You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон. Янгиликлар: Ўзбекистон Қирғизистонга деярли 20 минг гектар ер бериб юбордими? Бу қиш Ўзбекистонда свет ўчмайдими? Қамоқхонада ўзи нима бўлган? Yangiliklar, Rossiya
- Ўзбекистон Қирғизистонга 19 минг гектардан зиёд ер бердими?
- Тошкентда тезлик чекланган кўчалар рўйхати эълон қилинди;
- ДХХ академиясига қабул бошланди;
- Навоийдаги колонияда маҳкум ўз жонига қасд қилган;
- Энергетика вазирлиги қишда электр етказиб беришни кўпайтирмоқчи;
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон босим остидами, Мирзиёев конституция ўзгартирилишини кечиктирмоқчими, Путин нима қилмоқчи - туғилган кун ё саммит?
- Ўзбекистон. Янгиликлар: Энди Ўзбекистонга Украина урушининг таъсири бўлмайдими, Тоқаев яна президент бўлмоқчи, Раҳмон юбилейини қаерда нишонлади?
- Қозоғистон Украина борасида Россиянинг "ғазабини" келтирдими? Икки давлат нега элчиларни чақирди?
- Ўзбекистон. Янгиликлар: Венгрия билан ядровий ҳамкорлик? Россия ҳарбий кўмак сўрадими ва Қозоғистонга шунча кўп россиялик қочганми?
- Ўзбекистон ва Марказий Осиё Украина урушидан ютаяптими?
Қирғизистонга берилган ер
Ўзбекистон Кампир-обод (Андижон) сув омбори эвазига Қирғизистонга 19 минг гектардан зиёд ер берган, дея ёзмоқда қирғиз матбуоти мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев берган маълумотга таяниб.
Хабарларга кўра, Ташиев 10 октябрь куни Жокоргу Кенешда ўтган йиғилишда имзоланган икки томонлама келишувга биноан Қирғизистон 19,699 гектар ер олиб, Ўзбекистонга Кампир-обод сув омбори билан бирга 4,485 гектар ер берганини маълум қилган.
"Биз ғолиб бўлдик, деб айтолмайман, лекин бир метр ҳам еримизни бермадик. Қайтанга, авваллари баҳсли бўлган қўшимча майдонни қўлга киритдик. Олдин Кампир-ободдан фақат Ўзбекистон фуқаролари фойдалана олар эди. Энди биргаликда бошқарув бўлади - Ўзбекистон ва Қирғизистондан тўрттадан одам. 70 йил давомида сувдан фойдаланиш қарорини Ўзбекистон фақат ўзи қабул қилиб келди. Энди Қирғизистон фуқаролари сувдан бемалол фойдаланиши мумкин: экинларини, молини суғоради, балиқ тутади, ҳатто, насосда сув чиқаради", - дея Ташиевдан иқтибос келтирган Kaktus Media нашри.
Шунга қарамай, 10-октябрь куни пойтахт Бишкекда 15 чоғли қирғизистонлик Кампир-обод сув омборининг Ўзбекистонга берилиши қарорига қарши норозилик намойиши ўтказгани хабар қилинган.
6 октябрь куни Қирғизистон Садир Жапаров ўзининг Facebook саҳифасида Ўзбекистон билан Кампир-обод сув омборини бошқариш учун 50/50 улушга эга қўшма корхона ташкил этилишини маълум қилган эди.
Ўзбекистон томони, ҳозирча, мазкур хабарларни изоҳламаган.
Чекланган тезлик
10 октябрь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши сессиясида пойтахтдаги Кичик ҳалқа йўлидан марказга йўналган барча кўчаларда транспорт воситаларининг рухсат этилган ҳаракатланиш тезлигини соатига 60 километр этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган.
Шунингдек, шаҳар марказидаги бир қатор кўчаларда энг юқори ҳаракатланиш тезлиги соатига 50 километрга чекланган.
Бунга қадар автотранспорт воситалари учун рухсат этилган энг юқори тезлик соатига 70 километр эди.
Пойтахт ҳокимлиги ҳаракатланиш тезлиги соатига 50 километр билан чекланган кўчалар рўйхатини эълон қилган:
- Алишер Навоий шоҳ кўчасининг Лабзак кўчаси ва Шароф Рашидов шоҳ кўчаси оралиғидаги қисми;
- Маҳтумқули кўчасининг Яҳё Ғуломов ва Мирзо Улуғбек кўчалари оралиғидаги қисми;
- Амир Темур шоҳ кўчасининг КҲАЙдан Алишер Навоий шоҳ кўчаси оралиғидаги қисмида;
- Кичик ҳалқа автомобиль йўлининг Қатортол кўчаси ва Бунёдкор шоҳ кўчаси оралиғидаги қисми;
- Ислом Каримов кўчасининг Анҳор бўйи кўчаси ва Шароф Рашидов шоҳ кўчаси оралиғидаги қисми;
- Тарас Шевченко кўчасининг Ислом Каримов ва Нукус кўчалари оралиғидаги қисми;
- Бобур ва Фурқат кўчасининг Шота Руставели ва Ислом Каримов кўчалари оралиғидаги қисми;
- Амир Темур хиёбони айланма йўли
ДХХ академиясига қабул бошланди
Давлат хавфсизлик хизмати академияси бакалавриат йўналиши бўйича 2023-2024-ўқув йиллари учун абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жараёни бошланган.
Маълум қилинишича, мй.дтм.уз сайтида номзодларни саралаш тест синовларига рўйхатга олиш хизмати пайдо бўлган.
Номзодларни саралаш учун тест синовлари 15 ноябрдан 15 декабрга қадар кунига икки сменада ўтказилади.
Академияга умумий бошланғич, ўрта махсус ва профессионал-техник маълумотга эга, шунингдек, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади.
Маълумот ўрнида, ДХХ академияси Давлат хавфсизлик хизмати ва Президент давлат хавфсизлик хизмати тезкор фаолияти учун зобитлар тайёрланадиган олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси саналади.
Қамоқдаги суиқасд
Навоий шаҳридаги колониялардан бирида маҳбуснинг ваҳшийларча ўлдирилганига оид тармоқда тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирилган.
Хабарларда ҳолат Навоий шаҳар 5-минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясида юз бергани айтилган.
Навоий вилоят прокуратураси колонияда ўлим ҳолати юз берганини тасдиқлаган, аммо маҳбус ўз жонига қасд этганини маълум қилган.
"Аниқланишича, маҳкум М.О 2022 йил 7 октябрь куни соат тахминан 01:35 ларда колония интизомий бўлинмасининг 2-ҳужрасида ўзининг кийимидан арқон ясаб, ётиш учун мўлжалланган ўрин жойидаги кровать темирига ўзини осиб, ўз жонига қасд қилган", дейилади расмий маълумотда.
Вилоят прокуратураси 2018 йилда жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди томонидан 15 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эндиликда марҳум маҳкум билан юз берган ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганини билдирган.
Қишда электр етказиб бериш кўпайтирилади
Энергетика вазирлигининг янги тайинланган раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов куз-қиш мавсуми бошланиши манзарасида танқидий руҳдаги йиғилиш ўтказган.
Йиғилишда кўмир, суюлтирилган газ, электр энергияси етказиб беришдаги муаммолар аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани тилга олинган.
Энергетика вазири 168 мингдан зиёд хонадонга 10,693 тонна суюлтирилган газ ҳамда йил якунига қадар аҳолига 882 минг тонна кўмир етказиб бериш чораларини кўриш топшириғини берган.
Шунингдек, бошланган куз-қиш мавсуми давомида республика истеъмолчиларига ўтган мавсумга қараганда 2,5 миллиард киловатт-соатга кўп электр энергияси етказиб берилиши маълум қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek