Марказий Осиё дайжести: Омбудсман вакили Мубашшир Аҳмад билан учрашди, Президент Жапаров мол-мулки қанча? - Видео

Ўқилиш вақти: 5 дақ

2025 йилнинг октябрида 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилиб, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган диний уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ маҳкумнинг аҳволи оғир экани ҳақида маҳаллий матбуотга билдирган.

Унда у маҳкум мажбурий тарзда ишга чиқарилаётганини ва етарли тиббий муолажа олмаётганини айтди.

"Жазони ўташ давомида Алишер Турсунов Қизилтепа туманида жойлашган ғишт заводларининг бирида мажбурий тарзда ишлашга чиқарилмоқда. У соғлиғининг шундай бир ёмон ҳолатида 16 соатлаб тик оёқда ишлашга ва юришга мажбурланмоқда" — деди адвокат.

Бу эса кейинги кунларда Ўзбекистон жамоатчилиги орасида ҳам турли фикр ва мулоҳазаларни келтириб чиқарди.

Жумладан, сиёсатшунос ва фаол Ҳамид Содиқ ўз Телеграм саҳифасида шундай ёзиб қолдирди:

"Мубашшир Аҳмад домлани озодликка чиқариб унга даволаниш имконини бериш керак."

Айни хабарлар тармоқлар бўйлаб тарқалгач, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили вилоятдаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширгани ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон Омбудсмани идорасига кўра, мониторинг давомида маҳкум Алишер Турсунов билан ҳоли тарзда суҳбат ўтказилган ва унинг саломатлигига оид тиббий ҳужжатлар билан танишилган.

"Озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароити бўйича ҳам шикоят билдирмади. Унинг сўзларига кўра, соғлиғидан келиб чиқиб, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат берилади. Маҳкум А.Т. билан ўтказилган ҳоли тарздаги суҳбатда у ҳеч қандай масалада мурожаат қилмади", — дейилади расмий муносабатда.

Бироқ, маҳбуснинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ маҳаллий нашрларга билдиришича, Алишер Турсунов муассаса ходимлари томонидан унга нисбатан бошқа маҳкумлар қатори бир хил муносабат бўлмаётганини айтган.

Президент Жапаровнинг қанча мол-мулки бор?

Қирғизистон солиқчилари давлат амалдорларининг 2024 йилги даромадларига оид маълумотларни эълон қилди.

24.kg Интернет нашри Президент Садир Жапаров икки йил олдин қанча даромад қилгани маълумотини очиқлади.

Ушбу маълумотга кўра, Қирғизистон президентининг бир йиллик даромади 2 миллион 214 минг 482 Қирғиз сомини ташкил этган.

АҚШ долларининг Қирғиз сомига нисбати 86,91 бўлгани инобатга олинса, 2025 йил 1 январида Президент Жапаров расмий даромади 25480 АҚШ доллари атрофида бўлган.

"Америкаликларга визасиз тартибни бекор қилайлик"

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Эдил Байсалов АҚШ томонидан Қирғизистон фуқароларидан B-1/B-2 визалари учун ариза топширишда виза гарови талаб қилинишига жавобан америкаликлар учун визасиз кириш тартибини бекор қилишни таклиф қилди.

"Кеча Давлат департаменти эълон қилган янги виза талабларидан сўнг, америкалик фуқаролар учун визасиз режимимизни қайта кўриб чиқишимиз керак, деб ҳисоблайман. Унга кўра, Қирғизистон фуқаролари виза аризасини топширганда 15 минг долларгача виза гарови қўйиши талаб этилади", деб ёзди Байсалов Х ижтимоий тармоғида.

"Виза сиёсати ўзаро тенглик ва ҳурмат масаласидир. Агар бизнинг фуқароларимиз учун бундай юқори тўсиқлар жорий этилса, биз ўзимизни ҳеч нарса бўлмагандай кўрсатолмаймиз".

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШга боришни режалаштираётган фуқароларни янгиланган виза талабларини олдиндан ўрганиб чиқишга, визани олиш ва АҚШда бўлиш шартларига қатъий риоя қилишга ҳамда қабул қилувчи давлатнинг виза ва миграция қонунларини бузмасликка чақирди, дея хабар тарқатди АКИпресс ахборот агентлиги ўша куни.

21 январдан бошлаб, Қирғизистон фуқаролари АҚШнинг B-1 (бизнес) ва B-2 (туризм) тоифасидаги ноиммиграцион визаларига ариза берганда 5 минг доллардан 15 минг долларгача қайтариладиган виза гарови тўлашлари талаб қилинади.

АҚШ фуқаролари Қирғизистонга 60 кунгача визасиз киришлари мумкин, аммо узоқроқ бўлиш учун виза олишлари керак.

8 январ. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон фуқаролари АҚШ визаси учун энди минглаб доллар гаров тўлашлари керак. Ўзбекистонликлар-чи?

АҚШ маъмурияти мамлакатга сафар қилишга рухсат берувчи виза учун катта миқдорда гаров тўлашлари керак бўлган мамлакатлар рўйхатига Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни киритди.

АҚШ Давлат Департаменти веб-саҳифасида 6 январ куни нашр қилинган маълумотга биноан Туркманистон фуқаролари 2026 йил 1 январдан бошлаб, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари эса 21 январдан бошлаб қиймати 5, 10 ёки 15 минг америка долларига қадар гаров пули тўлашлари керак бўлади. Гаров пули қиймати элчихоналарнинг Консуллик бўлимларида виза олиш учун ўтказилган суҳбат вақтида белгиланиши ҳам айтилган.

Лекин гаров тўланганлиги виза олиш кафолатини англатмаслиги ҳам билдирилган. Агарда виза аризаси рад этилса ёки виза олган шахс вақтида ортга қайтган тақдирда гаров пули қайтариб берилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари гаров эвазига виза олувчилар АҚШга фақатгина 3 аэропорт орқали кириб келишлари мумкин бўлади. Бу аэропортлар Бостон Халқаро аэропорти, Ню- Йоркдаги Жон Кеннеди Халқаро аэропорти ва Вашингтондаги Даллас Халқаро аэропортидир.

Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳозирча виза учун гаров тўлашлари керак бўлганлар рўйхатига киритилмаган.

АҚШ Давлат Департаментга кўра, бу чоралар рўйхатга киритилган мамлакатлардан АҚШга сафар қилувчилар виза берилган муддат тугаши билан чиқиб кетишларига эришиш йўлида киритилмоқда.

Ўтган йили Туркманистон фуқароларига виза бериш муваққат равишда тўхтатилиб, кейинчалик бекор қилинганди.

АҚШ Давлат Департаменти веб-саҳифасидаги фуқаролари виза учун гаров тўлашлари керак бўлган рўйхатдаги мамлакатлар сони шу билан 38 га етган. Улардан баъзилари учун бу чоралар жорий 2026 йилнинг турли саналарида, асосан 21 январдан бошлаб киртилиши қайд қилинган. .

АҚШга келишлари мутлақо тақиқланган мамлакатлар рўйхатида эса ҳозирда Афғонистон, Эрон ва Яман дохил 19 мамлакат бор.

Виза чекловлари ўзбекистонликлар учун нимани англатади?

Доналд Трамп қайта президентликка сайланганидан бери мамлакатга муҳожирлар сонини қисқартириш йўлида кўплаб чораларни киритиб келмоқда.

Бу чоралар сирасида виза олиш учун шахсан суҳбатдан ўтиш, Ижтимоий Тармоқлардаги чиқишлар ҳақида маълумот бериш, собиқ сафарлар ва яшаган мамлакатлар борасида аниқ маълумотлар тақдим қилиш ҳам бор.

2025 йил декабр ойида эса Доналд Трамп Грин карта лотереяси тизимини ҳам тўхтатиб қўйганди. Бу қарор Браун Университетида ўзбекистонлик талаба, 18 ёшли Муҳаммад Азиз Умурзоқов дохил 2 киши отиб ўлдирилгандан сўнг қабул қилинганди.

Отишмада АҚШга Грин карта олиб келган португалиялик шахс гумон қилинган.

Грин карта лотереясининг тўхтатилиши кўплаб ўзбекистонликларни ўйлантириб қўйиши табиийдек. Чунки АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи Грин карта тизими орқали келганлар орасида ўзбекистонликлар сони жуда кўп эканлиги айтилади.

Ўзбекистонликлар учун Грин картадан ташқари ҳозирча бу каби виза чекловлари киритилмаган бўлса ҳам маҳаллий нашрларнинг хабар беришларича, 2024 йили виза олиш учун Тошкентдаги АҚШ элчихонасига мурожаат қилганлардан деярли 65 фоизи рад жавобини олган.

Бу Марказий Осиё давлатлари орасида виза аризаси рад этилганининг энг юқори кўрсатгичи бўлгани ҳам айтилган. Kun.uz нашрига кўра, виза аризасини топширган қозоғистонликлардан 39, туркманистонликлардан 53, тожикистонликларнинг 54 ва қирғизистонликларнинг 59 фоизига виза берилмаган.

Оқ уй маъмурияти виза чекловларини "АҚШ хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун," дея асосламоқда.

Америка расмийларига кўра, мамлакатга келувчилар орасида виза муддати тугаши ортидан қолувчилар сони кўп. Бундан ташқари виза чекловлари киритилишига сабаб қилиб ариза берувчилар ҳақидаги маълумотларни аниқ текшириш имкони яратилмагани, коррупция, террористик фаолият ва депортация қилинган фуқароларини қайтариб олишда ҳамкорликдан бош тортиш каби омиллар ҳам келтирилган.

Доналд Трамп илк бор президентликка сайланган вақти 2017 йилда ҳам муҳожирларга нисбатан тақиқ ва чекловларни татбиқ қилганди.