ ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганларнинг бири унинг қизи Гулпари эди. Тўққиз яшар иккинчи қизи ва Мужибахоннинг ўзи яраланади. Кўкрагидан қон оқиб турган Мужибахон қизалоғини бағрига босиб, тоғдан пастга қараб югуради. Йўлда тўхтаб-тўхтаб, бир ярим километрча чопиб боргач, одамлар қорасини кўриб ёрдам сўрайди-да, ҳушсиз йиқилади.
Бу воқеадан сўнг йиллар ўтса-да, ҳалигача ўзига кела олмаётган аёл соғлигини тиклаш зарурлигини айтар экан, бунинг учун Душанбе томонларга юборишмоқчи бўлганини эслади. Лекин, тўсатдан бошида турадиган оғриқ туфайли у олис йўлга ярамаслигини айтди.
Мужибахон яшайдиган қишлоқ қарайдиган Хонобод жамоати раиси Лолахон Парпиева:
"Минадан жабрланганларга буғдой, қўй дегандек ёрдам бериляпти. Лекин, ҳамма нарсага имконга қараб. Биз ҳозир Мужибахонга ўзимизнинг Исфарадаги "Зумрад" осойишгоҳида дам олиб келиши учун маблағ излаяпмиз. Имкони бўлди, дегунча уни соғлиғини тиклашга юборамиз".

Миналар қайси ҳудудда?
Ўтган йили Шимолий Тожикистонда минадан жабр кўрганлар жамияти тузилди. Бу ноҳукумат ташкилотга раҳбарлик қилаётган Музаффар Бобожоновга кўра, ҳали ўртадаги чегаралар аниқланмаган экан, пиёдаларга қарши миналар қўйиш тўғри бўлмаган.
"Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара охиригача аниқланмаган. Чегаранинг тахминан 3-5 фоизи ҳалигача баҳсли саналади. Мина муаммоси Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги масалалар охиригача ҳал этилган тақдирда ечимини топиши мумкин", - дейди Музаффар Бобожонов.
1999 йилда Қирғизистоннинг Боткен вилояти орқали Фарғона вилоятига ўзларини Исломий кучлар деб атаган қуроллилар сизиб киришга уринган пайтида Ўзбекистон қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини миналаштирганди.
Лекин, кузатувчиларнинг таҳлилларига кўра, шу пайтгача бирон-бир қуролли жангари ё бангивор модда ташувчи минага дуч келиб жабрланмаган.
Ўзбек томони фақат ўз ҳудудига миналар қўйилганини такрорлаб келади. Ўзбекистон расмийлари бундан бир неча йил олдин чегарадаги миналарни тозалашга киришилганини маълум этишган ва бу иш Тожикистон жануби билан чегарадош Сурхондарё вилоятининг Узун туманида бошлангани борасида хабарлар пайдо бўлганди.
Айни бир пайтда ўзбек томони миналарни тозалаш учун катта маблағ зарурлигини ҳам таъкидлаганди. Ўз навбатида Суғд вилоятининг Ўзбекистон билан чегарасида яшайдиган одамлар зарарсизланган миналар ўрнига янги миналар қўйилаётганидан шикоят этишади.












