You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Дайжест: Россия қамоқларидаги ўзбеклар Украина урушига ташланганми? Ўзбекистон Путин касрига қолиши мумкинми? O'zbekiston Yangiliklar
- Россия нашри қамоқдаги ўзбекларни урушга юборилганини ёзди
- Минтақа Россия билан ҳамкорликдан ютадими ё ютқазади?
- Кампиробод намойишчиларига нима бўлди?
- Қашқадарёликлар Финландия таълими бўйича ўқитилади
Ўзбекистонлик маҳбуслар ким?
«Новая газета. Европа» нашри Россия қамоқхоналаридан Украина урушига жалб этилган чет эллик маҳбуслар, хусусан, Ўзбекистон фуқароларининг шахсини аниқлаганини маълум қилди.
Нашрга кўра, сентябрь ойи охирида Евгений Пригожиннинг «Вагнер» ЧВК таркибида Украинадаги жанговар зонага жўнатилган маҳбуслар Мордовиядаги 17-сонли ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўтаётган бўлишган.
"Ушбу муассасадан жами юздан ортиқ киши фронтга кетган бўлса, уларнинг ярми Ўзбекистон, Тожикистон, Молдова, Сербия ва Миср фуқаролари, шунингдек, Украина фуқароларидир", деб ёзади "Новая газета - Европа".
Нашр маҳбуслар шахсини қандай аниқлагани борасида маълумот бермаган, аммо уларнинг қандай жиноятлар ортидан жазони ўташ жойларида бўлганликларини ёзади.
- "Мордовиядаги ИК-17 дан урушга жалб қилинган деярли барча чет элликлар гиёҳванд моддаларни сотишда айбланиб, қаттиқ режимда 7 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган" - дейилади мақолада.
Мисол тариқасида келтирилган номларда Ўзбекистон фуқаролари эканлиги айтилган бир неча эркакларнинг исм-шарифлари бор.
Бундан аввал ҳам ОАВларда Россия мигрант ва маҳбус муҳожирларни Украинадаги урушга турли йўллар билан жалб этаётгани ҳақида ёритилганди.
Ижтимоий тармоқларда фронтдаги ўзбекистонликлар эканлиги тасвирланган видеолар тарқалган.
Ўзбекистон расмийлари Россиядаги ўзбекистонликларни хорижда ҳарбий ҳаракатларга қўшилмасликлари борасида огоҳлантириш беришмоқда.
Бироқ Россия томони муҳожирларни алдов ёки мажбурлаш йўли билан ҳарбий хизмат ёки Украина урушига жалб этаётгани бўйича ҳали расмий мурожаат ёки нота йўллашгани йўқ.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистонда бу йил қиш газ-свет узилмайдими? Пскент ҳокими ер сотиб олган 1 трлн сўмни қандай топган?
- Қирғизистон Кампирободни қайтариб олдими? Садир Жапаров кескин кетди. Россия вазири нега Тошкентга келди?
- Ўзбекистон: Тошкент дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳрига айланди. Ўзингизни қандай асрай оласиз?
- Остона. Янгиликлар: Эрдоған Қозоғистон суверенитети, ҳудудий яхлитлигини дастаклади, Тоқаев Эрдоғанга орден берди
Минтақа Россия касрига қоладими?
Марказий Осиё давлатлари Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш ва Москва билан ҳамкорликни давом эттиришнинг янги механизмларини излаши керак. «Маъно» тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев «Подробно.уз» нашрига берган интервьюсида шундай фикрни билдирган.
Остонада ўтказилган «Россия-Марказий Осиё» биринчи саммити натижалари таҳлили ўлароқ берилган мазкур мақолада «Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қилаётган мамлакатларга иккиламчи санкциялар босими учун Ғарб давлатларига ортиқча шовқинсиз ва янги маълумотларни тарқалишининг олдини олиш учун ёпиқ эшиклар ортида долзарб масалаларни муҳокама қилишга интилишди» дейилади.
«Подробно.уз» саммитнинг асосий мавзуларидан бири Путин Марказий Осиё давлатларини импорт ўрнини босиш бўйича Россия ташаббусларида фаол иштирок этишга таклиф қилганини билдирган ва таҳлилчидан Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги салоҳиятини, айниқса, АҚШ томонидан иккиламчи санкциялар жорий этилиши мумкинлиги фонида қандай баҳолашини сўраган.
«Минтақанинг барча бешта давлати учун Россия асосий ташқи савдо ҳамкорларидан бири бўлиб, улар бу салоҳиятда Россияни тезда алмаштира олмаслиги аниқ. У кўплаб товар буюмлари - ёғоч, металл, темир буюмлар, пўлат ва бошқалар учун асосий етказиб берувчи бўлиб қолади. Ушбу ҳамкорлик фойдаси ўлароқ логистика ва транспорт йўналишлари аллақачон йўлга қўйилган. Буларнинг барчасини алмаштириб бўлмайди, демак, ўзаро ҳамкорлик давом этади», - дейди Бахтиёр Эргашев нашр саволларига жавоб бераркан.
Таҳлилчига кўра, агар маълум давлатлар Россия билан фаол иқтисодий ҳамкорликни давом эттирса, уларга қарши иккиламчи санкциялар қўлланилиши мумкинлигини ҳисобга олсак, бу янада муаммоли бўлади.
"Бундай шароитда Марказий Осиё давлатлари муайян санкцияларни четлаб ўтиш ва Россия билан мавжуд ҳамкорлик даражасини сақлаб қолишнинг янги механизмларини излаши керак бўлади. Бу объектив ҳақиқатдир", - дейди Бахтиёр Эргашев.
Кампиробод намойишчиларига нима бўлди?
Қирғизистон Омбудсман институти 24-25 октабр кунлари Бишкекнинг Первомайский туман судида Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган фуқаролик фаоллари ва мухолифатчи сиёсатчиларга нисбатан профилактика чоралари кўрилган суд мажлисларида қонунбузарликлар ҳақида маълум қилган.
Ҳибсга олинганлар тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинмоқда. Суд мажлислари эрталаб соат 18:00 дан 5:30 гача бўлиб ўтди, барча ҳолларда судлар фаолларнинг ҳибсга олиниши қонуний ва асосли эканлигини тан олди.
Омбудсман институти эса ҳар бир ҳолатда гумон қилинувчининг қамоққа олиш асослари тўғрисида тўлиқ маълумот олиш, жиноят иши қўзғатиш, қамоққа олиш тўғрисидаги қарорлар, уларнинг ҳуқуқларини ёзма тушунтириш нусхаларини олиш ҳуқуқи ва қатор қонунбузилишларига йўл қўйилганини аниқланди.
«Адвокатларнинг сўзларига кўра, барча ҳибсга олинганлар жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор билан фақат суд мажлисида танишган. "Жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарор иш материалларида мавжуд бўлмаган ҳолда суд мажлисини ўтказиш мумкин эмас», - дея таъкидлади Омбудсман институти.
Шунингдек, қамоққа олишнинг қонунийлиги ва асослилиги тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш муддатлари, шунингдек, қамоққа олинган шахсга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш тартиби ҳам бузилгани маълум қилинган.
Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервюсида сиёсатчилар ва фаолларнинг оммавий ҳибсга олинишини изоҳлар экан, уларни Кампиробод сув омбори тақдири эмас, балки расмийлар қизиқтираётганини айтганди.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 20 октябр куни 22 киши ҳибсга олинган жиноят иши қўзғатилгани, фаоллар ва сиёсатчиларни тинтувлар ва оммавий ҳибсга олишлар ҳеч қандай қонунбузарликсиз ўтказилгани, барча тергов ҳаракатларига кўра олиб борилаётганини маълум қилганди.
Бир гуруҳ қирғиз фаоллари Кампиробод (Андижон) сув омборидан фойдаланиш ва унинг мавқега оид Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон келишган қарорга норозилик билдириб келишаётганди.
Қашқадарёда финландча мактаблар
Қашқадарё вилоятидаги 48 та мактабда янги ўқув йилидан бошлаб Финландия таълим тизими жорий этилади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябр куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида вилоят ҳокимлиги олдига шундай вазифа қўйди.
Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Аввалроқ Президент Мирзиёев Финляндия таълими тизими борасида илиқ фикрлар билдириб, Финландия таълим стандарти бўйича бошланғич синфлар учун дарслик тайёрланганини айтганди.
"Дарсликлар масаласида ҳам анча муаммо бор экан, унинг ичига кириш керак. Дарсликлар савияси ҳақида катта муҳокамалар бўлди. Финляндиянинг стандарти билан бир хилда 1-4 синфлар учун дарсликлар қиладиган бўлдик. Нимага десангиз, Финляндия халқ таълими Европа миқёсида, умуман дунёда рақобатга чидамли, кўп тажрибани ўзидан ўтказган", деди Президент Мирзиёев.
Шунингдек, видеоселекторда янги боғчалар қуриш, туғруқ комплексларини ташкил этиш, тиббий марказларни жиҳозлаш ва замонавий тиббий ускуналар таъминоти бўйича қатор топшириқлар берилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek