Ўзбекистон: Алишер Қодировнинг она тили ҳақидаги гаплари тоталитаризмга қадамми? Соловёв гапига муносабат, Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В) ҳақида ҳақоратли сўзлар қўллаган шахс жазоланди (видео)

    • Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

"Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодировнинг она тили ҳақида айтган гаплари ижтимоий тармоқларда баҳсларни келтириб чиқарди.

Ўзбекистонда бола боғчада ва бошланғич таълимда ўз она тилида тарбия кўриши керак, деб айтган Алишер Қодиров Қонунчилик палатасидаги болалар манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган қонун муҳокамаси пайти.

"Бола боғчада ва бошланғич таълимда ўз она тилида тарбия кўриши керак ва илм олишнинг пойдеворини бошлаши керак. Биз бугун афсуски болаларни бегона тилда тарбия кўришга, бошланғич таълим олишга мажбур қиляпмиз ва бунинг оқибатида болалардан мактабда кутган билимни, боғчада кутган тарбияни ололмаяпмиз... Негадир одамлар бу хатони тан олишни хоҳламаяпти. Афсуски, бу педагогикада исботини топган муаммо. Ва қонунда бунинг акс этиши жудаям маъқул, буни қўллаб-қувватлаймиз. Фақат битта таклиф. «Таълим тўғрисида»ги қонунда таълим тилини танлаш эркинлиги белгилаб қўйилган. Буни мактабгача таълим ва бошланғич таълимда ҳар бир боланинг устун манфаати сифатида ўз она тилида тарбия кўриши ва бошланғич таълим олиш мажбуриятини таъкидлаб қўйишимиз керак. Бугун бола бегона тилда тарбия олишга мажбурланяпти ва тарбия олмаяпти. Бегона тилда бошланғич таълим олишга мажбурланяпти ва бошланғич таълим олмаяпти. Оқибатда бола тарбиясиз ва таълимсиз бўлиб қоляпти", дея Алишер Қодировдан иқтибос келтирди kun.uz веб нашри.

Алишер Қодиров сўзларига муносабат билдирган таълим бўйича эксперт Комил Жалилов, гап рус боғчаларига қўйилаётган ўзбек болалари ҳақида бораётгани ҳақид ёзди ўзининг Телеграмдаги Jalilov.Qaydlar каналида.

"Лекин депутатнинг таклифи қабул қилинса, бола мактабгача ва бошланғич таълимни фақат она тилида олиши кераклиги ҳақидаги норма фақат ўзбекларга тегишли бўлмайди. Масалан, Ўзбекистонда яшовчи тожиклар боласини тожикча боғчага ва тожикча бошланғич мактабга бериши керак бўлади. Самарқанд ёки Бухорода-ку, балки тожикча боғча топилар, лекин, дейлик, Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида яшовчи тожиклар учун давлат тожикча мактаб ёки боғча топиб бера оладими? Ёки, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда яшайдиган 130дан ортиқ этник гуруҳларнинг (мисол учун, татарлар, корейслар, арманлар ва ҳоказо) ҳар бири учун Қодировнинг партияси уларнинг ўз она тилида боғча ва бошланғич мактаб ташкил қилиб бера оладими? Бошланғич таълимни ўз она тилида олганидан кейин бу болаларнинг таълим ўзбек ёки рус тилида олиб бориладиган ўрта мактабга адаптациясини таъминлаб бера оладими?", деб ёзди Комил Жалилов.

"... қайси тилда таълим олиш, китоб ўқиш, ёзиш, фикрлаш - бу шахсий ҳудуд. Давлат бу шахсий ҳудудга аралашиши, сен ўзбек (рус, қозоқ, тожик ва ҳоказо) бўлиб туғилгансан, демак, шу тилда ўқишинг, ёзишинг, фикрлашинг керак, деган талаб қўйилиши - тоталитар давлат сари биринчи қадам эмасми?", деб савол қўйди таҳлилчи.

"Алишер Қодиров ўзбеклар орасида рус тилидаги таълимга бўлган талабнинг ортиб бораётганидан хавотирда экан, бунинг сабабларини ўрганиши керак", деб ёзди Комил Жалилов.

"Агар Қодиров ва унинг партияси мақсади - ўзбек тилидаги таълим жозибадорлигини ошириш бўлса, буни мажбурлаш ёки таъқиқ билан эмас, таълим сифатини ошириш билан амалга ошириш керак", деб ёзди эксперт.

Телеграмдаги Vaib.uz канали ҳам ёзишича, Ўзбекистонда тилидан қатъи назар, таълим сифатини ошириш "анча самарали ва рационал қадам" бўлган бўлур эди.

"Ҳозирча депутат нима демоқчи экани ва таклиф қилинаётган ўзгартиришлар амалда қандай жорий этилиши номаълумлигича қолмоқда. Агар гап ота‑оналарнинг фарзандлари учун таълим тилини танлаш ҳуқуқини чеклаш ҳақида бораётган бўлса, бу инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини тўғридан‑тўғри бузиш бўлади. Агар масала фақат тавсиялар ҳақида бўлса, унда уларни қонунга нега киритиш керак, деган табиий савол туғилади", дея муносабат билдиради Vaib.uz.

"Бундан‑да самарали ва мантиқий йўл – таълим тилидан қатъий назар, барча мактаб ва боғчаларда таълим сифатини ошириш бўлар эди, ота‑оналар ва болалар учун янги тўсиқлар яратиш эмас. Бундан ташқари, тарбия ва таълим бошқа тилда гӯёки «ҳеч нарса бермайди» деган фикр камида баҳсли туюлади ва кўп тилли таълим улар учун муаммо эмас, аксинча афзалликка айланган минглаб оилаларнинг реал тажрибасини инобатга олмайди", деб ёзади Vaib.uz.

Соловёв гаплари Ўзбекистонда танқидларга учради

Россиялик таниқли телебошловчи ва тарғиботчи Владимир Соловёв яна Ўзбекистон жамоатчилигини ғазблантирган янги баёнот қилди.

Унинг айтишича, Россия худди Украинага уюштирилгани каби постсовет ҳудудидаги бошқа мамлакатларга ҳам "махсус ҳарбий амалиёт" бошлаши керак.

У ушбу баёнотни ўзининг «Соловьёв LIVE» муаллифлик дастури эфирида айтди.

Соловёв, Москва учун устувор вазифа Сурия ёки Венесуэладаги воқеалар эмас, балки Арманистон ва Марказий Осиё давлатлари бўлиши керак, деди.

Владимир Соловёв гапининг бошида АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Гренландия ва Венесуэлага ёндашуви ҳақида гапирди.

"Менга Гренландия керак — уни оламан, барча келишувларга тупураман. Менга Венесуэла керак — уни оламан", деди россиялик телебошловчи Трампнинг позициясини такрорларкан.

"Арманистоннинг йўқотилиши — мана бу улкан муаммо. Бизнинг Осиёдаги… Марказий Осиёдаги муаммолар — мана шу биз учун улкан муаммо бўлиши мумкин. Ва биз ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ шакллантириб олишимиз шарт", деди Соловёв.

"Халқаро ҳуқуққа ҳам, халқаро тартибга ҳам тупурдик. Агар миллий хавфсизлигимизни таъминлаш учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлашимиз зарур бўлган экан, нега энди айнан шу мантиқдан келиб чиқиб, таъсир доирамиздаги бошқа нуқталарда ҳам бундай операцияларни бошлай олмаймиз?" — деди россиялик телебошловчи.

Бундан олдин ҳам россиялик сиёсатчи, журналист ёки фаоллар собиқ СССР республикаларини Россия босиб олиши керак, деган гапларни айтганлар, бундй империяпараст кайфиятлар ва баёнотлар Россия Украинага 2022 йил февралида тўлақонли босқин бошлаганидан кейин кучайди.

Соловёв чиқишини қоралаётган фаоллар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан бунга муносабат кутаётганлари ҳақида ёздилар.

Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В) ҳақида ҳақоратли сўзлар қўллаган шахс жазоланди

Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В)га нисбатан ҳақоратли сўзлар қўллаган самарқандлик 22 ёшли йигит Ш. А. 9 январ куни 12 суткага қамалди, деб хабар берди gazeta.uz веб нашри.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида яшайдиган, тумандаги мактаблардан бирида тарих ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган шахс Telegram гуруҳларининг биридаги баҳсда пайғамбар ҳақида ҳақоратли сўзлар ишлатгани акс этган скриншотлар Интернетда тарқалган.

Интернет фойдаланувчилари ушбу фуқарога нисбатан чора кўрилишини сўраб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат ҳам қилганлар.

Пахтачи тумани ИИБ ходимлари Ш. А.нинг қўл телефонини кўздан кечирган ва у чиндан диний адоватни қўзғовчи маълумотларни тарқатгани аниқланган.

Бунинг ортидан милиция ходимлари Ўзбекистон Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 184−3-банди (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш)га асосан, маъмурий баённома расмийлаштирганлар.

Жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани судида ўтган суд мажлисида ҳуқуқбузар айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Унга юқоридаги модда билан 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Суд ашёвий далил сифатида қўл телефонини йўқ қилишни буюрди, шунингдек, йигитнинг Telegram`даги профилидан фойдаланиши ҳам чекланди, деб хабар берди gazeta.uz

7 январ. Мубашшир Аҳмад саломатлиги, мих ютган самарқандлик ва водийда яна ёпилган метан шохобчалари

Навоий вилоятидаги турмада жазосини ўтаётган диний уламо Мубашшир Аҳмаднинг соғлиғи ёмонлашган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти. Бу ҳақида унинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ Ўзбекистондаги нашрларга гапирган.

Асл исми Алишер Турсунов бўлган диний олим ўтган йил октябрида Жиноят кодексининг учта моддаси - миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, ҳамда диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш айбларида айбдор топилиб 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Унинг ҳимоячиси маълум қилишича, Турсуновга «Қандли диабет II тип, инсулинга муҳтож тури» ва «Чап оёқ артрози» ташхислари қўйилган.

Унга кўра, диний олимнинг оёқлари шишиб кетиб, танасида ҳар-хил яралар пайдо бўлаётганига қарамай даволанишига рухсат берилмаяпти.

Адвокатнинг аниқлик киритишича, Турсунов кўп йиллардан бери қандли диабет касаллиги билан оғриб келади.

«Қолаверса, жазони ўташ давомида Алишер Турсунов Қизилтепа туманида жойлашган ғишт заводларининг бирида мажбурий тарзда ишлашга чиқарилмоқда. Алишер Турсунов соғлигининг шундай бир ёмон ҳолатида 16 соатлаб тик оёқда ишлашга ва юришга мажбурланмоқда. Алишер Турсуновнинг соғлиги яхши эмаслиги, қандли диабет касаллиги қийнаётганлиги, оёқлари шишиб кетиб, буйраги яхши ҳолатда эмаслиги, танасида ҳар-хил яралар пайдо бўлаётганлигини кўра-била туриб, уни оғир ва совуқ об-ҳавода меҳнат қилишга жалб этишдан мақсад нима?», дейди адвокат Абдуллоҳ Содиқ Кун.уз билан суҳбатида.

Адвокатнинг қўшимча қилишича, мижозининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли идоралар: ИИВ, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотларга ариза киритилган.

Ўзбекистон жазо ўтиш муассасалари Ички ишлар вазирлиги назорати остида. BBC Турсунов соғлиги ёмонлашгани ва унга тиббий муолажа кўрсатилмаётгани ҳақидаги даъволарга муносабат сўраб ИИВ матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсовга Телеграмдан мурожаат қилди.

Мих ютган самарқандлик

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали маълум қилишича, филиалда 29 ёшли фуқаронинг қорин бўшлиғидан ёт жисмлар олиб ташланди.

Марказ Телеграм каналида фуқаронинг исми А.Е деб кўрсатилди.

Маълумотга кўра, фуқаро шошилинч қабул бўлимига қорнидаги кучли оғриқдан арз қилиб келган. Унда тиббий текширувлар ўтказилганида, меъда ичак тизимида «катта миқдорда ёт жисмлар (мих ва саморез) борлиги аниқланган».

Шошилинч равишда ўтказилган жарроҳли амалиётида беморнинг қорин бўшлиғидан метал жисмлар олиб ташланган ва ҳозирда унинг аҳволи қониқарли.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Тиббий марказ маълумотида беморнинг нега метал жисмларни ютиши сабаблари кўрсатилмаган, аммо Ўзбекистондаги баъзи нашрларга кўра, эркак қаттиқ стресс остида ўз ҳаракатларини назорат қила олмай, мих ва саморезларни ютган.

Тиббиётда метал (мих, танга, сим), тупроқ, муз, қоғоз, совун, бўр каби озиқ-овқат бўлмаган жиҳозларни ейиш касаллиги «пика» деб номланади. Бу касалликка одатда организмда темир ва рух моддаларининг етишмаслиги, ҳамда қаттиқ стресс ёки аутизм каби руҳий шароитлар ҳамроҳлик қилади.

Водийда яна метан танқислиги

Иқтисодчи блогер Отабек Бакировнинг ёзишича, сешанба куни Фарғона водийсида метан заправкалар яна кеч бўлмай ёпилди.

«Бугун тушдан кейин водий туманлари бўйлаб метан заправкалари ёпила бошлаган бўлса, кеч 18:00га бориб, фаолият кўрсатаётган метан заправкалар (давлат органлари ва ижтимоий соҳага хизмат кўрсатувчилардан бўлак) қолгани йўқ.

Энергетика вазирлиги ҳолат бўйича бирон бир изоҳ бергани йўқ, дейди блогер ўзининг Телеграмдаги саҳифасида.

«Суткалик ҳарорат нолга яқинлашганда метан заправкалар фаолияти чекланиши қоидаси яна бир бор ишлади. Шу билан водийликлар яна бобо қуёш ўртача ҳароратни 5-10 даражага кўтаришини кутишларига тўғри келади», - деб ёзади у.

Ўзгидромет башоратларига кўра, бу ҳафтанинг қолган қисмида республика бўйлаб ҳарорат кўтарилиши кутилмоқда.

Бакиров, шунингдек, метан қуйиш шохобчаларига газ етказиб бериши кутилган контейнерлар йўқлигига эътиборни қаратди.

Ноябрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Водий вилоятларидаги метан заправкаларга кўчма контейнерлар орқали табиий газ етказиб бериш тизими ишга туширилишини маълум қилганди. Вазирлик хабарида жами 150 дона кўчма контейнерлар олиб келиниши, ноябрга келиб уларнинг 92 таси Ўзбекистонга импорт қилингани айтилганди.

Аммо, блогернинг ёзишича, «Бир неча ўн миллион доллар совурилган пиар контейнерлардан мана иккинчи ойдирки, қиш ярмига келдики, дарак йўқ.»