You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Мода-2026: Бу йил дунёда қандай кийимлар, ранглар ва бичимлар урф бўлади?
- Author, Аннабел Ракхем
- Role, Маданият мухбири
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Агар янги йилда бир хилдаги учта кийимни алмаштириб кийишни тўхтатишга қарор қилган бўлсангиз (хавотир олманг, сизни танқид қилмаяпман), айни жойини топдингиз.
Мода тақвими қандай ишлашини билганимиз учун ушбу саноатнинг энг зукколари ҳаво бироз исиганида нималар кийишимиз ҳақида бош қотираётганини биламиз.
Брендлар келаётган баҳор/ёз мавсуми учун ўз дизайнларини бу йил бошида Лондон, Париж, Милан ва Нью-Йоркдаги кўргазмаларда намойиш этишди.
Қуйида 2026 йилда гардеробингизга киритишингиз мумкин бўлган олтита энг машҳур йўналишни келтирамиз.
Ажралиб туринг
Биз одатда баҳорги модани майда гуллар, сокин ранглар билан тасаввур қиламиз, аммо бу мавсумнинг подиумлари фақат ёрқин, кўзга ташланар асосий ранглардан иборат бўлди.
Loewe, Dior ва Fendi каби йирик мода уйларининг кўргазмалари сариқ, қизил ва яшил рангдаги камалак рангларга тўлди, баъзилари драматик эффект қўшиш учун рангларни аралаштириб мослаштирган эди.
Белгиялик дизайнер Мерилл Роггенинг кўргазмасида мовий рангдаги эътибор тортар кийимлар ҳам намойиш этилди.
Услубий маслаҳат: Агар сиз бу услубни синаб кўрмоқчи бўлсангиз, битта ёрқин рангдаги кўзга ташланадиган, ажралиб турадиган кийимни кийишга эътибор қаратинг.
Кўзга ташланувчи либослар
2025 йилнинг асосий тенденцияси сокин ҳашамат эди – нафислик ва соддаликка урғу берилган, қайта-қайта кийса бўладиган сифатли матолардан тикилган абадий классик кийимлар эди.
Бироқ, мода олами аллақачон бу услубни ортда қолдириб, дабдабали ҳашамнинг янги даврини бошламоққа чоғланган кўринади.
Келгуси мавсум учун кийимлар намойишларида максимализм яққол кўзга ташланди – ҳажмдор кўйлаклар ва юбкалар, ҳашаматли матолар ҳамда йирик тақинчоқларга эътибор қаратилди.
Sent-Loran моделлари бошдан-оёқ қора чарм кийган бўлса, Missoni моделлари ўзига хос зигзагсимон нақшли кийимларда, йирик маржонлар билан безатилган эди. Balenciaga ва Chanel эса ёрқин ранглар ва текстурадаги парларга урғу берди.
Услубий маслаҳат: Агар сиз бу қиёфани ўзингизда синаб кўрмоқчи бўлсангиз, гардеробингиздаги энг эътибор тортар кийимларни олиб, уларни бир-бирига мослаб кийиш йўлини топишингиз керак.
Попуклар ва жияклар
Мода танловлари кўпинча атрофимиздаги оламда содир бўлаётган воқеаларни акс эттиради. Трендлар бўйича баъзи башоратчилар попукли сумкалар ва жиякли юбкалар каби безакдор буюмлар кўпайиши глобал иқтисодий ноаниқлик билан боғлиқлигини таъкидламоқда.
Молиявий нотинчликлар пайтида, дадил ва кўзга ташланадиган дизайнга эга сармоябоп буюмлар оддий кийимга қўшимча жозиба бериш усули сифатида танланади.
Австралиялик "Aje" брендининг подиумида ажойиб жиякли кийимлари кўп эди, "Balmain" моделлари эса катта замшали сумкалар билан йўлакка чиқди.
Elie Saab ва Louis Vuitton'нинг неон жиякли ва попукли кўйлак ҳамда шимлари ҳам эътибор тортди.
Услубий маслаҳат: Эҳтимол, сизда аллақачон бу тенденцияга мос келадиган бирор нарса бордир, чунки бу мода тез-тез қайталаб туради. Агар бўлмаса, жиякли чарм ёки замша сумкани иккинчи қўл веб-сайтларида, винтаж дўконларида ёки хайрия дўконларида топиш осон.
Текстуралар
Сербезаклик келгуси баҳор ва ёзнинг энг катта трендларидан бири бўлиб, кўплаб подиумларда ҳашаматли текстурали буюмлар ҳам кўзга ташланди.
Chloe'нинг нафис подиумида гулли корсажлар ва нозик бурмали устки кийимлар ҳамда кўйлаклар, Moschino моделларида эса бир-бирига зид ранглардаги бурмали, сочоқли икки қисмли кийимлар кийган эди.
Zimmermann'да драматик қатламлар ва жияклар намойиш этилди, Isabel Marant эса бутунлай бошқача йўналиш танлаб, қатламли қисқа юбкаларни помпонлар билан безади.
Услубий маслаҳат: Бу трендларнинг жозибали томони шундаки, сиз уни ўзингизга мослаштира оласиз. Дизайнерлар турли хил ранг ва услубларда сочоқлар, мато қатламлари ва бурмаларни намойиш этди. Бу эса кийимларингизга бу ерда кўрсатилган турли-туман услубларга мослаб қайта шакл бериш имконидир.
Белбоғли плаш яна модада
Тренчкот ёки плаш кўпчилик учун гардеробнинг асосий қисми бўлиб, баҳор ва ёз, шунингдек, куз ва қиш оралиғида жуда қулай ҳисобланади.
Бу мавсумда плашлар ҳамма жойда кўзга ташланди – асосан анъанавий оч жигаррангда, аммо баъзи мода уйлари, масалан Celine ёрқин астарлар билан, Saint Laurent эса турли хил мато ва ранглар билан янгича ёндашувни таклиф қилди.
Elie Saab кўргазмасида белбоғ билан маҳкам боғланган нозик плашлар намойиш этилди, Givenchy дизайнлари эса қалин қора тугма ва тўқалари билан очроқ рангда тақдим этилди.
Услубий маслаҳат: Плашлар ҳеч қачон модадан қолмайди, шунинг учун иккиланмай уни сотиб олиб, узоқ фойдаланиш мумкин.
Кундалик иш либоси
Бу мавсумнинг мода ҳафталикларида максимализм, ёрқин ранглар ва текстуралар орасида корпоратив мода мухлислари учун ҳам нимадир бор эди.
Мода уйлари иш кийимини ҳам замонавий, ҳам қизиқарли кўрсатишга ҳаракат қилди. Stella McCartney ва Bottega Veneta 1980-йиллардаги кийиниш услубидан илҳомланиб, аёллар учун классик костюмни қайта кашф этди.
Баъзи дизайнерлар кўйлаклар устидан кўйлак ва свитерлар кийдириб, иш кийими ғоясига қизиқарли тус берди.
Thom Browne бу ғояни янада ривожлантириб, бутунлай бўйинбоғлардан тикилган юбка тақдим этди.
Услубий маслаҳат: Бу услубда кийиниш аслида жуда осон – кўйлак, свитер ёки нимча топинг ва офисга мос кўриниш учун қават-қават кийининг.