Рўмолу ҳижобга қарши "кураш" сабаби коммунистча зеҳниятдами?

Душанбе шаҳрида боши очиқ ва бошига рўмол ўраган аёлларни кўриш мумкин.
Сурат тагсўзи, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида боши очиқ ва бошига рўмол ўраган аёлларни кўриш мумкин.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Тожикистон уламолари кенгаши "миллий кийим" ҳақида фатво чиқарди.

Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши фатвосига кўра, Тожикистон аёллари юзларини ҳижоб билан тўсмасликлари ва қора рангдаги ҳамда жуда тор ёки қоматни кўрсатиб турадиган шаффоф кўйлакларни киймасликлари лозим.

Уламолар ўз фатвосини Ҳанафий мазҳаби талабларидан келиб чиқарганларини билдирдилар.

Айтилишича, бундай фатво чиқарилишига жамиятда охирги вақтда кучайган баҳсу мунозаралар, хусусан, муслималар бошини бекитиши ҳақида билдирилаётган "асоссиз фикрлар" сабаб бўлган.

Алоқадор мавзулар:

Айтилишича, бундай фатво чиқарилишига жамиятда охирги вақтда кучайган баҳсу мунозаралар, хусусан, муслималар бошини бекитиши ҳақида билдирилаётган "асоссиз фикрлар" сабаб бўлган.

Тожик уламоларига кўра, тожикистонлик аёлларнинг уст кийими асрлар давомида ўраб келинган рўмол, кўйлак ва иштондан иборат бўлиши керак ва "Ҳанафий мазҳабига тўғри келадиган бундай кийим-кечак бошқа турдаги кийимлардан устувор туради".

Тожик уламолари Ислом дини кийим бичими ва рангини чекламаслигини урғулайдилар.

Бироқ "динимиз нуқтаи назаридан мажбурий ҳисобланмайдиган ва бизнинг миллий ўзига хослигимиз ва географик шароитимизга тўғри келмайдиган қора ранг"даги кийимни киймаслик маслаҳати берилади уламолар фатвосида.

Бегона маданиятга қарши кураш

2018 йили Тожикистон Маданият вазирлиги қайси кийим миллий ҳисобланиши ва қандай кийимни киймаслик ҳақида китоб ҳам чиқарган.

Сурат манбаси, Тожикистон Маданият вазирлиги

Сурат тагсўзи, 2018 йили Тожикистон Маданият вазирлиги қайси кийим миллий ҳисобланиши ва қандай кийимни киймаслик ҳақида китоб ҳам чиқарган.

Шу йил 20 июнида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон "Анъаналар, тантаналар ва маросимларни тартибга солиш ҳақида"ги қонунни имзолади.

Бундан олдин Президент Раҳмон "бегона маданиятга тақлид қилишни" танқидга тутган эди.

"Кийнишда бегона маданиятга тақлид қилиш, хусусан, сатр ва ҳижоб деб номланган бегона кийимларни кийин жамиятимиз одлида турган яна бир долзарб муаммо", деб атаганди Тожикистон президенти шу йил март ойида мамлакат фаоллари, жамоат ва дин арбоблари билан учрашувда.

Тожикистонда аёлларнинг ҳижоб ўрашларини чеклаш ҳаракатлари 2007 йилдан буён кузатилишини қайд этадилар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари.

2015 йили Душанбе шаҳри ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев шаҳардаги бача савдо нуқталаридан қора рангдаги аёллар кийимларини мусодара қилишга буйруқ берган, қора кўйлакларни Тожикларнинг анъаналарига зид кийим деб атаган.

2017 йили Тожикистон парламенти миллий кийим кийишга мажбурлайдиган қонунни қабул қилди.

2018 йили Маданият вазирлиги махсус китоб ҳам нашр этган, бу китобда қайси кийимни кийиш, қай бирини киймаслик тавсияси ҳам берилган эди.

Идора-ташкилот ходимларига ҳам қандай кийиниш кераклиги маслаҳат қилинган

Сурат манбаси, Тожикистон Маданият вазирлиги

Сурат тагсўзи, Идора-ташкилот ходимларига ҳам қандай кийиниш кераклиги маслаҳат қилинган

Крокус Ҳолл ҳужумлари таъсири

Тожикистон расмийлари "миллий қадриятларни муҳофаза қилаяпмиз", "экстремизмга қарши курашаяпмиз" деб даъво қилишларига қарамасдан, мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги аксар кузатувчилар расмийларнинг ушбу ҳаракатларини Тожик ўзлигини аниқлаб олиш ва сиёсий Исломни мухолиф куч сифатида бостириш мақсадидаги бир неча ўн йиллик курашнинг бир қисми деб кўрадилар.

Минтақадаги ягона исломий партия - Тожикистон Ислом Уйғониш партияси 2015 йили террорчи ташкилот деб эълон қилинди, айрим аъзолари узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилиндилар, раҳбарлари хориждан бошпана топишга мажбурландилар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва сиёсатчиларга кўра, Тожикистонни 32 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Имомали Раҳмон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида сиёсий мухолифларини террорист, экстремистликда айблаган, давлат қаттиққўллиги исломий терроризмга қарши кураш важи билан тушунтириб келинади.

Расмийлар бир неча марта бир нча минг эркакнинг соқолини мажбурлаб қиртишлаб ташлаган.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Таҳлилчиларга кўра, шу йил март ойида Россия пойтахти яқинидаги Крокус Ҳолл савдо марказига қуролли ҳужум, бу ҳужумда Тожикистон фуқаролари айблангани расмий Душанбени қаттиққўл сиёсати мурватларини янада қаттиқлаштиришига туртки берган.

Крокус Ҳолл ҳодисалари ортидан Россия кўп сондаги Марказий осиёлик мигрантларни чиқариб юборди, мигрантларнинг Россия ҳудудига кириши қийинлашди, Туркия Тожикистон билан визасиз борди-келди тартибини бекор қилди.

Италия ва АҚШда террорчилик хуружига тил бириктиришда гумон қилинган Тожикистон фуқаролари ҳибс этилгани хабарлари тарқалди.

"Март ойидан буён Тожикистонда салмоқли динни бостириш кузатилаяпти. Менинг манбаларим масжидларда қўшимча хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, соқоли ва ҳижоби борларни текшириш ортгани ҳақида хабар беришаяпти. Бу қисман Крокусга жавоб. Лекин бу нарсалар, албатта, олдин ҳам бор эди", деди Meduza нашрига Марказий Осиё масалалари бўйича Оксус жамияти президенти ва Буш Ҳукумат ва жамоат хизмати мактаби профессори Эдвард Лемон.

"Советларча фикрлаш илдизига эга Тожик элитаси орасида терроризмга қарши курашнинг қўрғони сифатида дунёвийлик сиёсатини мажбурлаш керак деган ўзгармас дунёқараш мавжуд. Ҳукумат узоқ вақтдан буён ҳақиқий, "маҳаллий" Ислом тинчликпарвар ва тоқатли, "хорижий" Ислом эса зўравон ва экстремист деган ғояни сингдириб келади. Бундай мантиқнинг оқибати ўлароқ ҳижобдек диний либос кийиш, муайян йўлда намоз ўқиш ёки Салафийларга ўхшаб диний сабаблар туфайли жамиятдан узоқлашиш хавфсизликка таҳдид деб кўрилади", деди доктор Лемон.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002