You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Видео. Ўзбекистон-Қирғизистон: Қирғизларнинг Кампир-ободни бермаслик талаби нега тинмаяпти? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar
20 октябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров норози фаоллар ва маҳаллий аҳоли билан шахсан учрашиб, Ўзбекистон билан чегара ҳудудлари бўйича эришилган келишув аҳамиятини тушунтиришга қарор қилган.
Қирғизистонда Ўзбекистон билан баҳсли чегара ҳудудлари бўйича эришилган келишув натижалари, хусусан, Кампир-обод сув омборининг бериб юборилиш қарорига нисбатан норозилик кайфияти босилмаётир.
Чегара масаласи бўйича икки томонлама келишув натижалари сир сақланаётгани ўтган ярим ойдан бери Қирғизистонда энг қизғин муҳокама қилинаётган мавзулардан бирилигича қолмоқда.
Қирғиз ҳукумати қарийб 20 минг гектар ер эвазига Кампир-обод (Андижон) сув омборини Ўзбекистонга беришга рози бўлгани тўғрисидаги хабар ой бошидан бери мамлакат жанубидаги маҳаллий аҳоли ҳамда айрим сиёсатчилар норозилигига сабаб бўлиб келмоқда.
10 ва 15 октябрь кунлари Ош вилояти Ўзган туманида ўнлаб маҳаллий аҳоли вакиллари норозилик митингига чиққан.
Митинг иштирокчилари сув омбори Ўзбекистонга бериб юборилган тақдирда, "ҳар қандай қаттиққўл чораларга тайёр экани"ни таъкидлаган.
Шундай манзарада президент Жапаров чегара келишуви аҳамиятини шахсан тушунтиришга мажбур бўлган.
Алоқадор мазвулар:
Ёпиқ учрашув
Қирғизистон президенти маъмурияти давлат раҳбари билан учрашувга 200 дан зиёд маҳаллий аҳоли вакиллари ва 20 нафарга яқин фаолларни таклиф этгани айтилмоқда.
Учрашув Тошкент вақти билан соат 10.00 да бошланган.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, учрашув иштирокчиларининг барча ёзиб олувчи қурилмалари - телефон, диктофон, смарт-соатлар - киришда олиб қўйилган ва учрашув куннинг иккинчи ярмида ҳам давом этган.
20 октябрь кунининг иккинчи ярмида ҳам президент билан учрашув натижалари бўйича расмий маълумот берилмаган.
Бироқ учрашувда иштирок этган мухолиф фаол Тилекмат Куренов ижтимоий тармоқ орқали жонли эфирга чиқиб, расмийлар, жумладан, президент Жапаровнинг норозилар сўроғига берган жавобларидан кўнгли тўлмай чиққани ҳақида гапирган.
"Мен учун энг катта янгилик - улар бизни алдашмоқда. Бизни алдашаётганига янада ишонч ҳосил қилдим. Мен ва бошқа фаоллар саволларига аниқ жавоб бериша олмади. Мухолифат эканимиздан ниятимиз ёмонлиги, ҳасад қилаётганимизни айтишди. Протоколни кўрсатишни сўрадик. Ратификацияга уч кун қолганда кўрсатамиз, дейишди", деган Куренов жонли эфир давомида.
Кампир-обод машмашаси
Ўзбек ва қирғиз ҳукуматларининг давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича делегациялари раҳбарлари 26 сентябрь куни қўшма протоколга имзо чеккан.
Бу билан икки мамлакат ўртасида аниқланмай қолган охирги 300 километрдан зиёдроқ баҳсли чегара ҳудудлари масаласини якуний ҳал этиб олишга йўл очилган.
Бироқ ҳар икки томон ҳам протокол тафсилотларини ошкор этмаган, унинг матни жамоатчиликдан сир сақланмоқда.
Оқибатда, қирғизистонлик фаоллар ҳамда айрим сиёсатчилар қайси ерлар Ўзбекистонга берилаётганини очиқлашни талаб этиб, ҳукуматга босим ўтказа бошлаган.
10 октябрь куни қирғиз ҳукуматининг чегара масалалари бўйича делегацияси раҳбари, мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Ўзбекистон Кампир-обод сув омбори жойлашган 4,485 гектар ерни олгани ва Қирғизистонга 19,699 гектар ер бергани ҳақида гапирган. Бир вақтнинг ўзида у ҳар икки давлат фуқаролари сувдан эркин фойдаланиши мумкинлигини тилга олган.
Қирғиз матбуоти Ташиев Ўзбекистон Қирғизистонга бераётганини айтган чегара ҳудудларининг тахминий рўйхатини ҳам эълон қилган:
- Ғовасой манзили - 12,949 гектар
- Кўк-серек қишлоғи - 105 гектар
- Баястан қишлоғи - 212 гектар
- Унгар-тоо тоғи - 35 гектар
- Ак-таш қишлоғи - 100 гектар
- Кара-белес қишлоғи - 25 гектар
- Шарихан-сай канали қисми - 19,5 гектар
- Орто-токой сув омбори - 1,009.5 гектар
- Кок-серек қишлоғи - 1,307 гектар
- "Аэропорт", Жетиген, Кербен манзиллари - 571 гектар
- Шамалди-сай қишлоғи - 1,088 гектар
- Кок-талаа, Пилдирак манзиллари - 1,013 гектар
- Араван тумани - 148 гектар
- Сузоқ туманига қўшимча 500 гектар
- Ўзген туманига қўшимча 500 гектар
Бунинг ортидан сув омборининг бир қисми жойлашган Ўзган тумани аҳолиси икки бор норозилик митинги уюштирган. Уларни муҳолиф қарашдаги айрим сиёсатчилар ва депутатлар қўллаб-қувватлаб чиққан.
Норози кайфиятдаги қирғизистонликлар ҳукуматдан Ўзбекистон билан чегара ҳудудлари бўйича келишув натижаларини бекор қилиш ёки Кампир-обод сув омбори масаласини умумхалқ референдумига қўйишни талаб этганлар.
"Бундан ташқари биз берилган ерлар яхши эмас, тошлоқ, кўп қисмида сув йўқ. У ерларнинг бонитет балли - тупроқнинг унумдорлик кўрсаткичи - жуда паст. Бу ерда, Кампир-ободда эса унумдорлик жуда юқори, бу ерда машҳур ўзган гуручи етиштирилади", деган Ўзган туманида раҳбарлик лавозимларида ишлаган Ақил Айтбаев қирғиз матбуотига.
Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров президент Жапаровга видеомурожаат йўллаб, Кампир-обод сув омборини бериш масаласини қайта кўриб чиқишга чақирган.
"Сиз тарихда дўстингиз [Қамчибек Ташиев - таҳр.] билан Кампир-ободни сотган шахслар ўлароқ қоласизлар. Манфаатингиз нимада? Кампир-обод - стратегик объект. Келажакда сув нефть, бензин, ва олтиндан-да қиммат бўлади. Нега бундай шошма-шошарлик билан бериб юборяпсиз? Халқ тушуна олмаяпти. Акангиз сифатида мен ҳам тушунмаяпман", деган Бекназаров ўз мурожаатида.
Норозиликлар фонида 19 октябрь куни Қирғизистон Вазирлар Кабинети раиси Ақилбек Жапаров Ташиевнинг чегара масаласини муҳокама қилиш мақсадида Тошкентга жўнаб кетганини маълум қилган.
Ҳозиргача расмий Тошкент ҳолат юзасидан изоҳ бергани кўзга ташланмаган.
"Сиёсий илиқликни бой бермаслигимиз керак"
Бир вақтнинг ўзида кўплаб қирғиз ҳукумати вакиллари ва Жокоргу Кенеш депутатлари Ўзбекистон билан чегарадаги баҳсли ҳудудлар масаласини бутунлай ҳал этиб олиш режасини дастаклаб чиққан.
Улар сентябрь ойида Тожикистон билан юз берган қуролли можарони ёдга олиб, Ўзбекистон билан ҳам бундай вазият юзага келишига йўл қўймаслик зарурлигини таъкидлаганлар.
19 октябрь куни парламент аъзоларига мурожаат қилган Вазирлар Кабинети раиси Ақилбек Жапаров Ўзбекистон билан "мавжуд сиёсий илиқликни қўлдан бой бермаслик" шартлиги ҳақида гапирган.
"Агар чегарани ўз вақтида делимитация қилганимизда, бунинг олдини олиш мумкин эди", деган у Тожикистон билан рўй берган зиддиятни тилга олиб.
20 октябрь куни Жокоргу Кенешдаги бешта фракция Ўзбекистон билан айрим чегара ҳудудларини делимитация қилиш тўғрисидаги келишув лойиҳасини тасдиқлашдан бош тортган парламентнинг халқаро алоқалар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция масалалари бўйича қўмитаси раиси Чингиз Айдарбековни лавозимидан олиш талаби билан чиққан.
Кампир-ободнинг аҳамияти нимада?
Ўзбекистонда Андижон дея аталувчи Кампир-обод сув омбори икки қўшни давлат чегарасида қолаётган энг баҳсли ўнга яқин ҳудудлардан бири.
Сув омбор Ўзбекистон ССР ва Қирғизистон ССР Вазирлар Кенгаши қўшма қарори асосида қурила бошланиб, қурилиш 1983 йилда тўлиқ якунланган.
Давлатлар мустақилликка эришгач, икки мамлакат ҳудудида жойлашган Кампир-обод баҳсли ерга айланган, лекин амалда ҳудудни Ўзбекистон чегарачилари назорат қилиб келади.
Сув омбор Фарғона водийсидаги экинзорларни сув билан таъминлайдиган асосий захира ҳисобланганидан ҳам Ўзбекистон, ҳам Қирғизистон учун катта аҳамиятга эга.
Яқин ўтмишда Кампир-обод юзасидан бир неча бор ўзаро низо келиб чиққан. Масалан, Ўзбекистон 2014 йил август ойида Ош вилоятидаги Қорасув тумани экинзорларини Кампир-обод суви билан таъминлайдиган Саавай каналини ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз ўн кунга тўсиб қўйган.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг икки давлат ўртасидаги алоқалар илиқлашиб, баҳсли ҳудудлар бўйича келишувни охирига етказишга имкон пайдо бўлган.
Айни дамда, Қирғизистон ҳукуматининг маълум қилишича, қўшнилар сув омборидан тенг ҳуқуқда фойдаланиш бўйича келишувга эришган, аммо келишув кучга кириши учун ҳар икки мамлакат парламентлари маъқулловидан ўтиб, президентлар имзо чекиши талаб этилади.
18 октябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги яқин кунлар ичида президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатга келиши кутилаётганини хабар қилган.
Кузатувчилар мазкур ташриф давомида Қирғизистонда баҳсларга сабаб бўлаётган чегара ҳудудлари бўйича келишув якуний ҳал бўлишини тахмин қилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek