You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Жапаров: Ўзбекистон Қирғизистондан 30-40 йил ўзиб кетган O'zbekiston Dunyo Yangiliklar
Президент Жапаров Қирғизистон парламентида гапирганидан кейин Жокоргу Кенеш (парламент) Ўзбекистон билан имзоланган Кампиробод келишувини ратификация қилди.
17 ноябрь куни Қирғизистон Жокоргу Кенеши Ўзбекистон билан Қирғизистон давлат чегаралари ҳақидаги шартнома ва икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги Кампиробод сув омборидан фойдаланиш ҳақидаги келишуви масалаларини кўриб чиқди.
Депутатлар олдида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров гапирган.
Алоқадор мавзулар:
Кампиробод сув омбори масаласи Қирғизистонда сиёсий жанжалга айланди, сиёсатчилар ҳукуматни Ўзбекистон билан келишувлар матнларини яширишда айбладилар.
Президент Жапаров депутатларни Ўзбекистон билан битимларни қўллаб-қувватлашга чақирди.
"Бақироқлар айтишадики, биз уларга сув омбори остидаги ерларни эмас, бошқа ерни беришимиз керак эди. Лекин ўзбек дўстларимизнинг калласи яхши ишлайди. Улар биздан 30-40 йил ўзиб кетишган. Ҳозирча бизнинг қўлимиздан фақат бақириш келади. Мен вертолёт-самолётлар ҳақида гапириб ўтирмайман, лекин 30 йил ичида биз ҳатто гугурт фабрикасини ҳам қурганимз йўқ. Агар биз уларга бошқа ерни таклиф этсак, дарров рози бўлишади. Чунки улар сув омбори қуриб қолмаслигини жуда яхши билишади. Бу вақт орасида улар бошқа серунум ерлардан фойдаланиб ҳосил кўтаришади. 10, 100 йилдан кейин айирбошлаймиз. Лекин ҳозирча ўша ердан ўзимиз фойдаланиб турайлик. Масала фақат Ўзган туманида эмас, келинг, шунинг учун бунга бугун нуқта қўяйлик. Ҳозир бутун 1,5 минг километрлик Қирғизистон чегараси маслаласи ҳал бўлаяпти", - деди Президент Жапаров.
Қирғиз-Ўзбек чегарасида 6-7 та янги ўтказиш пункти очилади
Қирғизистон билан Ўзбекистон ўзаро чегараларини делимитация ва демаркация қилиш ишлари якунлаганидан кейин 6-7 та ўтказиш пунктлари очилади, деди Президент Жапаров.
Президент Жапаров чегара делимитацияси ва демаркацияси масаласини орқага суриб бўлмайди, деди.
"Ортга қолдириб бўлмайди: унда бу масалани ҳозиргидек муваффақиятли ечимига эришолмаслигимиз эҳтимоли бор. Қўшни мамлакатнинг аҳолиси ўсиб бораяпти, ер эса камайиб бораяпти. Кейин 19 минг гектар эмас, бир соток ер учун ҳам қон тўкилиши мумкин", - деган Президент Жапаров.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги келишув ратификация қилинса, Бишкек ва Тошкент 300 км дан ортиқ узунликдаги чегарани делимитация қилишни якунлашлари мумкинлиги айтилди.
Мухбирларга кўра, бугун Ўзбекистон билан Қирғизистон икки давлат чегараларида жами 15 та назорат пункти мавжуд, лекин уларнинг аксари ишламайди.
Ўзбекистон чегара қурмасликка ваъда берди
Қирғиз депутатлари ҳукуматдан битимлар ратификация қилинганидан Ўзбекистон Кампиробод сув омборида чегара постлари қурмайдими деб сўрадилар.
Бу саволга Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси раиси, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делагацияси раҳбари Қамчибек Ташиев йўқ деб жавоб қайтарди.
"Битим бошида биз Кампиробод бўйича протокол киритдик, унда постлар ўрниталмаслиги белгиланган... Бузиб бўлмайдиган қонун керак, келишувларга риоя этилмаслиги мумкин. 5-бандида Қирғизларнинг у ерда балиқ тутиш ва у ерда бўлига ҳақлари борлиги ёзилган. Ўзбекистон томонида ҳам худди шундай қонун бор. Улар уни ижро этишлари лозим. Қонун қилиб белгиланса, уни ҳеч ким бузолмайди", - деди Қамчибек Ташиев.
Қирғизистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Жокоргу Кенешнинг айрим депутатлари Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги битимларга қарши чиққанлар.
Аммо бунга қарамасдан, Қирғиз парламенти аксар овоз билан давлат чегаралари ҳақидаги шартнома ҳамда Кампиробод сув омборига бағишланган келишувни ратификация қилганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek