Ўзбекистон. Биринчи муштдан 102 гача: Зўравонликда яшаётган аёллар ҳимоя борлигидан хабардорми? Видео

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Узоқ муддат оилавий зўравонликка учраб келган аёлларнинг дардини эшитганингизда синиқ овозидан бу зўравонлик уларни нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам эзиб келганини биласиз.

Реабилитация марказида биз суҳбатлашган Малика ҳам бундан мустасно эмас. Олий маълумотли бўлишига қарамай, фарзандлари ва оиласига ғамхўрлик қилишни танлаб, уй бекаси бўлган Малика 10 йил давомида - ҳатто ҳомиладорлик даврида ҳам, эридан калтак еб келган. Фарзандлари ҳам ушбу жисмоний зўравонликдан "насиба" ола бошлаганларидан сўнг, Малика ниҳоят 102 га қўнғироқ қилишга қарор қилади.

Унга биринчи ёрдам кўрсатилгач, ижтимоий ходимлар томонидан ё уйга қайтиш ёки фарзандлари билан реабилитация марказига жойлашиш танлови берилади. У реабилитация марказини танлайди ва бундан ҳеч афсусда эмас.

Мавзу таҳлили "Диққат, BBC" дастурининг бу ҳафталик сонида - видеони томоша қилиш учун илова қилинган линкимизни босинг:

Оилавий зўравонлик нима?

Оилавий зўравонлик нафақат патриархал жамиятлар балки бутун дунёда жиддий ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аёлларга нисбатан зўравонликнинг глобал миқёсдаги зарари мамлакат ЯИМнинг 2 фоизигача етиши мумкин. Бунда турмуш ўртоғи томонидан содир этилган зўравонлик асосий қисмни ташкил этади.

Европа Иттифоқида гендер асосидаги зўравонлик харажатлари йилига 366 миллиард евро деб баҳоланган бўлиб, шундан тахминан ярми (174 миллиард евро) айнан турмуш ўртоғи томонидан содир этилган зўравонлик ҳиссасига тўғри келади.

Бу хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш, шунингдек, бундай чоралар билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракатдир.

Аслида руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонликка қарши ҳам қонуний ҳимоя мавжуд бўлса-да, кўп аёллар фақат ҳаётига хавф туғилгандагина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишади.

Нега аёллар зўравон муносабатларда қолишади?

Психологларнинг таъкидлашича, бу саволнинг жавоби биз ўйлагандан анча мураккаб. Психолог Лола Юсупованинг фикрича, асосий муаммо — аёлларнинг уят ҳисси сабабли ҳақиқий вазиятни яширишидир. Бизнинг жамиятда оилавий муаммоларни кўчага олиб чиқиш кўп ҳолларда қораланади. Ҳатто жабрланган аёлнинг яқинлари ҳам уни "чидашга" ундашади.

Кўпгина аёллар ўзларига нисбатан бўлаётган муносабатни зўравонлик деб ҳам билишмайди, балки "нормал турмуш" деб қабул қилишади. Шу сабабли аёлларнинг ўзига бўлган ишончини орттириш ва уларга ўз ҳуқуқларини тушунтириш жуда муҳимдир.

Қонунчиликдаги ўзгаришлар

Тарихан кўплаб мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам оилавий зўравонлик жиноий иш эмас, балки "шахсий масала" сифатида кўрилган. Ҳатто Европада ҳам бу ҳолат фақат ўтган асрнинг иккинчи ярмидагина инсон ҳуқуқларининг бузилиши сифатида талқин қилина бошланди.

2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига 126-1-модда (Оилавий (маиший) зўравонлик) киритилиб, бу ҳолат жиноят сифатида белгиланди. Эксперт Абдураҳмон Ташановнинг таъкидлашича, бу масалани назоратга олишда Саида Мирзиёеванинг ташаббуслари муҳим аҳамият эга.

Бироқ муаммолар ҳали ҳам мавжуд. Масалан аёлларни ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб келганларни (103-модда) жазога тортиш қийинлигича қолмоқда, чунки далилларни йиғиш механизми мукаммал эмас. Шунингдек, "оилани сақлаб қолиш" ҳақидаги юқоридан бериладиган буйруқлар ҳам аёлларни зўравон муносабатларда қолишга мажбур қилмоқда.

Катта ва марказлашган шаҳарларда аёлларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар фаол бўлиши мумкин. Лекин чекка ҳудудларда бу анча оқсайди. Аёллар ҳатто зўравонликка учраганда кимга ва қандай мурожаат қилишни ҳам билишмайди. Оила аъзоларига мурожаат қилишади, улардан эса "чида" деган гапни эшитишади. Жамиятдаги бу борадаги қотиб қолган қарашлар ҳам аёллар ўзларининг қонуний ҳуқуқларидан фойдаланишларига тўсиқ бўлади дейди Ташанов.

Милициядан олдин зўравонликни ким билади?

Буюк Британиядаги ижтимоий ҳимоя тизимини кузатар эканмиз, диққатимизни бир муҳим жиҳат тортди: оилавий зўравонликка қарши курашда оддий халқни тушунарли тилда хабардор қилиш ишлари жуда тизимли йўлга қўйилган. Аёллар тез-тез ташриф буюрадиган масканлар — поликлиника, дорихона, кутубхона ва болалар ўйингоҳларида оилавий зўравонлик ҳақида тушунча берувчи постерлар, оддий ва лўндa тушунтирилган варақа ва расмлар учрайди.

Дастлаб бу манзарани кўриб, ушбу давлатда оилавий зўравонлик ҳаддан ташқари авж олган экан, деган хаёлга бориш мумкин. Бироқ тизим билан яқиндан танишиш жараёнида - хоҳ шифокор қабулида бўлсин, хоҳ ҳомиладор аёлларни кузатиш жараёнида - мутахассислар оилавий шароит ва турмуш ўртоқнинг муносабати ҳақида жуда эҳтиёткорлик билан сўров ўтказишларига гувоҳ бўлдик. Бундан англашиладики, Британияда оилавий зўравонлик масаласи қаттиқ назорат остида. Агар аёл киши ўзини ҳимоя қилишга куч топа олмаса, демак, унга ёрдам берадиган ва унинг тақдирига бефарқ бўлмаган жамият борлигини ҳис қилади.

Бу жараёнларни кузатиш асносида хаёлимиздан Ўзбекистондаги воқелик ўтди. Бу ёндашув Ўзбекистондаги ҳолат билан таққосланганда янада яққол кўринади. Ўзбекистонда аёллар, одатда, «ҳозир милиция чақирмасам, бу сафар ўлдириб қўяди» деган сўнгги нуқтага келмагунча ҳеч қаерга мурожаат қилишмайди. Атрофдагилар ҳам токи жиддий хавф туғилмагунча «бировнинг оиласи» қабилида иш тутиб, вазиятга аралашишдан тийиладилар. Ваҳоланки, аёлни ўша сўнгги чорасизлик нуқтасига етиб боргунча ҳам ҳимоя қилиш, фожиаларнинг олдини олиш учун кўп нарса қилиш мумкинлиги аён бўлди.

"Тўрт девор орасида" қолсинми?

Буюк Британияда аёлларга, болаларга ёки ҳимояга муҳтож бошқа қатлам вакилларига нисбатан жисмоний зўравонлик аломатларини пайқаган ҳар қандай шахс тегишли органларга хабар бериш ҳуқуқига эга. Агар бундай белгиларни ўз хизмат вазифасини бажариш давомида шифокор, ҳамшира, ўқитувчи ёки полиция ходими кўриб туриб, бефарқлик қилса ва мутасадди идораларни огоҳлантирмаса, улар қонун олдида жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги низомида ҳам зўравонликнинг олдини олишга доир алоҳида бандлар мавжуд. Бироқ бу тизим амалда қандай ишламоқда? Воқеа ички ишлар органларига - милицияга етиб боргунга қадар, аёлнинг зўравонлик муҳитида яшаётганини ким аниқлаши керак ва бу қандай текширилади? Бу саволларга аёллар ҳуқуқлари бўйича фаол Гулноз Мамарасулова жавоб берди.

Гулноз Мамарасулованинг таъкидлашича, бу вазифа билан бевосита маҳалла ташкилотлари шуғулланиши белгиланган. Бироқ эксперт ўз тажрибасидан келиб чиқиб, тизимдаги жиддий муаммони очиқлади: Афсуски, бу ташкилотларда зўравонликка учраган аёллар билан тўғри ишлаш кўникмаси етишмайди, - дейди Гулноз Мамарасулова.

Улар кўпинча бор масъулиятни жабрланган аёлнинг зиммасига юклаб, унинг ўзини айбдор қилиб кўрсатишга уринадилар. Бундай ёндашув эса, аслида, жабрланувчига нисбатан қилинаётган навбатдаги руҳий зўравонликнинг ўзгинасидир.

Шунингдек, суҳбатдошимизнинг қайд этишича, тизимдаги бундай камчиликлар аёлларни ҳимоя излаб мурожаат қилишдан тўхтатиб қўювчи асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.

- Oила шифокорлари жабрланган аёлларни аниқлаш ва улар билан мулоқот қилиш бўйича етарли тайёргарликдан ўтишмаган. Амалиётда шундай ҳоллар бўлганки, аёл танасидаги жароҳат излари билан бошқа бир соғлиқ муаммоси бўйича поликлиникага чиққанида, шифокор бу излар зўравонлик оқибати эканини тушуниб турса-да, муаммони ўрганмаган ёки тегишли жойга хабар бермаган.

Бизни яна бир жиҳат қизиқтирди: Ўзбекистонда ҳимоя ордери олиш ёки реабилитация марказларига мурожаат қилиш тартиби аёллар учун содда ва тушунарли тилда баён этилганми? Масалан, Британия тажрибасидаги каби, аёллар гавжум бўладиган жойларда бу ҳақда маълумот берувчи расмли қўлланмалар ва кўзга ташланадиган постерлар мавжудми ёки йўқми — шу ҳақда ҳам суҳбатдошимиздан сўрадик.

Гулноз Мамарасулова бу борадаги аҳвол ҳали қониқарли эмаслигини аниқ рақамлар билан асослаб берди: Ижтимоий сиёсат лабораторияси томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари анча хавотирли, - дейди эксперт.

Сўровда иштирок этган 1000 нафар аёлнинг 42 фоизи ҳимоя ордери олиш бўйича қонуний ҳуқуқлари борлигини умуман билишмаган. Бу рақамларнинг ўзиёқ жамиятда маълумот бериш тизими оқсаётганидан далолат беради.

Гулноз Мамарасулованинг назарида, аёллар учун осон ва тушунарли қўлланмалар етарли эмас. Маълумотларни ҳатто маълумоти ёки саводи паст бўлган қатлам вакиллари ҳам бир қарашда англай оладиган содда инфографикалар шаклида тақдим этиш зарур. Бу борада ҳали қилинадиган ишлар, афсуски, жуда кўп, - дейди эксперт.

Малика тақдири

Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган реабилитация марказлари ва бир нечта аёллар бошпаналари оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга нафақат бошпана, балки янги ҳаёт бошлаш учун имконият тақдим этмоқда. Бу масканлар кундалик оилавий зўравонлик доирасида яшашга мажбур бўлган аёллар учун нажот қалъаси бўлиб, уларга руҳий таскин ва вақтинчалик барқарорлик беради.

Малика oртда қолган азобли кунлардан сўнг, унинг нафақат ўзини ўнглаб олиши, балки яна меҳнат қилиш, касбига қайтиш ва жамиятда ўз ўрнини топиш ҳақидаги режалари кишида келажакка катта умид уйғотади.