Ўзбекистон босим остидами, Мирзиёев конституция ўзгартирилишини кечиктирмоқчими, Путин нима қилмоқчи - туғилган кун ё саммит? Yangiliklar, Rossiya

  • Мирзиёев Конституция ўзгартирилишини ортга сурмоқчими?
  • Санкт-Петербургдаги норасмий саммитда кимлар қатнашяпти?
  • Ўзбекистон йўлини тўсаётганлар кимлар - Депутат Қодиров фикри.
  • Ўзбекистон чегарачилари Толибон билан нимани гаплашди?

Ўзбекистон йўлини ким тўсаяпти?

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров Kun.uz нашрига берган интервьюсида собиқ ТИВ раҳбари Абдулазиз Комиловнинг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёнотидан сўнг Ўзбекистонда иқтисодий муаммолар пайдо бўла бошлаганини билдирган.

Алоқадор мавзулар:

«Абдулазиз Комиловнинг ўша чиқиши Ўзбекистоннинг энг дадил чиқиши эди. Бироқ ўша чиқишдан кейин биз учун 1 ҳафта иқтисодий буҳрон бошланди. Биласизми, Ўзбекистоннинг шимол томондан океанга очилиш йўналиши 1 ҳафтага махсус фалажлантирилди», — дейди Алишер Қодиров Kun.uz билан суҳбатда.

Сиёсатчи иқтисодий қарамлик ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон географик жойлашуви сабабли эҳтиёткор бўлиши кераклигини таъкидлаган. Ўзбекистон жаҳон бозорига чиқмаса, ривожлана олмаслиги, бу ҳаракат атайлаб қилинган деб ҳисоблашини билдирган.

«Афғонистондаги нотинчлик, бизнинг Афғонистон коридоридан фойдалана олмаётганимиз махсус, сунъий ташкил қилинаётган бир масала, конфликт деб ҳисоблайман», — деди партия етакчиси.

Шунингдек, Алишер Қодиров Ўзбекистоннинг ҳалигача Афғонистон йўлагини оча олмаётгани, мамлакатнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллар ҳамда бу тўсиқларнинг жуда катта ва оғир экани ҳақида ҳам фикрларини билдирган.

Президент шошмаяптими?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституцияни ислоҳ қилишда шошилишнинг ҳожати йўқлигини билдирган. Президент 6 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида бўлиб ўтган йиғилишда бу масалага алоҳида тўхталган.

Президент Мирзиёев 1 августгача Конституцияни ўзгартиришга 150 мингдан ортиқ таклифлар тушгани, бу эса ўзбекистонликларни эртанги кунига бефарқ эмаслигидан далолат беришини айтган. Шу билан бирга «Мукаммал ва халқчил» Конституция яратиш учун шошмасликни таклиф қилган.

«150 000 нафар аҳоли… Қачон улар келажакда ташаббуслар бўйича ўз таклифларини беради? Масалан, одамларимиз очиқ бюджет бўйича овоз беришни ўргандими? Адолат бўлса, жамият ўзгаради. Ҳеч ким аралашмаяпти. Энди тасаввур қилинг-а, агар барча ажратилган маблағлар очиқ бюджетга ажратилса ва одамлар овоз бериб, унга қўл қўйса, менга қанча яхши бўларди. 10 карра кўп адолат бўларди, 15 карра пул қисқарарди», — дейди давлат раҳбари.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «агар керак бўлса, «халқ Конституцияни ўзиникидек қабул қилиши» учун «аҳоли билан келишиб» тузатишлар киритилиши»ни яна бир бор таъкидлаган

Туғилган кун ё саммит?

Россия президенти Владимир Путин туғилган кунида Стрелнадаги Константиновский саройида МДҲнинг норасмий саммитини йиғмоқда.

«Президент Санкт-Петербургда ишлайди... Куннинг ярмида президентнинг МДҲ аъзолари давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилган. У Константиновский саройида бўлиб ўтади», - деди президент матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, «Бу келгуси ҳафтада бўлиб ўтадиган МДҲ саммити - Остонада бўлиб ўтадиган Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига тайёргарлик кўриш контекстида жуда муҳим воқеа бўлади».

МДҲ мамлакатлари етакчиларидан кимлар иштирок этади?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябр куни бўлиб ўтадиган тадбирларда иштирок этади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларус президенти Александр Лукашенко қатнашади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров иш тақвими туфайли МДҲнинг Санкт-Петербургда ўтадиган норасмий саммитида иштирок этмаслиги билдирилган.

Озарбайжон, Молдова ва Туркманистон президентларининг иштироки ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

7 октябр куни Россия давлати раҳбари 70 ёшга тўлди.

Путин ўзининг юбилейини МДҲдаги ҳамкасблари билан биринчи марта нишонлаётгани йўқ: 2002 йилда Россия давлати раҳбари ўзининг 50 ёшга тўлиши муносабати билан Кишинёвдаги МДҲ саммитида иштирок этган эди.

Песков бу йил Путин юбилейини қариндошлари билан нишонлайдими ёки дўстлари билан учрашадими, бунга аниқлик киритмади.

Ўзбек чегарачилари ва Толибон учрашуви

5 октябр куни Афғонистоннинг Балх вилоятидаги Ҳайратон портида Ўзбекистон чегара қўшинлари офицерлари «Толибон» ҳаракати вакиллари билан учрашишган. Бу ҳақда Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Маълумотларга кўра, томонлар ҳар қандай қарама-қаршиликларни мулоқот йўли билан ҳал қилишга келишиб олган, чегарачилар ўртасидаги мувофиқлаштириш ва алоқа механизмлари ҳам муҳокама қилинган. Бундан ташқари, икки давлат вакиллари чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатларининг олдини олишга келишиб олдилар.

Қайд этилишича, Ўзбекистон делегациясига Давлат хавфсизлик хизмати полковниги Холиқ Назар, «Толибон» ҳаракатидан «Ал-Фатҳ» 209-армия корпуси чегара қўшинлари 6-бригадаси командири Мансур Мавлавий бошчилик қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek