You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Овози ўчирилган бойлар: Путин қандай қилиб Россия олигархларини урушда четга суриб қўйди?
- Author, Виталий Шевченко
- Role, BBC Monitoring Россия муҳаррири
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Украина билан уруш даврида Россияда миллиардерлар сони тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етди. Бироқ Владимир Путин ҳокимиятда бўлган 25 йил мобайнида Россиянинг "олигархлар" деб аталган бой ва нуфузли шахслари деярли барча сиёсий таъсирини йўқотди.
Буларнинг барчаси Россия президенти учун хушхабар. Ғарб санкциялари ўта бойларни унинг рақибларига айлантира олмади, унинг "калтак ва ширинкулча" сиёсати эса уларни унсиз қўллаб-қувватловчиларга айлантирди.
Собиқ банкир миллиардер Олег Тинков "ширинкулча" қандай ишлашини жуда яхши билади.
У Instagram'да урушни "ақлдан озган" деб танқид қилганидан бир кун ўтиб, Кремл банк раҳбарлари билан боғланди. Уларга ўша пайтда Россиянинг иккинчи йирик банки бўлган Тинкофф банки, агар Олег Тинков билан барча алоқаларни узмаса, давлатга ўтказилишини билдирди.
"Мен тўланадиган бадални муҳокама қила олмасдим, – дейди Тинков New York Times нашрига. – Бу худди гаровга олинган одамга ўхшарди – сенга нима таклиф қилишса, шуни оласан. Музокара қила олмасдим."
Бир ҳафта ичида ҳозирда Россиянинг бешинчи энг бой тадбиркори Владимир Потанинга алоқадор, қирувчи учоқлар двигателлари учун никел етказиб берувчи компания банкни сотиб олаётганини эълон қилди. Тинковнинг айтишича, банк ўзининг ҳақиқий қийматининг атиги 3 фоизига сотилган.
Охир-оқибат Тинков бир пайтлар эга бўлган бойлигининг деярли 9 миллиард долларини йўқотди ва Россияни тарк этди.
Бу Путин президент бўлишидан олдинги вазиятдан тубдан фарқ қилади.
Совет Иттифоқи парчаланганидан кейинги йилларда баъзи руслар илгари давлатга тегишли бўлган улкан корхоналарга эга чиқиш ва мамлакатда шаклланаётган капитализм имкониятларидан фойдаланиш орқали жуда катта бойлик орттирдилар.
Уларнинг бу бойликлари сиёсий беқарорлик даврида уларга таъсир кучи берди, улар олигархлар сифатида танилдилар.
Россиянинг энг қудратли олигархи Борис Березовский 2000 йили Путинни президентликка олиб келганини даъво қилган ва йиллар ўтиб, бундан пушаймонлигини айтган эди: "Мен унда бўлажак очкўз, золим ва ҳокимиятни босиб оладиган, эркинликни оёқости қиладиган ва Россия ривожига тўғаноқ одамни кўрмаган эдим," деб ёзди у 2012 йилда.
Березовский ўз ролини бўрттириб кўрсатган бўлиши мумкин, аммо Россия олигархлари ҳокимиятнинг энг юқори поғоналарига таъсир ўтказа олиш қобилиятига эга бўлганлари рост.
Пушаймонлигини билдиргандан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, Березовский Буюк Британияда сирли вазиятда ўлик ҳолда топилди. Бу пайтга келиб, рус олигархияси ҳам амалда барҳам топган эди.
Шундай қилиб, 2022 йил 24 февралда Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан бир неча соат ўтгач, Путин Россиянинг энг бой шахсларини Кремлда тўплаганида, улар бойликларига катта зарар етишини билсалар-да, эътироз билдира олмадилар.
"Умид қиламанки, бу янги шароитда ҳам худди шундай самарали ҳамкорлик қиламиз," деди Путин.
Йиғилишда қатнашган мухбирлардан бири тўпланган миллиардерлар ҳақида "ранги ўчган ва кечаси мижжа қоқмагандек эди" деб таърифлайди.
Босқин арафаси Россия миллиардерлари учун жуда оғир келганди, унинг дастлабки оқибатлари ҳам шундай бўлди.
Forbes журнали маълумотларига кўра, 2022 йил апрелигача уруш, санкциялар ва рублнинг қадрсизланиши туфайли уларнинг сони 117 тадан 83 тага тушган.
Улар жами 263 миллиард доллар ёки ўртача ҳар бири ўз бойлигининг 27 фоизини йўқотди.
Аммо кейинги йилларда Путиннинг ҳарбий иқтисодиётининг бир қисми бўлиш улкан фойда келтириши мумкинлигини кўрсатди.
Урушга сарфланган катта маблағлар Россияда 2023 ва 2024 йилларда йилига 4 фоиздан кўпроқ иқтисодий ўсишга олиб келди. Бу ҳатто Россиянинг ўта бойлари орасида тўғридан-тўғри мудофаа шартномаларидан миллиардлаб даромад олмаганлар учун ҳам фойдали бўлди.
Forbes ходими Гиакомо Тогнинининг айтишича, 2024 йилда Россия миллиардерларининг ярмидан кўпи ё ҳарбийларни таъминлашда қандайдир рол ўйнаган ёки босқиндан фойда кўрган.
"Бу бевосита алоқадор бўлмаганларни ҳисобга олмаганда. Менимча, Россияда бизнес юритаётган ҳар бир киши ҳукумат билан алоқада бўлиши керак, деб айтсак тўғри бўлади," дейди у Би-би-си билан суҳбатда.
Бу йил Forbes рўйхатида Россияда миллиардерлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич – 140 киши қайд этилди. Уларнинг умумий бойлиги (580 миллиард доллар) босқиндан бир йил олдин қайд этилган тарихдаги энг юқори кўрсаткичдан атиги 3 миллиард долларга кам холос.
Путин садоқатли шахсларга фойда кўришга имкон берар экан, бу йўлдан қайтганларни доим жазолаб келган.
Руслар нефт магнати Михаил Ходорковский билан нима бўлганини жуда яхши эслашади. Бир пайтлар Россиянинг энг бой одами бўлган Ходорковский 2001 йили демократия учун ташкилот тузганидан кейин 10 йил қамоқда ўтирди.
Босқин бошланганидан бери Россиянинг деярли барча ўта бойлари сукут сақлаяптилар, урушга очиқ қарши чиққан озчилик эса ўз ватани ва бойликларининг катта қисмини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Россиянинг энг бой одамлари Путиннинг уруш ҳаракатларига асосий таянч эканлиги аниқ ва уларнинг кўпчилиги, жумладан, 2022 йил 24 февралда Кремлга чақирилган 37 нафар тадбиркор ҳам Ғарб санкцияларига тушган.
Бироқ, агар Ғарб уларни қашшоқлаштириш ва Кремлга қарши қўзғатишни кўзлаган бўлса, бу кўзлов амалга ошмади, чунки россиялик миллиардерлар бойлигича қолмоқда ва улар орасида норозилик кўзга ташланмаяпти.
Агар улардан бирортаси миллиардлари билан Ғарбга қочишни ўйлаган бўлса ҳам, санкциялар буни имконсиз қилиб қўйди.
"Ғарб россиялик миллиардерларни байроқ атрофида бирлаштириш учун қўлидан келганини қилди," дейди Европа сиёсатини таҳлил қилиш маркази (CEPA) ходими Александр Коляндр.
"Улардан бирортаси сафдан чиқиши учун ҳеч қандай режа, ғоя ёки аниқ йўл йўқ эди. Активларга санкция қўйилди, ҳисоблар музлатилди, мол-мулк мусодара қилинди. Буларнинг барчаси Путинга миллиардерларни, уларнинг активлари ва маблағларини сафарбар қилиш ҳамда улардан Россия уруш иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланишига ёрдам берди," деб таъкидлайди у Би-би-сига.
Украинага бостириб кириш ортидан хорижий компанияларнинг чиқиб кетиши натижасида пайдо бўлган бўшлиқни Кремлга хайрихоҳ ишбилармонлар тезда тўлдирдилар, уларга юқори даромадли активларни арзон нархда сотиб олишга имкон берилди.
Бу янги "таъсирли ва фаол содиқ тарафдорлар армияси"ни шакллантирди, деб ҳисоблайди Карнеги Россия Евроосиё маркази ходими Александра Прокопенко.
"Уларнинг келажакдаги фаровонлиги Россия ва Ғарб ўртасидаги зиддиятнинг давом этишига боғлиқ, улар учун энг катта хавф эса аввалги эгаларнинг қайтиши," дейди у.
Фақатгина 2024 йилнинг ўзида Россияда шу йўл билан 11 нафар янги миллиардер пайдо бўлди, дейди Жакомо Тогнини.
Россия раҳбари уруш ва Ғарб санкцияларига қарамай ва ҳатто баъзида улар туфайли, мамлакатнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучлари ва таъсир ўтказувчиларини қаттиқ назорат остида сақлаб турибди.