Жамоат намозлари тақиқланади, катта тўйларга рухсат, эмлаш бошланди ва янги помидор урушими? Минтақа янгиликлари O'zbekiston mintaqa dunyo koronavirus yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Олма отада карантин чоралари узайтирилди, Тожикистонда енгиллик, Қирғизистонда кутилмаган янгилик ва Россия Туркманистонни огоҳлантирди.
Узайтирилган карантин чоралари
Хабарларга кўра, Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри - Олма отада карантин чоралари яна икки ҳафтага узайтирилган.
Бу хусусда шаҳар Бош санитар врачи яна янги қарор қабул қилган.
Олма отада карантин чоралари 21 март куни қайта жорий қилинганди.
Хабарларга кўра, янги чекловлар шаҳарда 29 мартдан бошлаб 12 апрелгача амал қилади.
Қарорда кўзда тутилган 10 банддан еттитаси диний ибодат ва дафн маросимларини кўзда тутади.
Маълум бўлишича, шу вақт оралиғида жамоат намозлари тақиқланади.
Рамазон ойида оммавий ифторларга йўл қўйилмайди. (Бу йилги Рамазон ойининг аниқ қачон бошланиши санаси ҳозирча бирор бир минтақа давлатида расман эълон қилинмаган - таҳр.)
Дафн маросимлари 10 кишидан кўп бўлмаган яқин қариндошлар иштирокидагина бўлиб ўтади.
Чекловларга қанчалик амал қилишаётганини билиш учун масжидлар, черковлар ва бошқа диний масканлар фаолияти ҳар кун текширилади.
Мактаб ўқувчилари ва талабалар масофадан ўқишга ўтказилади.

Сурат манбаси, Reuters
Маълум бўлишича, Олма отада коронавируснинг тарқалиш суръати ҳануз юқори, шаҳар "қизил ҳудуд"лигича қолмоқда.
Айрим хабарларда шу йилнинг ўзида Олма отда 13 мингга яқин янги ҳолат қайд этилгани айтилади.
26 март куни шаҳарда коронавируснинг "британча" ва "жанубийафрикача" штаммларига хос мутациялар аниқланганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Коронавируснинг бу икки янги штамми "ўта юқумли", деган хавотирлар бор.
Бунгача коронавируснинг янги - "британча" штамми аниқлангани фақат Ўзбекистонда расман тасдиқланганди.
Қозоғистон ҳали-ҳануз минтақанинг коронавирус ва пневмония билан боғлиқ аҳвол энг ёмон давлати бўлиб турибди.
Кеча, 29 март куни айрим маҳаллий нашрлар Қозоғистонда "олмаотача" штамм топилгани эҳтимоли ҳақида ҳам ёзишган.
Бугун, 30 март куни тонгда Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ кундалик кўрсаткичлар 1445 тани ташкил этган.
Катта тўйлар

Сурат манбаси, official
Хабарларга кўра, Тожикистонда тўйлар билан боғлиқ чекловлар анча юмшатилган.
Бундан кейин тўйларга юзтагача одам айтиш мумкинлиги маълум бўлган.
Айтилишича, мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ аҳвол яхшилангани боис бу каби қарорга келинган.
Аммо, шунда ҳам, тиббий-санитария чора-тадбирларига қатъий риоя этилиши шарт экани таъкидланган.
Глобал коронавирус пандемияси сабаб, ўтган бир йил ичида Тожикистонда ҳам тўйларга қатъий чекловлар амал қилган.
Фақат 30-40 кишилик тўйларга рухсат бўлган, тўйлар фақат яқин қариндошлар иштирокида ўтиб келган.
Бундан аввал "Азия-Плюс" нашри тўйлар истисно Тожикистондаги коронавирус билан боғлиқ ҳамма чекловлар бекор қилингани ҳақида ҳам хабар берганди.
Тожикистон ҳозир "коронавирус устидан мутлақ ғалаба қозонганликлари"ни расман эълон қилган биринчи ва ягона минтақа давлати бўлиб турибди.
Мамлакат масъулларига кўра, январь ойидан буён ўзларида бирор бир янги коронавирус ҳолати аниқланмаган.
Эмлаш бошланди

Сурат манбаси, Getty Images
Маълум бўлишича, кеча, 29 март куни Қирғизистонда коронавирусга қарши эмлаш ишлари бошланган.
Хабарларга кўра, биринчи бўлиб мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири ўзи эмлатган, Хитойнинг Sinopharm вакцинасини олган.
Вазирликка кўра, дастлаб пойтахт Бишкекда учта, Ўшда иккита вакцинация маркази очилади, биринчи бўлиб Чўй вилояти аҳолиси эмланади. Эмлаш бепул бўлади.
Аввал шифокорлар, сўнгра аэропорт, санитария ва назорат пунктлари ходимлари, чегарачилар ва ўқитувчилар эмланади.
Сурункали касали борлар ва қарияларга ҳам вакцина берилади.
Қирғизистон ўтган ҳафта 150 минг доза Хитойнинг Sinopharm вакцинасини олган.
Маълум бўлишича, бу мамлакатдаги 75 минг кишини эмлашга етади.
Қирғизистон яна 500 минг доза Россиянинг Спутник V вакцинасига кўз тиккан.
Яна БМТнинг Covax дастури доирасида худди шунча дозада Oxford-AstraZeneca вакцинаси олиш режасида экани айтилади.
Қирғизистон Туркманистон билан бирга минтақанинг аҳолиси энг кичик иккита давлатидан биттаси бўлади, сони расман 6 миллиондан сал ортади.
Бунгача Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистонда коронавирусга қарши вакцинация жараёни бошлангани хабар берилган.
Аҳолиси минтақада энг катта - сони расман 34500 миллиондан ошувчи Ўзбекистон бу ишга 1 апрель куни киришишини айтган.
Кеча, 29 март куни Ўзбекистонда кунлик кўрсаткичларда бироз пасайиш кузатилган, жами 146 та янги ҳолат аниқлангани расман хабар берилган.
Аммо бир кунда икки киши коронавирусдан вафот этгани айтилган, бунақаси жорий йил ҳисобидан кузатилмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Қирғизистонда Қозоғистондан кейин коронавирус билан боғлиқ энг ёмон аҳвол қайд этиб турилибди.
Бу мамлакатда ҳам коронавирус ҳолларининг яна кун сайин ортиб бораётгани кузатилади.
Россия Туркманистонни огоҳлантирди

Сурат манбаси, TURKMENISTAN TV
Хабарларга кўра, ҳаммасига Туркманистон Россияга экспорт қилаётган помидорлар сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, Россия томони туркман помидорларидан ҳам жигар ранг буришиқ вируси - ToBRFVни топган.
Россельхознадзор ташкилотининг расман билдиришича, бу масалани аллақачон туркманистонлик юқори мартабали масъуллар билан гаплашиб ҳам олишган.
Бу хусусда Туркманистон тарафига ўз ташвишларини ҳам изҳор этишган.
Россельхознадзор бу ҳолат такрор аниқланса, Туркманистондан помидор экспортини чеклаш масаласини кўриб чиқаётганликларини ҳам билдирган.
Россия томонининг расман хабар беришича, Туркманистон экспорт қилинаётган маҳсулотлар назорати кучайтирилганига ўзларини ишонтирган.
Ўтган йил худди шунга ўхшаш ҳолат Ўзбекистон ва Озарбайжон помидорлари билан ҳам юз берган.
Айрим экспертлар Озарбайжон мисолида буни Россиянинг "помидор уруши"га ҳам қиёс беришганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















