Telegram'га кўчган уруш ё Россия Украинага қарши янгича уруш усулига ўтдими?

    • Author, BBC Trending
    • Author, BBC News Ukrainian
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Жорий йил июлида 17 ёшли йигит Украина шарқидаги уйидан 800 км узоққа, ғарбий шаҳар бўлмиш Ривнедаги боғда яширилган бомба ва телефонни олиш учун йўлга чиқди.

Унинг айтишича, Украина ҳарбий чақирув хизмати фойдаланадиган фургонга бомба жойлаштириши учун унга 2 минг доллар ваъда қилинган.

"Симларни улаётганимда, ҳозир портлаб кетиши мумкин, деб ўйладим. Ўлиб кетаман, деб қўрқдим," дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Украина ҳукумати таъкидлашича, Влад Россия томонидан интернет орқали ёлланган ва ўз ватанига қарши қўпорувчилик ва бошқа ҳужумлар қилиш учун пул таклиф қилинган юзлаб ўсмирлардан бири. Унинг анонимлигини сақлаш учун исми ўзгартирилди.

Унинг айтишича, унга машинадаги қурилмани масофадан туриб портлатишлари учун телефон камерасини ёқиб, жонли эфирга улаб қўйишни топширган. Шунда кимдир машинага кирганда уни ўз вақтида портлатишлари мумкин бўлади.

Бироқ, Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) бу ишни кузатиб турган ва уни бартараф этган. Ҳозир 18 ёшда бўлган Влад терроризмда айбланиб, 12 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

Ривненинг қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонасида адвокати билан ўтирган Влад, кимнингдир ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини тан олади.

"Мен бу ҳақда ўйладим. Лекин ҳарбий чақирув хизматчиларини ҳеч ким ёқтирмайди-ку, – дейди у. – Хўш, мен ҳам ҳамма қатори бўламан, деб ўйладим."

СБУнинг таъкидлашича, сўнгги икки йил ичида 800 дан ортиқ украиналик Россияга ёллангани аниқланган – улардан 240 нафари вояга етмаган, баъзилари 11 ёшда.

Бироқ, Украинада интернет хавфсизлиги бўйича курслар ўтаётган киберхавфсизлик мутахассиси Анастасия Апетик бундан ҳам ёшроқлар борлигини айтади. "Улар тўққиз ёки 10 ёшли болаларни ёллашга ҳам уринди," дейди у.

Украина Миллий полицияси бошлиғи ўринбосари Андрей Небитовнинг айтишича, манипуляция қилиш осон бўлган заиф шахсларни излаш учун махсус стратегия мавжуд.

"Болалар ҳар доим ҳам ўз ҳаракатлари оқибатларини тўлиқ англаб етмайди," дейди у.

"Душман вояга етмаганлардан маиший кимёвий моддалардан портловчи қурилмалар тайёрлаш учун фойдаланишдан уялмайди, уларни армияга чақирув бўлимлари ёки полиция бўлимлари каби турли жойларга жойлаштиришади."

СБУнинг таъкидлашича, ёллаш асосан Telegram иловасида, шунингдек, TikTok ва ҳатто видео ўйин платформаларида амалга оширилади. Расмийлар айтишича, ёлланганлар деярли ҳар доим Россияга хайрихоҳликдан эмас, пулга қизиққанидан шундай қилади.

Владнинг айтишича, у Россияни қўллаб-қувватламайди ва илгари ҳеч қандай жиноят қилмаган.

У иккита Telegram каналга аъзо бўлиб, масофавий иш қидираётгани ҳақида ёзган. Ярим соат ичида, ўзини Роман деб таништирган киши жавоб берган. Кейинчалик улар телефонда гаплашганида, Влад Роман рус тилида кўча лаҳжасида гапирганини айтади.

Владнинг айтишича, у аввалига буни хоҳламаган, аммо тобора хавфли бўлиб бораётган вазифаларни бажаришга кўндирилган. Аввал унга граната олиб келишни айтишган, лекин белгиланган жойга етиб борганида у ерда граната йўқ эди. Унга барибир 30 доллар тўлашган.

Бир неча кундан сўнг яна бир иш келган – чақирув пунктига тегишли фургонни ёқиб юбориш, уни суратга олиш ва қочиш.

Ўша ҳужум учун Влад 100 долларга яқин криптовалюта олганини айтади – бу унга ваъда қилинган 1500 доллардан анча кам. Роман унга агар бомбани Ривнега қўйса, қолганини олишини айтган.

Хаос учун нақд пул

Би-би-си кўрган ўсмирлар ёлланадиган Telegram каналлар очиқ россияпараст эмас, аммо улар баъзи украиналикларнинг шафқатсизлик ва коррупцияда айбланаётган чақирув хизматига нисбатан ғазабини кучайтиради.

Вақтинчалик телефон ва тахаллус ёрдамида биз бир неча каналга аъзо бўлдик.

Каналларда уларнинг топшириғи билан содир этилган ёнғин ва портлашлар тасвирланган лавҳалар бор эди. Аммо Би-би-си ўша видеолар билан боғлиқ вазиятни тасдиқлай олмади.

Биз боғланган аккаунтлардан бири ўт қўйиш топшириғини бажарсак, криптовалюта ёки банк ўтказмаси орқали тўлов таклиф қилди. Бизга батафсил маълумот олиш учун иккинчи аккаунтга мурожаат қилишимизни айтишди. Сўнг турли нишонлар учун тўланадиган нархлар рўйхатини юборишди.

Тўловлар почта бўлимига ўт қўйишга 1500 доллардан банкка ўт қўйишга 3000 долларгача эди. Уларнинг тушунтиришича, банклар қимматроқ эди, чунки хавфсизлик ойнаси уларга ҳужум қилишни қийинлаштирарди.

"Ё ичкарига бензин қуйишингиз ёки бир нечта Молотов коктейли ташлашингиз керак," дейилади хабарда.

Аммо ҳатто иш қидираётган оддий украиналиклар ҳам қўпорувчилик учун пул таклиф қилишлари мумкин.

Биз Украинанинг бир-бирига боғлиқ бўлмаган турли Telegram гуруҳларида, жумладан, қочқинларга ва ҳатто гўзаллик бўйича маслаҳатлар берадиган гуруҳлардаги рекламаларда номаълум вақтинча иш учун юқори маош таклиф қилган эълонларни топдик. Улардан бирини кузатганимизда, ёлловчи яна ўт қўйиш ҳужумлари учун минглаб доллар таклиф қилди ва қилинган иш тасдиғи сифатида видео юборишимизни сўради.

"Менга иложи борича кўпроқ ўт қўйиш керак," деб ёзиб юборишди. "Ишончли одам топиш пулдан ажралишдан кўра анча оғир. Шунинг учун мен ваъда қилган пулни тўлайман, жуда тез, одатда видеони олганимдан сўнг бир-икки соат ичида."

Би-би-си Telegram'га бир қатор каналлар, аккаунтлар, чатлар ва ботлар ҳақида хабар берди. Telegram уларнинг баъзиларини ўчирди, аммо кўпчилиги ҳамон ишлайди. Ҳали ҳам фаол бўлган каналлардан бири биз кузатишни бошлаганимиздан бери 750 дан ортиқ обуначига эга бўлди. Шу билан бирга, ўт қўйиш ҳужуми учун тўғридан-тўғри тўлов таклиф қилган аккаунт ҳамон ишлаб турибди.

Telegram ўз баёнотида шундай деди: " Telegram'да зўравонлик ёки мулкни йўқ қилишга чақириқлар қатъий тақиқланган ва улар аниқланган заҳоти дарҳол олиб ташланади."

Украина расмий идоралари Россия махфий хизмати аъзолари номларини ошкор қилди. Улар қўпорувчиларга ёрдам беришда гумонланмоқда.

Би-би-си Россия давлатининг ўзи бу ишга бевосита алоқадор эканлигини мустақил тасдиқлай олмади.

Шу билан бирга, Европадаги бир қатор ҳукуматлар рус агентлари ўз мамлакатларида вандализм, ўт қўйиш ёки ҳатто жосуслик учун ёш йигитларни ёллаганини тасдиқловчи далиллар борлигини таъкидламоқда.

Буюк Британияда Россия буюртмаси билан Лондондаги Украинага ёрдам кўрсатаётган омборга ўт қўйишда иштирок этган олти киши қамалди.

Украинада юзлаб эҳтимолий қўпорувчилар суд жараёнини кутмоқда, аммо баъзилари учун оқибатлар ҳалокатли бўлиши мумкин. Бир неча гумонланувчи ўзлари билан олиб юрган портловчи моддалар туфайли ҳалок бўлган.

СБУнинг таъкидлашича, россиялик назоратчилар ўз агентлари ўлдирилишини била туриб, қурилмаларни масофадан туриб атай портлатган.

Март ойида Ивано-Франкивскдаги темир йўл станциясига олиб кетилаётгани тахмин қилинган бомба портлаши оқибатида 17 ёшли ўсмир ҳалок бўлди, 15 ёшли бола эса оғир яраланди.

Би-би-си СБУнинг бу даъволарини Россиянинг Лондондаги элчихонасига юборди. Элчихона ўз баёнотида Украинани Россия фуқароларидан фойдаланиб, худди шундай қўпорувчилик кампаниясини олиб бораётганликда айблади.

"Сиз тилга олган амалиётлар Украина махсус хизматларининг одатий усулларига айланган. Хусусан: тинч аҳолини, шу жумладан, болаларни одамларга, биноларга ёки транспорт воситаларига ўт қўйиш, қўпорувчилик ёки портлатиш учун ёллаш."

Telegram'да Россия ҳудудидаги қўпорувчилик ҳаракатлари учун украиналиклар одам ёллаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ бу ҳужумлар ортида айнан ким турганини аниқлаш жуда мушкул.

Шу билан бирга, Владнинг ёлловчилар васвасасига учаётган бошқаларга айтадиган гапи бор.

"Бунга арзимайди. Ё улар сени алдашади ва сен ҳам мен каби қамоққа тушасан ёки қўлингдаги бомба билан сени портлатиб юборади."