Туркманистон ёш президенти аёл танасини қандай назорат қилмоқчи? Ayollar Dunyo Yangiliklar

Turkman ayollari

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Аёллар 2019 йил ноябрь ойида Махтумқули номидаги Ашхобод миллий мусиқа ва драма театрида "Паяци" операси премьерасида. Бу охирги 18 йил ичида Туркманистонда биринчи хорижий опера спектакли эди
    • Author, Наргиза Ризқулова
    • Role, BBC

Туркманистонда бир мунча вақтдан бери аёлларга киприк улатиш, ботокс қилиш, қошга татуаж қилиш, соч бўяш, машинанинг олд ўриндиғида ўтириш тақиқланган. Дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан биридаги тақиқлар кўпинча саҳна ортида ишлайди, яъни улар билан тортишиш имконсиз бўлиши мумкин.

Алоқадор мавзулар:

Ташаббуслар 12 март куни отаси Гурбангулидан кейин президент бўлган 40 ёшли давлат раҳбари Сердар Бердимуҳамедов томонидан илгари сурилган. Аёлларга ўзини қандай тутиш кераклигини кўрсатиш Туркманистоннинг биринчи президенти Туркманбоши давридаёқ бошланган анъанадир.

"Туркманлар ўзларининг янги тайинланган президенти Сердар Бердимуҳамедов отасидан кўра илғорроқ йўл тутишига умид қилишганди, бироқ улар қаттиқ хато қилишди", дейилади Оилани режалаштириш халқаро федерацияси (IPPF) баёнотида.

IPPF маълумотларига кўра, Туркманистонда ҳақиқатан ҳам абортлар тақиқланган ва бундан буён ҳомиладорликни тўхтатиш учун рухсат этилган муддат 12 ҳафтадан 5 ҳафтагача чекланган. Бундай эрта муддатда аёллар кўпинча ўзининг ҳомиладорлигини ҳам билмайди.

"Бир кечада ҳукумат 2015 йилда қабул қилинган қонунни ҳеч қандай жамоатчилик муҳокамасисиз эълон қилди, яъни аслида у яширинча қабул қилинган ва эълон қилинган", дейди IPPF.

"Анъанага зид"

Аёлларнинг айтишича, май ойи бошидан бери такси ҳайдовчилари уларни машинанинг олд ўриндиғига ўтказмаяпти ва сабаб қилиб таксопаркларда эълон қилинган бир фармонни (туркманча адат) келтирмоқда.

Turkman ayollari

Сурат манбаси, VLADIMIR SMIRNOV/TASS

Сурат тагсўзи, Киприк улатиш, ботокс ва қошга татуаж қилиш туркман аёллари орасида кенг тарқалган

Бундай тақиқлар ёзилган давлат ҳужжатлари ва фармойишларини ҳеч ким кўрмаган. Бу Туркманистонда кенг тарқалган амалиёт бўлиб, "оғзаки қонун" деб аталади, бунинг учун президентнинг оғзаки буйруқ бериши ёки ҳеч қаерда чоп этилмайдиган буйруқни имзолаши кифоя қилади.

"2017 йилдан бери Туркманистон аёлларга ҳайдовчилик гувоҳномалари берилмаяпти ва бунинг учун ёзма ёки оғзаки тушунтириш ҳам йўқ, шунинг учун амалдаги чекловларнинг киритилиши кўпчиликни ажаблантирмайди", дейди Turkmen.news сайти муҳаррири Руслан Мятиев.

Мятиев асли туркманистонлик ва маҳаллий ҳокимият тақиқларини яхши билади: 2000 йилларда у калта шим кийганида давлат хизматлари марказларига кира олмас эди.

Энди унинг сўзларига кўра, вазият бемаънилик даражасига етган, чунки унинг танишлари ва ўқувчилари унга шундай дейишган: "Мен бешта одамдан машина олдинги ўриндиғида ўтиришни сўрадим ва ҳар сафар шу ҳолат такрорланди. Йўл полицияси тўхтатиб, орқа креслога ўтишни сўраган".

Журналистнинг ишонишича, аёллар барибир билганидан қолмайди, лекин яширинча: "бу амалиётларнинг барчаси шунчаки яширинча кетади, лекин ҳеч қаерда йўқолмайди".

Жарималар ва ишдан бўшатиш

Бошқа аёлларнинг айтишича, давлат хизматида уларга тўғри кўриниш, маникюрни ва қошдан татуажни олиб ташлаш кераклиги айтилган.

«Озодлик» радиоси хабарига кўра, турли авиакомпаниялар 20 га яқин стюардессани лабларига ботокс қўйилгани ва қошларига татуаж қилингани учун ишдан бўшатган.

Баъзи ходимлар шунчаки жаримага тортилди, бошқа аёллар гўёки кўкрак имплантлари ёки катталашган лаблари учун ишсиз қолди.

Пойтахтдаги гўзаллик салонлари эгалари ҳам тақиқланган хизматлар кўрсатгани учун жаримага тортилиши ва ҳатто 15 суткага қамоққа олиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Гувоҳлар полициянинг жамоат жойларида рейдлари ҳақида гапиради, сохта тирноқ ёки киприк улатганлар ҳибсга олинган.

"Янги тақиқлар менга ҳеч қандай таъсир қилмади, гўё мен бошқа дунёда яшайман", дейди Умида (исм унинг илтимосига кўра ўзгартирилган) Би би сига.

Бу қиз Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳридаги халқаро компанияда ишлайди, мунтазам равишда маникюр қилдиради ва кирпик узайтиради. У ишга асосан таксида боради ва агар хоҳласа, одатда орқа ўриндиқда ўтиради. Анъанавий либос фақат оилавий байрамларда кийилади.

Умиданинг айтишича, тақиқлар биринчи навбатда давлат муассасалари ходимларига тегишли.

Расмийларга кўра, нафақат косметик муолажалар анъанавий қадриятларга зид, балки ҳис-туйғуларнинг омма олдида кўрсатиш ҳам шундай.

«Озодлик» радиоси туркман хизмати Марв шаҳрида жамоат жойларида қўл ушлашган бир неча жуфтлик ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Ҳибсга олинганлар, ўзларининг сўзларига кўра, бундан буён жамоатчилик олдида ҳис-туйғуларини кўрсатмасликлари тўғрисида тилхат ёзганларидан кейин қўйиб юборилди.

Қаттиқ тарбия

Туркманистонлик сиёсатшунос Сердар Айтаков чекловлар узоқ вақтдан бери тайёрланиб келганини, янги президент даврида жорий қилина бошлаганини айтади.

Serdar Berdimuhamedov

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сердар Бердимуҳамедовни ўзига хос отасидан фарқли равишда "сокин сиёсатчи" деб аташади

"Туркманистоннинг кўплаб аҳолиси ички хижратда яшайди - улар мамлакатнинг сиёсий ва давлат ҳаётида деярли иштирок этмайдилар, шунинг учун улар барча университетлар ва баъзи мактабларда ушбу тақиқлардан олдин "Туркман миллий урф-одатлари, оила муқаддаслиги, фарзандлар тарбияси ва одоб-ахлоқ меъёрлари" мавзусида ўтказилган семинар ва маърузаларни эътибордан четда қолдирган. Бунақа семинарлар одатда «жамоат саломатлиги» соҳасида гайкалар сиқила бошланишидан дарак беради, бу сафар тузоққа биринчи бўлиб аёллар тушиб қолди.»

Сиёсатшунос янгиликларни Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг "Ҳаётимнинг маъноси" номли 57-китоби нашр этилгани натижаси, деб ҳисоблайди. Унда у "биринчи навбатдаги Туркман халқи минг йиллар давомида авлоддан-авлодга ўтказиб келган миллий маънавий-ахлоқий қадриятлар" ҳақида ёзган.

Сердар болалигида қаттиққўлликда тарбияланган ва у аёл - она ва уй бекаси, деган асосий ғояга асосланган анъанавий қадриятларга содиқ бўлиб улғайган, дея давом этади сиёсатшунос ва Бердимуҳамедовлар оиласини таниган амалдорлардан биридан иқтибос келтиради:

"Сердарни уйда жуда қаттиққўл, темир муштлар билан сақлашган. Мактаб ва университетда эса уни Ниёзов ўрнатган ультрамиллатчилик ва сохта анъанага асосланган муҳит ўраб олган, бу ерда аёлнинг роли она ва уй бекаси, эмансипация эса аномалия ҳисобланган. Аёлларнинг роли ва умуман олганда, қарашлар кенглиги бўйича Сердар ёшлиги 1970-1980 йиллардаги «дискотека», космополитизм, озодлик йилларга тўғри келган отасидан жуда ёмон фарқ қилади. Маънавий жиҳатдан Сердар Гурбангули Бердимуҳамедовдан кўра Сапармурод Ниёзовнинг ўғли деса тўғрироқ бўлади".

Шу билан бирга, сиёсатшуноснинг таъкидлашича, кичик Бердимуҳамедовнинг қонунчилик фаолиятидаги "майда репрессиялар" тенденцияси туркман ҳукумати амалиётининг давоми бўлиб, ҳибсга олиш ва жарималар, шунингдек, тақиқлар ва психологик босим орқали аҳолини қўрқув остида маҳкам ушлаб туриш билан боғлиқ.

Меҳрибонлик бўйича курс

Turkman ayollari

Сурат манбаси, SEMYON MAISTERMAN/TASS

Сурат тагсўзи, Туркманистон расмийлари аёлнинг ўрни ўзи анъанавий оилавий қадриятни сақлаши лозим бўлган уйда, деб билишади

40 ёшли Сердар Бердимуҳамедов жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган сайловларда 72 фоиз овоз билан ғалаба қозонган Туркманистон собиқ президентининг ягона ўғли ҳисобланади. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, у ҳокимият транзитига анчадан бери тайёр бўлган ва обрўсига доғ тушмаган. Сердардан (ёш ва отасидан кўра илғорроқ кўринган) аёлларга нисбатан тақиқларни кутганлар кам эди.

Туркманистон дунёдаги ва минтақадаги энг ёпиқ давлатлардан биридир. Баъзи тақиқлар мамлакатда саҳна ортида жорий қилинади ва интернет чекловлари билан бирга кўпинча жаҳон ҳамжамиятининг хабарисиз кучга киради.

Сердар Бердимуҳаммедов аёлларга нима кийиш ва таналарини қандай бошқаришни кўрсатган биринчи президент эмас.

Бу борада Сапармурод Ниёзов новатор эди. Туркманистоннинг биринчи президентининг сўзларига кўра, аёлнинг ўрни уйда, уни "давлат ишларига" қўймаслик керак. Аммо уйда аёл маъбуда, оилавий фаровонлик учун жавобгардир, бу ғояни 21 йил давомида ҳокимиятда бўлган ва бутун туркманларнинг отаси Туркманбоши унвонини олган Ниёзов ишлаб чиққанди.

У мамлакат мактабларида ўрганилган «Руҳнома» асарида туркман ўзига хослиги ҳақида ўз фикрини билдирган.

Ниёзов ҳукмронлиги даврида аёлларни узун миллий кўйлак кийишлари, турмушга чиққан аёллар эса бошларини ёпишлари тавсия этилган. Шу билан бирга, аёлларга мусулмон рўмоли, ҳижоб ва диний мансубликнинг бошқа элементларини кўрсатиш ҳам тақиқланган.

Дарҳақиқат, туркман аёллари, айниқса, вилоятларда, қиммат бўлишига қарамай, кўпинча анъанавий кийимларни кийишади. Туркман миллий либосларининг қўлда тикилган кўкрак кашталари нархи 2 минг долларга етади.

Turkman ayollari

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Аёллар Ашхободда сайлов участкаларидан бири олдида овқат тайёрлашмоқда

Бердимуҳаммедов 64 ёшида худди Ниёзов сингари ўзининг "Руҳнома" версиясини чиқарди.

Туркманистоннинг янги "етакчи"си (Сердар номи туркман тилидан худди шундай таржима қилинади) яна 20 йил кутмади ва фаолиятини аёлларга оид тақиқлардан бошлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek