You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: taftish.uz ишида айбсизлик презумпцияси, Дугинга Ўзбекистон муносабати, қурилишларда ортган бахтсиз ҳодисалар
- Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Ўзбекистон ҳукумати халқаро рейтинглардаги имиджини яхшилашга жон-жаҳди билан тиришаётган бир вақтда taftish.uz сайти ходимларининг ҳибсга олиниши Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзи мамлакат Конституциясини бузаётганлари ҳодисаси сифатида ўртага чиқди: нега судда айбдорлиги исботланмаган Ўзбекистон фуқаросининг айбсизлик презумпцияси ҳуқуқи таъминланмаяпти?
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари 16 январ куни taftish.uz Интернет нашрининг ходимлари 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев, 1992 йили туғилган Азизжон Юлдашев, 2000 йили туғилган Сардор Ҳамидов, 2006 йили туғилган Маржона Эшқувватова, 1998 йили туғилгаан Дилшод Нишонов ҳибсга олинганлари хабарини тарқатдилар.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, журналистларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139-банди (Туҳмат), 168-моддаси (Фирибгарлик), 165-банди (Товламачилик), 244−6-банди (Ёлғон ахборот тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ички ишлар вазирлиги ҳибс қилинган журналистларни айбдор эмас, гумонланувчилар деб атайди, улар процессуал тартибда ушланганини хабар қилади.
Интернетда қўлга олинган журналистларнинг гўёки айбдор эканликлари исбот-далили деб тушунилиши мақсад қилинган видеолар тарқалди, "Тафтиш.уз бўйича ҳатто бир нечта филмлар ишлаб ҳам ташлашди", деб ёзди журналист Анора Содиқ.
"Конституцияда кафолатганган айбсизлик презумпциясини нима қиламиз?", деб савол қўйди Jalilov.Qaydlar Телеграм блоги.
"... Шу филмлардан бирини тасодифан кўриб қолдим. Филмда гумонланувчилар очиқдан-очиқ "жиноий гуруҳ аъзолари" дейиляпти ва "жиноий фаолиятини даромад манбайига айлантириб олгани" ҳақида "ҳукм" ўқиляпти.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра (28-модда):
Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.
Бу - айбсизлик презумпияси дейилади ва базавий (асосий) инсон ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Энг жирканч жиноятни содир этишда айланаётган шахс ҳам, унинг айби судда ўз исботини топиб, суднинг ҳукми қонуний кучга кирмагунча айбсиз ҳисобланади. Ҳукмни эса фақат суд чиқаради, ички ишлар ёки прокуратура ёки бошқа орган эмас. Бу мантиқдан келиб чиқсак, ҳали суд айбдор деб ҳукм чиқармаган шахсларни оммага "жиноятчи" ёки "жиноий гуруҳ аъзоси" деб эълон қилиш - Конституциядаги айбсизлик презумпциясининг бузилиши, чунки "жиноятчи" - бу шунчали салбий маъно ташувчи сўз эмас, юридик термин. Ва энг ёмони - қонунни айнан фуқароларни қонуний ҳимоя қилиши керак бўлган орган бузаётгани.
Бир нарсани унутмаслик керак: агар бугун кимгадир нисбатан қонун (бўлиб ҳам олий юридик кучга эга Конституция) ишламаётгани, бузилганини олқишласак ёки жим қараб турсак, ўша Конституция ёки қонун эртага бизни ҳам ҳимоя қилишига кафолат йўқ", деб ёзди Jalilov.Qaydlar блоги.
Трамп Путинга собиқ СССРни "бериб қўйди"ми?
Трамп ҳокимиятга келганидан кейин халқаро қонунчиликни тан олмайди, "дунёнинг мана бу қисми меники", "собиқ СССР ерлари Россияники, шунинг учун у ерларда "хўжайинликни Путинга беради", деган башоратлар тўғри чиқаётганга ўхшайдими?
Кремл пропагандачиси, телебошловчи Владимир Соловёвнинг «Марказий Осиёга нисбатан «СВО» бошлаш» ҳақидаги таҳдидли чиқишидан сўнг ҳовурлар босилмай, «Рус дунёси»нинг мафкурачиси Александр Дугин «...биз суверен Арманистон ёки суверен Гуржистон ёки суверен Озарбайжон, суверен Қозоғистон, суверен Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг мавжудлигига рози бўла олмаймиз...» деб чиқиш қилди, деб ёзди Vaqt.uz веб-нашри.
Владимир Соловёв ҳам Трампнинг халқаро қонунчиликка "тупуриб қўйиб", Гренландияни босиб олмоқчи бўлаётганидан руҳланган, унинг бу чиқиши нафақат Ўзбекистонда, бошқа қўшни мамлакатларда ҳам норозиликларга сабаб бўлди.
Россия раҳбариятидан тушунтириш талаб қилинди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова, бу шахсий фикр, давлат ОАВида эмас, ўзининг шахсий каналида билдирилган фикр, деб баёнот берди.
Александр Дугин чиқишига ўзбекистонлик журналист Илёс Сафаров шундай муносабат билдирди:
"Россиялик пропагандачиларнинг кетма-кет чиқишлари тасодиф эмас, бу индивидуал фикр ҳам эмас — бу жуда аниқ хавфли, мафкуравий сигнал. Кеча Соловёвнинг Марказий Осиёда «махсус ҳарбий операция» ўтказиш ҳақидаги чақириғи, бугун эса Дугин берган мана бу баёнот Россия сиёсий доираларида постимпериал тафаккур ҳануз тирик эканини яна бир бор исботламоқда.
Бундай шароитда "содда, юмшоқ дипломатия" ишламайди, чунки куч сиёсатини тарғиб қилаётган томон фақат кучни ва қатъий позицияни тан олади. Озарбойжон мисолида буни кўрдик.
Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакат раҳбарияти тушуниши керак: суверенитетимизнинг очиқ инкор этилишини жавобсиз қолдириш хавфсизлик вакуумини юзага келтиради. Доимий сукут — бетарафлик ёки босиқлик эмас, балки заифлик сифатида қабул қилинади.
Шу сабаб, биринчи ва энг табиий жавоб сифатида бундай чақириқлар билан чиққан шахсларни "персона нон грата" деб эълон қилишни бошланг. Ортиқ кутиш мумкин эмас.
Иккинчи босқичда эса уруш ва босқинчилик мафкурасини тарғиб қилаётган Россия телеканалларини Ўзбекистон ҳудудида блоклаш каби ахборот хавфсизлиги ричагларини ишга солайлик. Агар бу аниқ чоралар ҳам самара бермаса, кейинги босқичда Марказий Осиё давлатларининг бирлашган, жамоавий ва очиқ сиёсий жавоби кун тартибига чиқиши лозим. Юмшоқ дипломатия эмас, онгли, принципиал ва изчил позиция — минтақавий барқарорликнинг ягона кафолати бўла олади".
Қурилишларда ҳалок бўлганларнинг сони ортиб бораяпти
Ўзбекистон Бандлик вазирлиги маълум қилишича, мамлакатдаги қурилишларда меҳнат, техника хавфсизлиги билан боғлиқ вазият аянчли, рўй бераётган бахтсиз ҳодисалар сони йилдан-йилга ортаяпти.
"Қурилиш объектларида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш масаласи йилдан-йилга кескинлашиб бормоқда", дейди Бандлик вазирлиги.
Вазирлик маълумотларига кўра, 2024 йили Ўзбекистон қурилишларида 204 та меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз рўй берган.
Оқибатда ўша йили 71 инсон ҳаётдан кўз юмган.
2025 йили эса вазият янада ёмонлашган.
Қурилишларда рўй бер берган бахтсиз ҳодисаларнинг сони 234 тага етган, ҳалок бўлган ишчилар сони 99 нафарни ташкил этган.
Яъни, ҳодисалар сони ҳам, ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам ўсиш тенденциясига эга.
Бу нарсалар қурилишда меҳнат хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлигини яққол кўрсатади.
Бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти қуйидаги омиллар билан боғлиқ:
- меҳнат хавфсизлиги талабларига амал қилмаслик;
- ишчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминламаслик;
- қурилиш майдонларида доимий назоратнинг йўқлиги;
- ташкилот раҳбарларининг шахсий жавобгарликни ҳис қилмасликлари.
"Энг хавотирли жиҳат — кўплаб ҳодисалар олдиндан башорат қилинадиган, олдини олиш мумкин бўлган ҳолатлар эканлигидир.
Аянчли савол: қурилиш ташкилотлари раҳбарлари меҳнат хавфсизлигига жиддий муносабатда бўлиши учун яна қанча ишчи ҳалок бўлиши керак?
Назорат органлари профилактик ишларни кучайтириши, жиддий чоралар кўриш учун яна қанча оила отадан, ўғилдан, оила боқувчисидан айрилиши керак?", деб савол қўяди Бандлик вазирлиги.
Вазирлик қурилишларда профилактик назоратни кучайтиришга, хавфли объектларни тизимли мониторинг қилишга, қонун бузилишларига нисбатан муқаррар жавобгарликни таъминлашга, инсон ҳаётига бефарқ муносабатда бўлган раҳбарларга қатъий чора кўришга чақиради.
13 январ. Рецепт бўйича тушунмовчиликлар, "қистир-қистир" вазир устидан арз ва тақиқланган материаллар рўйхати (видео)
Қистир-қистирни қабул қилган вазир устидан ҳукуматга шикоят
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг тўйда қўшиқ айта туриб қистирилган пулларни олгани акс этган видеоси ортидан ҳукуматга сўров юборгани айтилади.
Агентликнинг телеграм канали ва сайтида бу ҳақида маълумот йўқ, лекин кун.уз ва газета.уз сўровларига жавоб берган ушбу ташкилот Назарбековни интизомий жавобгарликка тортишни сўраб ҳукуматга мурожаат қилганини тасдиқлаган.
Антикоррупция агентлигига кўра, вазир билан боғлиқ тўйдаги ҳолатда давлат хизмати ва одоб-ахлоқ тўғрисидаги қонунчилик нормалари бузилган.
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат хизматчилари одоб-ахлоқи ва хулқ-атворининг намунавий қоидаларининг 13-банди давлат хизматчиларининг педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишини тақиқлайди.
"Бундан ташқари, давлат хизматчилари иш вақтида ҳам, ишдан ташқари вақтда ҳам давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши, ахлоқ нормаларига доимо риоя этиши шарт", дейилади агентлик сўровида.
Йил бошида ижтимоий тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ ижро этаётгани ва унга қистирилган пулларни қабул қилаётгани акс этган видео тарқалди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Маданият вазирлигининг матбуот воизи чиқарган баёнотга кўра, ушбу тўй 2025 йил 25 октябр куни, вазирлик ходимининг никоҳ тўйида бўлган. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Сирожиддин Ўсаров видеода акс этган ҳолат қонунчиликка зид эмаслигини айтган.
«Видеода вазир Озодбек Назарбековга мухлислар томонидан пул узатилгани акс этган. Шу билан бирга, вазир ушбу ҳолатни олдиндан режалаштирмагани, юзага келган вазиятда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини рад этиш уларни омма олдида ноқулай аҳволга солиб қўйиши, камситиш ёки менсимаслик сифатида нотўғри талқин қилиниши мумкинлиги инобатга олинган ҳолда, ҳолатга ижобий муносабат билдирилганини кузатиш мумкин. Тўй маросимларида хонандаларга пул узатиш ёки узатмаслик амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган бўлиб, бу ҳолат халқимиз орасида асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат ва қадриятларнинг бир қисми ҳисобланади. Ўзбекона анъаналарда бундай жараёнлар "орзу-ҳавас" сифатида эътироф этилиб келинади», дейилади матбуот котиби изоҳида.
Озодбек Назарбеков аввал ҳам юқори давлат хизматчисига қонунан лойиқ бўлмаган ҳаракатлар, хусусан, кийим дўкони ва университет рекламаларида кўриниш берган. Вазирлик матбуот хизмати бу рекламалардан моддий манфаат кўзланмаганини айтган, аммо қандай манфаат олинганини аниқлаштирмаган. Назарбековга бу рекламалар ортидан ҳукумат томонидан қандайдир чора кўрилгани ё кўрилмагани ҳақида маълумот берилмади.
Электрон рецепт бўйича тушунмовчиликлар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида электрон рецепт тизими бўйича юзага келган саволларга аниқлик киритди.
Унинг ахборот хизмати маълум қилишича, шу йилнинг 15 январидан бошлаб дорихоналарда антибиотиклар фақат электрон рецепт орқали берилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди.
Вазирликка кўра, ўтган йилнинг 15 декабрида "Электрон рецепт" тизимини жорий этишнинг кейинги босқичма-босқич тартибини белгилаш бўйича тегишли буйруқ қабул қилинган.
Унга кўра, тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлашни "босқичма-босқич" жорий этиш белгиланган.
Вазирликб у аллақачон ишга туширилганини билдирди.
«Дастлабки босқичда антибиотиклар, тизимли таъсир этувчи синтетик антибактериал дори воситалари ҳамда тизимли таъсир этувчи гормонал дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш ва дорихоналарда электрон рецепт асосида бериш тартиби белгиланган бўлиб, ҳозирда мазкур дори воситалари амалда ушбу тартиб асосида электрон рецепт орқали бериб келинмоқда», дейилади унинг хабарида.
Яъни буйруқ Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 15 декабрда рўйхатдан ўтказилган бўлиб, ушбу тартиб 2026 йилнинг 15 январидан эмас, балки буйруқ кучга кирган 2025 йил 16 декабрь санасидан бошлаб амалда эканлиги маълум қилинди.
Аммо, BBC билан суҳбатда Тошкент вилоятида яшовчи фуқароли ҳануз дорихоналарда рецептсиз антибиотиклар сотилаётганини билдирди.
Тақиқланган материаллар рўйхати
Ўзбекистонда интернетдаги «диний экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган» деб топилган манба ва материаллар рўйхатини эълон қилинди.
Олий Суд 10 январь ҳолатига дея тарқатган маълумотда, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этилиши тақиқлангани айтилади.
Ушбу рўйхатдан 1600 га яқин канал, саҳифа ва материаллар ўрин олган.
Хусусан, ундан Facebook ижтимоий тармоғидаги 249, Telegram мессенжеридаги 790, Instagram`даги 265, YouTube видео платформасидаги 167, Odnoklassiki ижтимоий тармоғидаги 36, TikTok`даги 53 саҳифа ва каналлар, ҳамда веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги аудио, видео ва матн шаклидаги материаллар киритилган.
Бу рўйхат охирги тўрт ой ичида иккинчи марта тўйинтирилмоқда. Сентябрдаги нашрида унга 1400 атрофида материаллар киритилганди.
Ўзбекистонда тақиқланган материалларга эга бўлиш айби билан жазога тортилиш ҳоллари кўп учрайди. Баъзи ҳолларда, материалга эга бўлиш эмас, унга лайк босиш ҳам жиноят деб топилган.
Ўтган йил сентябрида сурхондарёлик фуқаро олти йил аввал тақиқланган материалга «лайк» босгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
У 2019 йилда Odnoklassniki ижтимоий тармоғида Абдуғани Умаров (Абдуллоҳ домла)нинг ақидапарастлик ғоялари бор деб топилган маърузасига «класс» босиш орқали виртуал дўстларига тарқатган.
Шов-шувли ишлардан бирида ўтган октябрда таниқли диний олим Мубашшир Аҳмад (асл исми - Алишер Турсунов) жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, ҳамда диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатишда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб 2,6 йилга қамалган.