You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Дунё нима учун бугун Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон томон қайта юзланмоқда? Видео
Сўнгги йиллар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон халқаро дипломатия кун тартибида алоҳида ўрин эгаллай бошлади.
Самарқандда ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илк саммити, АҚШ билан минтақавий форматлардаги учрашувлар, шунингдек Япония, Россия ва Хитойнинг фаоллашгани бу ҳудудга бўлган эътибор сезиларли даражада кучайганини кўрсатади.
Кузатувчилар бу жараённи алоҳида ташаббуслар йиғиндиси эмас, балки глобал савдо, хавфсизлик ва геосиёсий ҳисоб-китоблар ўзгариб бораётган бир пайтда минтақанинг ўрни қайта баҳоланаётгани билан изоҳлашади.
Геосиёсий фон: нима ўзгарди?
East Anglia университетида Япония тарихи бўйича доцент Шерзод Мўминовга кўра, бу қизиқиш тасодифий эмас.
Унинг таъкидлашича, биринчи омил - Хитой қудратининг жадал ўсиши. Пекин бугун нафақат иқтисодий, балки ҳарбий ва стратегик жиҳатдан ҳам АҚШга рақобат қила оладиган даражага яқинлашмоқда. Бу эса Осиё ва унга туташ ҳудудларни катта давлатлар ўртасидаги рақобат майдонига айлантирмоқда.
"Хитой ўз минтақаси, қолаверса дунёга ўз кучини ёядиган даражада юксалмоқда. Япониянинг ҳам минтақага қизиқишини айнан шу нуқтаи назардан тушунтириш мумкин. Ва Америкада ҳам бунга бир жавоб қилиш керак деган кайфиятлар йўқ эмас", дейди у.
Иккинчи муҳим омил - урушлар фонидаги глобал беқарорлик. Айниқса, Украина уруши Марказий Осиёнинг иқтисодий, транспорт ва логистика нуқтаи назаридан аҳамиятини оширди.
Санкциялар, таъминот занжирларининг узилиши ва янги йўлакларга эҳтиёж минтақани стратегик ҳудуд сифатида олдинги қаторга олиб чиқди.
Бунга қўшимча равишда, АҚШ ташқи сиёсатида кузатилаётган ўзгаришлар ҳам таъсир қилмоқда.
Шерзод Мўминов таъбири билан айтганда: "Совуқ урушдан кейин шаклланган бир қутбли тизим парчаланиб, дунё кўпқутбли ёки қайта икки қутбли манзара томон ҳаракатланяпти. Вашингтоннинг айрим минтақалардан нисбатан чекинаётгандек тутиши бошқа куч марказларининг фаоллашишига йўл очмоқда. Бу жараёнда Марказий Осиё ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда".
Европа Иттифоқи: заҳиралар ва энергия
2025 йил апрелида Самарқандда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи саммити бу қизиқишнинг муҳим белгиларидан бири бўлди.
Учрашувда транспорт йўлаклари, энергия хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва стратегик хомашё масалалари муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқи учун Марказий Осиёда мавжуд нодир минерал ресурслар, айниқса, энергетика ва саноат хавфсизлиги нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.
Брюссел минтақани фақат хомашё манбаи эмас, балки узоқ муддатли ҳамкор сифатида ҳам кўраётганини билдирмоқда.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Америка нима истайди?
Айни пайтда АҚШ ҳам Марказий Осиё билан мулоқотни фаол сақлаб қолмоқда.
C5+1 формати орқали ўтказилаётган учрашувлар Вашингтон учун минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий алоқалар ҳануз устувор эканини кўрсатади.
АҚШ нуқтаи назаридан Марказий Осиё Россия ва Хитой таъсири мувозанатлаштириладиган, шу билан бирга хавфсизлик архитектурасида муҳим ўрин тутадиган ҳудуд сифатида қаралади.
Япония янги бозор ва ишчи кучи илинжидами?
Япония Марказий Осиё билан муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. 2025 йилда "Марказий Осиё + Япония" формати илк бор давлат раҳбарлари даражасида ўтди.
Таҳлилчи Баҳодир Искандаровга кўра, бу қизиқишнинг бир неча сабаби бор.
Японияда аҳоли қариб бораётгани ва ишчи кучи танқислиги кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон ҳамда минтақанинг бошқа давлатлари ёш ва малакали кадрлар манбаи сифатида қаралмоқда.
"Шу билан бирга, табиий ресурсларга бой бўлмаган Япония учун Марказий Осиё янги бозор ва стратегик хомашё манбаи сифатида ҳам аҳамиятли", дейди Баҳодир Искандаров.
Ўз ўрнида, таҳлилчига кўра, Ўзбекистон Япониянинг илғор технологиялари ва институционал тажрибасига таянишдан манфаатдор.
Россия ва Хитой: анъанавий ва узоқ муддатли ҳисоб-китоб
Россия Марказий Осиёдаги анъанавий таъсирини сақлаб қолишга интилмоқда. Москва учун хавфсизлик, энергетика ва меҳнат миграцияси соҳалари ҳануз муҳим ҳисобланади.
Хитой эса минтақани транзит йўллари, савдо ва узоқ муддатли таъминот занжирлари нуқтаи назаридан стратегик ҳудуд сифатида кўради. "Бир камар - бир йўл" ташаббуси доирасида Марказий Осиё Пекин учун геоиқтисодий кўприк вазифасини ўтайди.
Оддий ўзбекистонликлар нима деб ўйлайди?
BBC Uzbek'нинг Facebook ва YouTube саҳифаларида бу мавзу қизғин муҳокама қилинди. Айрим фойдаланувчилар Ўзбекистон қайси давлатга яқин бўлиши кераклиги ҳақида аниқ қарор қабул қилиниши лозимлигини таъкидлаган. Бошқалар эса, аксинча, ҳеч бир томонга оғишмасдан мустақил ва мувозанатли ташқи сиёсат юритишни энг тўғри йўл деб ҳисоблайди.
"Ўзбекистон буларнинг қайси бири билан яқин иттифоқда бўлса ҳам, халққа бир тийинлик фойдаси йўқ. Газимизни, олтинимизни ва бошқа ер ости бойликларимизни тортиб кетишади, раҳбарларимизнинг улушини ташлаб кетади, халққа эса йўқ. Чунки газимизни 15 йилдан буён хитойлар ёқяпти, бизга эса тепписи ҳам йўқ. Электр энергияси Афғонистонга берилади, ўзимизда эса ҳар куни свет ўчади", дейди Кран тахаллусли фойдаланувчи.
Бошқа бир фойдаланувчи эса барча томонларга нисбатан ишончсизлик билдириб, бетарафликни афзал кўришини айтади:
"Буларнинг ҳеч бирига ҳам ишонч йўқ, бетарафликни сақлаган яхши", дейди @AlisherMadraximov-v6k.
Айрим изоҳларда эса ташқи ҳамкорлик фақат Ўзбекистон суверенитети ҳурмат қилинган тақдирдагина маъқул экани таъкидланади:
"Bizga farqi yo'q, qaysi biri bizning suverenitetimizni hurmat qilsa va o'zaro manfaatlar asosida ishlasa, o'sha bilan", деб ёзади @TimurTima_98.
Тошкентда BBC билан гаплашган ўзбекистонликлардан бири эса геосиёсий танловларга нисбатан бошқача қарашни илгари суради:
"Ўнта чап-чапдан битта қатлама яхши", дея фикр билдиради у. Унинг айтишича, узоқ бўлса-да АҚШ ёки яқин бўлса-да Хитойдан кўра, Россиянинг этагини тутиш афзалроқ.
Бошқа бир фуқаро эса барча ташқи муносабатларнинг асосида манфаат турганини қайд этади: "Сиз айтган давлатларнинг ҳаммасининг манфаати бор. Манфаат бўлмаса, алоҳида яқинлашиш ҳам, бошқа нарса ҳам бўлмайди".
Яна бир суҳбатдош эса Ғарб билан яқинлашув тарафдори эканини айтади:
"Ўзбекистон Европа билан яқин бўлиши керак… Чунки улар билан алоқа бўлса, янада ривожланиш бўлади… Масалан, Америка ёки Англияни оладиган бўлсак, улардан бизга кўпроқ инвестиция керак бўлади. Қанча кўп инвестиция бўлса, шунча кўп ривожланиш бўлади. Тиббиёт ёки таълим соҳасини оладиган бўлсак, улар ҳар томонлама биздан устун. Шунинг учун ҳам биз Европа давлатлари ва Америкага яқин бўлишимиз керак", дейди у.
"Бундай ўйлаб қаралса, ҳаммасига ҳам ишонч бўлиши мумкин. Фақат тўғри сиёсат билан улар билан алоқани тиклаш керак", дейди бошқа бир фуқаро.
Хулоса ўрнида, ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлар ҳам, Тошкентда мухбиримиз билан гаплашган фуқароларнинг қарашлари ҳам Ўзбекистон ташқи йўналишини танлаш масаласида жамиятда ягона позиция шаклланмаганини кўрсатади. Айримлар аниқ геосиёсий ҳамкорни муҳим деб ҳисобласа, бошқалар суверенитет, мустақиллик ва мувозанатли ташқи сиёсатни энг тўғри йўл сифатида баҳолайди.
Ўзбекистон учун имкониятлар ва хавфлар
Шерзод Мўминовга кўра, катта давлатлар фаоллигининг ошиши Ўзбекистон учун янги имкониятлар очади.
"Илгари минтақа ташқи кучларга қарам эди. Ҳозир эса Ўзбекистон ўз овозини чиқара оладиган даражага етяпти. Турли куч марказлари ўртасида манёвр қилиш ва миллий манфаатларни илгари суриш имконияти кенгаймоқда".
Шу билан бирга, хавфлар ҳам мавжуд: "Куч марказларидан биттасига ортиқча яқинлашиш, стратегик соҳаларда қарамликнинг кучайиши ёки минтақанинг ичида келишмовчиликлар пайдо бўлиши ташқи босимга қарши жавоб бериш имкониятини чеклаб қўйиши мумкин".
Санкциялар кенгайиб бораётган шароитда айрим ҳамкорлик йўналишлари иккинчи даражали хавфларни ҳам келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Шерзод Мўминовнинг фикрича, бугун Ўзбекистон учун манёвр қилиш имкониятлари ўтмишга нисбатан анча кучли.
Минтақа давлатларининг ўзаро жипслашаётгани ҳам ташқи босимларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш имконини оширмоқда.
Расмий Ўзбекистон нима дейди?
Ўзбекистон раҳбарияти мамлакат ташқи сиёсатида кўп векторли сиёсат юритишини таъкидлаб келади.
Ўтган йили окябр ойида президент Шавкат Мирзиёев Брюсселга сафари давомида Европа Иттифоқи- Ўзбекистон саммитида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битими имзоланганди.
Бу битим аҳамиятини урғулар экан, Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Абдулазиз Камилов: "Шунақа муҳим шартномалар имзоланганда, авваламбор, ўзимизга савол беришимиз керак: "Бу бизнинг халқимизга қандай фойда келтиради?"... авваламбор иқтисодий нуқтаи назардан. Янги замонавий технологиялар нуқтаи назардан. Ундан кейин биз мана бир неча йилдан бери хавфсизлик масаласи бўйича жуда яқин бир-биримизга ҳамкорлик олиб боряпмиз ва жуда мана шу ҳамкорлик самарали бўляпти..." деган эди.