You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тошкент: Ўзбекистон ҳар қандай эҳтимол ва таҳдидга қарши тайёр турмоқчими ёки давлатлар суверенитетига хавф-хатар шунчалик кучайдими? Видео
Сўнгги кунларда Ўзбекистондан олинаётган устма-уст хабарлар минтақада ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди - нима гап?
Пойтахт Тошкентдан устма-уст янгилик
Ўзбекистон Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепциясидан кейин ўзининг Ташқи сиёсат концепциясини ҳам янгиламоқчи.
Расмий хабарлар сўнгги бир неча куннинг ўзида, устма-уст бўй кўрсатди.
Мазкур воқеълик қолган тўрт минтақа давлати мисолида кузатилмагани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди.
Ўзбекистон президенти кеча, 15 январ куни яна бир видео-селектор йиғилиши ўтказди.
Бу галги йиғилиш мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев, йиғилиш иштирокчиларига "жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатларнинг суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб пайтда учрашиб турганликлари"ни айтди.
"Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятларини танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янгича ташкил қилиш кераклигини даврнинг ўзи тақозо этаётганлиги"ни таъкидлади.
Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсат концепциясини ҳам янгилашни буюрди.
Воқеаларнинг сўнгги кунлардаги бу каби кутилмаган ривожи минтақада ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортди.
Минтақавий етакчи нашрларда сарлавҳаларга ҳам чиқди.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга бевосита чегарадош.
Аммо халқаро рейтингларда Қуролли кучлари минтақада энг жанговарлари сирасига киради.
Ўзбекистон ўзининг энг муҳим ва асосий доктрина ва концепцияларини янгилаш қарорини "дунёдаги геосиёсий ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимидаги беқарорлик, минтақавий қарама-қаршиликлар, глобал иқтисодий ўзгаришлар, замонавий хавф, таҳдидларнинг тез ўзгариб бораётган мазмуни ва кўлами ҳамда мудофаа ва хавфсизлик соҳалари дуч келаётган асосий муаммолар" билан изоҳлади.
Россия, Хитой, Эрон ва Афғонистон ўртасида жойлашган Марказий Осиё дунёнинг глобал қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади.
Айниқса, Россия Украинага очган уруш манзарасида улар ўртасида геосиёсий рақобат янада кучайиб бораётган, Россия ва Хитойдан кейин хавфсизлик, иқтисодий ва геосиёсий нуқтаи назардан АҚШ ва Европа Иттифоқи мисолида коллектив Ғарбнинг ҳам қизиқиши кучайиб бораётган ҳудуд.
Дунёда тобора стратегик аҳамият касб этиб бораётган табиий энергия захиралари, ноёб минераллар ва нисбатан арзон ишчи кучига бой.
Глобал геосиёсий тангликнинг минтақага таъсири сўнгги йилларда Ўзбекистон бўладими ёки Қозоғистон – минтақанинг энг йирик давлатлари етакчиларининг диққат-эътиборларидаги мавзулардан бири, ошкора ташвиш ва хавотирларига молик масала.
Аммо Яқин Шарқдаги вазият бўладими ёки Украина уруши, Ўзбекистон илова қолган барча тўрт минтақа давлати ҳам глобал аҳамиятга молик можароларга нисбатан нейтрал мавқеъда, ўзларининг кўп векторли ташқи сиёсат юритиш позицияларида собит эканликларини изчил равишда такрорлаб келишади.
Ўзбекистон қўшилмаслик тамойилига ҳам амал қилади.
Бу ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмаслик, мустақил ташқи сиёсатни юритиш ва дунёдаги куч марказлари ўртасида тарафкашликни танламаслик принципига асосланиши айтилади.
Лекин, бошқа томондан, Қозоғистон ва Ўзбекистон мисолида сўнгги йилларда россиялик айрим миллатчи сиёсатчилар томонидан бирларининг ери, давлатчилиги, бошқасининг миллий ўзлиги савол остига олинган минтақа.
Айнан охирги пайтларда дунёнинг бир-бирлари билан ўзаро рақобатда бўлган глобал қудратлари томонидан давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўлловчи баёнотларининг сони ортган ҳудуд.
Сўнгги икки асрда айнан Россиянинг таъсир доирасидаги минтақа, деб кўрилган.
Россия билан дунёдаги энг узун қуруқлик чегараси ҳам Қозоғистон мисолида айнан Марказий Осиё ҳисобига тўғри келади.
Ўзбекистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, россиялик таниқли телебошловчи ва тарғиботчи Владимир Соловёвнинг Марказий Осиё билан ҳам боғлиқ сўнгги чиқишидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.
Соловёв "Марказий Осиё ва Арманистон Россия учун Сурия ва Венесуэладан ҳам муҳимроқлигини айтиб, уларни йўқотиш улкан муаммо бўлиши"ни таъкидлаган.
У 11 январ кунги чиқишида "Марказий Осиё давлатларида ҳам худди Украинада бўлгани каби "махсус ҳарбий операция" ўтказиш керак"лигини айтган, Марказий Осиёни "бизнинг Осиё", деб атаган.
"Ўйинлар тугаганини тушунтириб қўйишлари, халқаро ҳуқуққа ҳам, халқаро тартибга ҳам тупуриш керак"лигини айтган.
Кремлга яқин тарғиботчи, деб кўрилувчи Соловёвнинг бу сўзлари ҳам Ўзбекистон жамоатчилиги орасида кескин акс-садо берган.
У тилга олиб ўтган давлатлар орасидан ҳозирча фақат Арманистон бу хусусда Россияга ўзининг норозилигини расман изҳор этган, элчисига ўзининг нотасини топширган.
Хабарларга кўра, Арманистон буни ўз "суверенитетига тажовуз" ўлароқ баҳолаган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова орадан тўрт кун ўтиб, кеча, 15 январ куни Соловёвнинг худди шу гапларига ўзининг муносабатини билдирган, у бунинг "баёнот эмас, савол тарзида ифодаланган фикр бўлгани"ни айтган.
Мария Захаровага кўра, " ушбу иборалар очиқчасига "диван аналитиклари" томонидан Россиянинг деярли расмий позицияси сифатида провокацион тарзда тақдим қилинган".
Унинг бу расмий изоҳига Соловёв тилга олиб ўтган давлатлар пойтахтларининг муносабати ҳозирча имконсиз.
Шу ой бошида эса Америка Қўшма Штатлари кутилмаганда Венесуэла пойтахтига зарба бериб, саноқли соатларнинг ўзида унинг президенти ва рафиқасини қўлга олган, Нью-Йоркка келтириб, уларга қарши жиноий иш қўзғаган ва судга тортган.
Уларнинг бу иши Ўзбекистон жамоатчилиги орасида ҳам кенг акс-садоларга сабаб бўлган, "халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари ва демократия қаерда қолди?", деган саволларига туртки берди.
Трамп қудратга қайтиши ортидан, Россия Суриядаги иттифоқчисини бой берган, ҳозир яна бир анъанавий иттифоқчиси Эрон эса, АҚШнинг навбатдаги нишонига айланиши мумкин, деган хавотирлар ҳам кучайган.
Ўзбекистон чегараларидаги вазият қандай?
Ўзбекистон тўрт Марказий Осиё давлати ва Афғонистонга чегарадош.
Россия билан билан эса уни фақат Қозоғистон ажратиб туради.
Маълум бўлишича, воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати раҳбари ва Ўзбекистон Мудофаа вазири чегаралар ҳимояси масаласида чиқиш қилишган, бу хусусда қилинаётган ишлар борасида президентга ҳисоб беришган.
Хабарларга кўра, Баҳодир Қурбонов Хавфсизлик Кенгашининг 13 январ кунги кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистонда Туркиянинг "Bayraktar" русумидаги дрони билан бутланган янги махсус бўлинманинг жанговар навбатчилиги йўлга қўйилганини билдирган.
Чегара чизиқларининг 40 фоиздан ортиғи видеокузатув тизими билан жиҳозлангани, минг километрдан ортиқ толали алоқа линиялари ўрнатилгани, чегара қўшинлари "қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар билан 100, зирҳли автотехника билан эса, қарийб 100 фоизча таъминланган"ини айтган.
"Bayraktar" дунёдаги замонавий русумдаги энг жанговар дронлар сирасига киради, Қорабоғ устидан Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кечган сўнгги қуролли можароларда қанчалик иш бериши билан четдаги кўпчиликнинг эътиборига тушган.
Ҳозир Ўзбекистон илова деярли барча минтақа давлатларининг ҳам ҳарбий арсеналларида бор.
Хабарларга кўра, Мудофаа вазири эса, Ўзбекистонда кўп ҳалқали ҳаво мудофаа тизими яратилганини маълум қилган.
Украинада кенг қўлланилаётгани каби "командирлар жангни ер остидан бошқариш кўникмаларини мустаҳкамлаб боришаётгани"ни айтган.
Маълум бўлишича, мазкур ёндашув асосида Ўзбекистондаги барча полигонларда ерости позициялари ва дронларни бошқариш пунктлари, сўнгги йилларда харид қилинган зенит-ракета комплекслари туфайли эшелонлаштирилган ҳаво мудофаа тизими ҳам ташкил қилинган.
Вазир, бундан ташқари, узоқ йиллар захира фондида сақланган зирҳли нақлиёт воситаларининг модернизация қилиниб, жанговар сафга қайтарилгани, ялпи ўт очиш реактив тизимларининг такомиллаштирилганини ҳам айтгани хабар берилган.
Ўзбекистон ўзининг "Лочин" русумидаги дронларини ҳам ишлаб чиқаради.
Ўзбекистоннинг асосий ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори Россия бўлади.
Аммо мамлакат Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида ўзининг ҳарбий ҳамкорлари сафини кенгайтириш ҳаракатида экани ҳам кўрилади.
Яна бир долзарб мавзу
Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон президенти мамлакатнинг Ташқи сиёсат концепциясини янгилаш масаласи кўтарилган кеча, 15 январ кунги видео-селектор йиғилишида ташқи меҳнат миграцияси ва мигрантлар масаласига ҳам тўхталган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотаётганлигига алоҳида тўхталган, ўзининг вазиятдан бохабар эканини намоён этган.
Ўзбекистон раҳбари аксарият ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолаётганлигини шахсан эътироф этган.
Президент Мирзиёев, "Элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат юзасидан малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт"лигини таъкидлаган.
Сўнгги бор шу ой бошида Россиядан олинган ва ОМОНнинг Хабаровскдаги рейди чоғида бир Ўзбекистон фуқаросининг вафот этганига оид хабар Ўзбекистон жамоатчилиги орасида кескин акс-садоларга сабаб бўлган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолатни тасдиқлаб, Россия томонига расмий нота юборганини маълум қилган.
Ҳолат сабабларини ўрганишда Ўзбекистоннинг ҳам фаол иштироки лозимлиги эса, худди шу манзарада алоҳида урғуланган нуқталардан бирига ҳам айланганди.
Минтақада аҳолиси энг катта бўлган (расман 37 миллиондан ортувчи – таҳр.), ишсизлик ҳануз анчайин оғир муаммолигича қолаётган Ўзбекистон ва унинг раҳбарияти учун ташқи меҳнат миграцияси, айниқса, Россия Украинага очган уруш манзарасида алоҳида долзарблик касб этган масала бўлади.
Четда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб сондаги фуқаролари ҳар йили ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар ҳам Ўзбекистон ҳукумати учун муҳим, улар, йилларки, мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий муаммолар таъсирини енгиллатиб, ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг амалий ва самарали воситалардан бири бўлиб келади.
Пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган худди шу йиғилиш тафсилотларидан Ўзбекистон ўзининг ташқи меҳнат бозорларини янада турфалаштириш, уларнинг қаторига энди Америка Қўшма Штатларини ҳам қўшиш режасида экани маълум бўлган.
Йиғилиш чоғида Ўзбекистон фуқароларига хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиш бериш навбатдаги устувор вазифа, деб белгилангани айтилган.
Маълум бўлишича, ўзбекистонликлар ҳозир ташкилий миграция асосида дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида меҳнат қилишмоқда.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтириш, ўзаро муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳаракатида бўлган бир пайтда ҳам кузатилган.
Бу янгилик яна АҚШ Ўзбекистон илова дунёнинг 75 давлати фуқароларига нисбатан янги тартибни жорий этиш, 21 январдан бошлаб уларга иммиграцион визалар беришни тўхтатиш қарори манзарасида бўй кўрсатгани билан мамлакатдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.
Дунёнинг энг йирик иқтисодий қудрати саналувчи Америка Қўшма Штатлари дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатлари сирасига киради.
Айниқса, Грин-карта орқали ҳар йили юз минглаб ўзбекистонлик бориш илинжида бўлган мамлакат.
Штатларда ўн минглаб ўзбекистонлик, юз минглаб ўзбек яшаши, улардан бир неча мингининг Америка фуқаролигини олгани ҳам айтилади.
Америкада қонуний яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, банкирлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари, ҳамширалик ва қаровчилик қилаётганлари ҳам оз эмас.
Нью-Йоркнинг янги мэри ўзининг яқинда қилган илк ғалаба нутқида ўзбек ҳамшираларини ҳам эслаб, сайловдаги қўлловлари учун уларга ҳам раҳмат айтган.
Ўзининг қилган бу иши билан дунёдаги кўпчиликнинг эътиборини Ўзбекистон, Америка Қўшма Штатларидаги ўзбеклар ва ўзбекистонликларга ҳам қаратган.
Ташқи меҳнат миграциясида банд Ўзбекистон фуқаролари орасида хотин-қизлар ҳам кам эмас.
Дейлик, 2017 йилги маълумотларда Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши айтилган.
Улардан аксарияти оиласидан ажрашган, турмушга чиқмаган, эри касалванд ёки ишсиз бўлганлиги учун тирикчилик ташвишини ўз зиммасига олган аёллар сифатида тилга олинишган.
Хотин-қизлар Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини ташкил этиши айтилади.
Ташқи меҳнат миграциясида банд Ўзбекистон фуқароларининг умумий сони миллионларга нисбат берилади.
Россия аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби, йилларки, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам энг йирик ташқи меҳнат бозори бўлиб келади.
Ўзбекистон: Мирзиёев ҳаммасидан бохабарми - видеони томоша қилиш учун илова қилинган линкни босинг: