You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбеклар Қирғизистонда Хитой билан беллаша бошладими?
- Author, Даврон Ҳотам, Қирғизистон
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
BBC Қирғизистон жанубидаги йирик бозорларда Ўзбекистоннинг қайси маҳсулотлари бошқа давлатлар билан рақобатга кириша бошлаганини ўрганди.
Қирғизистоннинг Қорасув шаҳарчасидаги бозор қарийб чорак аср давомида аксар ўзбекистонликлар арзон Хитой маҳсулотларини сотиб оладиган муҳим савдо нуқтаси эди.
Фарғона Водийси аҳолиси чегарадан ўтиб, ҳам ўзлари учун, ҳам қайта сотиш мақсадида Қорасувдан кийим-кечак ё кичик саноат моллари олиб келишган.
Аммо энди аҳвол ўзгараётганга ўхшайди.
Қорасувга киришим билан ранг-баранг ўзбек миллий кийимлари сотилаётган раста эътиборимни тортди.
"Атлас ва адрасларни Марғилондан олиб келаман. Келинлар учун тикилган бу кийимларни, эса Тошкентдан "заказ" қиламиз. Дўппилар ҳам Ўзбекистондан келган. Анча йилдан бери тирикчилигимиз шундан" - қирғизистонлик сотувчи Мўътабар опа.
"Тўй мавсуми бошланганда савдо яхши бўлади. Ҳозир эса кунлик тирикчилик учун ўтирибмиз".
Ўзбекистон товарлари
Сотувчи суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзбек миллий либослари бозор чаққон, лекин уларни сотадиган расталар кўп эмас.
"Муҳими, келинларнинг талабига мос либосларни олиб келсак, модадан орқада қолиб кетмасак, бўлди" - қўшимча қилади Мўътабар опа.
Айни пайтда, сотувчилар Ўзбекистон маҳсулотлари кўпая бошлаганини урғулашади.
Бу ерда савдо қиладиган Даврон Мўйдинов, ўз кузатувларига кўра, айни бозордаги маҳсулотларнинг қарийб ярмига яқини Ўзбекистонда ишлаб чиқилганини айтади.
"Кийим-кечак дейсизми, маиший техника ё чорвачилик маҳсулотлари дейсизми, хуллас, кўп нарса Ўзбекистондан келяпти".
Суҳбатдошимиўнинг билдиришича, аксинча, Қорасувдан Ўзбекистонга товар чиқиб кетиши аввалги йилларга нисбатан анча камайган. Шу қаторда, Ўзбекистондан келадиган харидорлар сони ҳам энди кўп эмас.
Ўзбекистонликлар энди ушбу бозорда харидор эмас, балки асосий сотувчилардан саналади.
Бозорни айлансангиз, чиндан ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган турли маҳсулотларга кўзингиз тушади.
Уларнинг орасида қозон-товоқ, елим гул туваклари, челаклар, катта-кичик саватлар ё ўйинчоқлардан тортиб, болалар ва катталар кийим-кечаклари ҳамда музлатгич, телевизору сув иситгичларгача бор.
Бундан ташқари Ўзбекистондаги иссиқхоналарда етиштирилиб, олиб келинган помидор, бодринг ва кўкатлар ҳам сотилади. Кўпинча, уларни ўзбекистонлик аёлларнинг ўзлари сотиб ўтиришади.
Бозор ташқарисидаги йўлакда қурт сотаётган андижонлик аёл эса, қисқагина қилиб, кўп йилдан бери бу иш билан шуғулланишини, Қорасувга ҳафтада икки марта келиб, қурт сотиб кетишини айтди.
Унга кўра, бу иш билан катта даромад кўриб бўлмаса ҳам, кунлик эҳтиёжини қоплар экан.
Қорасув бозорида асосан сешанба ва шанба кунлари одам гавжум бўлиб, улгуржи савдо айнан шу кунларда бўлади.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг:
Қорасув қаерда?
Қорасув бозори Ўш вилоятида, Қирғиз-Ўзбек чегарасида жойлашган.
Тўғрироғи, Советлар тортган чегаралар ортидан Қорасув шаҳрининг бир қисми Ўзбекистонда, бир қисми Қирғизистонда қолган.
Бозор шундоқ икки давлатни ажратиб турадиган Шаҳрихонсой яқинида жойлашган.
Бири тарафи Қирғизистоннинг Ўш вилояти, иккинчи томон эса Ўзбекистоннинг Андижон вилояти.
Айнан чегарада жойлашгани боис Қорасув табиий равишда чегара савдо ҳудудига айланган.
(Эслатиш жоизки, Ўзбекистон бугунга келиб шу каби эркин чегара савдо ҳудудларини барпо этишга интилмоқда).
Қорасувдан унча узоқ бўлмаган Ўш ва Андижон ўртасидаги йирик "Дўстлик" чегара маскани бор. Бу ердан кунига 14-15 минг киши кириб чиқади.
Нега Қорасув?
Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, Қорасув бозорида улгуржи савдо бўладиган кунлари, икки давлат ўртасида ўтиб-қайтувчилар сони 17 минг нафардан ошади.
Бундан ташқари, бозорга яқин ҳудудда Қорасув чегара божхона пости ҳам бор.
Ўзбекистондаги Андижон воқеалари, Қирғизистондаги апрел, июн воқелари сабаб расмий Тошкент ташаббуси билан ёпилган бу чегара пункти орадан 15 йил ўтиб, 2024 йили қайта очилган.
Қорасув бозори мустақиллик йиллари гавжумлашиб, йирик савдо нуқтасига айнланган бўлса-да, у ҳали Совет даврида, 1980-йиллари қурилган.
Бугунги кунда бозорда ўн мингдан ортиқ савдо нуқтаси бўлиб, тахминан 80 мингга яқин инсон бу бозорда тирикчилик қилади.
Қирғизистоннинг Хитой билан чегарадош эканлиги ва Ўзбекистоннинг биринчи президенти даврида Хитой маҳсулотларини олиб келишга қўйилган тақиқлар сабаб, Қорасув бозори Марказий Осиёни арзон Хитой моллари билан таъминловчи йирик улгуржи бозорга айланганди.
Сўнгги йиллари эса Ўзбекистон ўз қўшнилари, хусусан, Қирғизистон билан ҳам чегараларни очиш, алоқаларни яхшилаш ва борди-келдини кучайтиришга интилмоқда. Бу эса Қорасувдаги вазиятни ҳам ўзгартиряпти.
Бозорда Хитой ва Туркия моллари билан бирга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган турли маҳсулотлар ҳам кўпая бошлади.
Лекин Хитойдан келтириладиган арзон маҳсулотлар билан беллашиш мумкинми, деган савол ўртага чиқиши мумкин.
Хитой билан юзма-юз
"Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари Қирғизистонда аввалгидан кўра кўпроқ харидоргир бўлмоқда. Нафақат Қорасув бозорида, балки Бишкекдаги йирик бозорларда ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар, турли газламалар кўпроқ сотилмоқда" - дейди Савдо ва туризм йўналиши бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликда иш олиб борувчи қирғизистонлик тадбиркор Дилноза Топволдиева.
Унинг таъкидлашича, сўнгги икки йил ичида Қирғизистоннинг қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжининг ҳам 80 фоиздан кўпи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурилиш маҳсулотлари ҳисобидан қопланмоқда.
Қирғизистонда ҳозир Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг савдоси ортгани расмий рақамларда ҳам кўринади.
Ўзбекистон миллий статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, 2025 йилда Қирғизистон ярим миллиард долларлик кўрсаткич билан, Ўзбекистон маҳсулотлари энг кўп экспорт қилинган 10 давлатдан бирига айланган.
Аммо, Қорасув бозорида Хитойда ишлаб чиқарилган арзон маҳсулотлар ҳали ҳам етакчи ўринни сақлаб турибди.
Тадбиркор Дилноза Топволдиевага кўра, бу ерда асосий омил — нарх.
Унинг айтишича, Хитой маҳсулотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қараганда анча арзон сотилади.
"Авваллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган деганда, харидорлар арзон ва сифатсиз маҳсулотни тушунар эди. Ҳозир эса Ўзбекистон экспорт қилаётган текстил маҳсулотларининг сифати ошган. Аммо Хитойдан келтирилган кийим-кечакларга нисбатан нархи ҳамон қиммат".
Унинг қўшимча қилишича, нарх борасида Хитой билан рақобатлашиш осон эмас.
Шу сабабдан, ҳамон ўзбекистонлик савдогарлар Қорасув бозорига шахсан келиб ёки карго орқали Хитой маҳсулотларини олдириб, асосан, водий аҳлига қайта сотишади.
Қорасув ўрнига Қўқон бозори
Узоқ вақт Қорасув бозоридан товар олиб, Ўзбекистондаги кичик дўконларга маҳсулот тарқатиб бериш билан шуғулланган фарғоналик савдогарнинг айтишича, ҳозирги пайтда Қорасув бозорига борувчи ўзбекистонликларнинг сони аввалгига нисбатан анча камайган.
Ўзбекистоннинг Ўш ва Қорасувга туташ ҳудудларида яшаганлар ҳисобга олинмаса, илгаригидек, оммавий равишда Қорасувга бориш ҳозир йўқ, дейишади бозордагилар.
"Сабаби, биринчидан бизда ишлаб чиқариш кўпайиб кетди. Кейин товарлар тўғри Хитойдан келадиган бўлиб қолди. Хитойликларнинг ўзи олиб келяпти" - дейди исмини очиқлашни истамаган ўзбекистонлик тожир.
"Ўзбекистондаги энг катта савдо ҳозир Қўқонда ва Тошкентдаги "Ўрикзор", "Абу Сахий", "Ипподром" бозорларида бўляпти.
Шу боис Ўзбекистондан Қорасув бозорига келиш камайган. Яшаш жойи Қўқондан кўра Қорасувга яқин бўлган водийликлар бу ерга келишади".
Суҳбатдошимнинг қўшимча қилишича, ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар сабабли, чегарадан товар олиб ўтиш қийинлашган.
Аввал кунига оз миқдорда товар олиб ўтиш мумкин эди, энди эса бир маҳсулотни Қирғизистондан олиб ўтганингиздан кейин, айни товарни камида 3-4 ойдан кейингина олиб ўтишингиз мумкин.
"Илгари, билсангиз керак, савдогарлар Қорасувдан олган товарларини битта-битта қилиб чегарадан ўтаётган оддий йўловчилар орқали ўтказишарди. Уларга хизматлари учун керак бўлса пул ҳам бериларди. Энди бунинг ҳам имкони қолмади. Шунга Қорасувдан товар олиб ўтиш қийинлашди, лекин Ўзбекистондан Қирғизистонга маҳсулот чиқаришда ҳеч бир муаммо йўқ" - дейди фарғоналик савдогар.
Қорасувнинг келажаги
Ўш вилояти Хитой билан ҳам бевосита чегарадош. Шу сабабли ўн йиллар давомида Қирғизистон-Хитой чегарасидаги "Торуғарт" ва "Эркаштом" ўтказиш пунктлари орқали ўтувчи юк оқимлари учун Қорасув энг яқин ва қулай транзит нуқтаси вазифасини ўтаб келди.
Шаксиз, Қорасувнинг жўғрофий жойлашуви ва бозордаги сўнгги ўзгаришлар унинг келажагини ҳам белгилаб бериши мумкин.
Дейлик, у Ўзбекистондаги янги йирик бозорлар билан рақобатга кириша олмай, кичрайиб, ҳатто ёпилиб кетмайдими, деган савол пайдо бўлиши мумкин.
Қирғизистон эса мавжуд шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда, Қорасув бозорини савдо-логистика марказига айлантирмоқчи.
Чунки, Қорасув чегарада жойлашган ва маҳсулотларни ошириш учун қулай.
Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш агентлигининг маълумотларига кўра, бозорнинг асосий қисми бўлган "Туратали бозори" ҳудудини замонавийлаштириш ва янги савдо-логистика марказини барпо этиш бўйича келишувларга эришилган.
Давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши кўзда тутилган ушбу лойиҳа доирасида кўп қаватли паркинглар, янгиланган коммунал тармоқлар ва юк транспортлари учун қулай йўллар қурилиши кутилмоқда.
Гарчи ҳозирда бу ишлар лойиҳалаш ва дастлабки тайёргарлик босқичида бўлса-да, уларнинг амалга оширилиши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни тизимли равишда қабул қилиш ва тарқатиш имкониятини янада ошириши имконлари кенгаяди.