Дунё: Эронни оёққа турғазган парвоз

Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳомений 15 йиллик сургундан сўнг 1979 йил 1 феврал куни Эронга қайтди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳомений 15 йиллик сургундан сўнг 1979 йил 1 феврал куни Эронга қайтди
    • Author, Жон Сипмсон
    • Role, Би-би-си муҳаррири

Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний Boeing 747 учоғи ойнасидан ўзи бундан 15 йил муқаддам ташлаб чиқишга мажбур бўлган мамлакат сарҳадларини томоша қилиб борар эди.

Мен у билан ёнма-ён кетиб борар эдим. Ундан адоғига етган сургундан сўнг ўзини қандай ҳис қилаётганини сўрадим. У жавобан фақат сукут сақлади.

Бошқа бир америкалик мухбир ҳам айнан менинг саволимни такрорлади. "Ҳичи," жавоб қайтарди Оятуллоҳ. Яъни «ҳеч нарса.»

Бундан бир неча кун аввал мамлакатдан қочиб кетган шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг тарафдорлари Ҳумайнийнинг беписандлигидан ғазабнок эди.

Бироқ Оятуллоҳнинг ўзига кўра, унинг ватанга қайтиши инсон ҳиссиётлари нуқтайи-назаридан ҳеч нимани англатмасди: ягона аҳамиятли нарса - бу Яратганнинг истаги эди.

Бир ойча олдин - у ҳали Парижда сургундалик пайтида - мен Оятуллоҳдан интервью олган эдим. Ўшанда у жуда ҳам қатъиятли кўринганди.

«Монархия шаксиз яксон этилади,» дея ишонтирган эди мени. «Эронни эгаллаб олган сотқин ҳукумат ҳукмронлиги остидаги ҳаётнинг кўп жиҳатлари ўзгариши лозим… Спиртли ичимликлар каби заҳарлар қатъиян ман этилади.»

«Эрон шоҳини таъсирда ушлаб турган хорижий ҳукуматлар бизнинг душманимиздир.»

Бугунги кунда ҳам бу ҳолат ўзгармади.

Жон Сипмсон Ҳумайнийнини Париждан Теҳронга олиб учган учоқ бортида эди
Сурат тагсўзи, Жон Сипмсон Ҳумайнийнини Париждан Теҳронга олиб учган учоқ бортида эди

Аввалига, Исломий Инқилоб узоқ яшаб қола олмайдигандек туйилган эди, аммо у 40 йилдан буён жон сақлаб келмоқда.

Сайлов ортидан сайлов ўтиб, миллионлаб эронликлар либерал ва консерватив сиёсий қарашлар қоришмасига эга номзодларни танламоқдалар. Бора-бора ҳокимиятга либерал шахслар келмоқда.

Аммо улар қудратга келгандан сўнг консерватив руҳдаги тузумни ўзгартира олмаётир.

Эрон конституцияга таянган ҳолда, уламолар, Инқилоб Муҳофазачилари ва бошқа консерватив кучлар, ҳокимиятга ким келмасин, деярли барча нарсани ўз назорати остида сақлаб қолишга муваффақ бўлмоқда.

Ҳумайний Теҳрон аэропортида бир гуруҳ қўллаб-қувватловчилари томонидан кутиб олинди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, ҲумайнийТеҳрон аэропортида бир гуруҳ қўллаб-қувватловчилари томонидан кутиб олинди

Олий руҳонийнинг обрўси ва таъсири ҳар қандай сайланган президентникидан юқоридир. Консерватив кучлар эса қудратни қўлдан чиқариб юбормаслик йўлида бор имкониятини ишга солади.

2009 йилдаги президентлик сайловидан зум ўтмай, либерал номзод Мир Ҳусайн Мусавийнинг энг кўп овоз олгани тахмин қилинган бўлсада, консерватив қарашга эга Маҳмуд Аҳмадинажод ғолиб, дея эълон қилинган эди.

Сайлов натижаларидан норози оломон кўчаларни тўлдирган, Эрон бир неча кун давомида янги бир инқилоб ёқасига келиб қолгандек туйилган эди. Бироқ консерватив кучлар кўча намойишларини аёвсиз тарзда бостиришнинг уддасидан чиқа олди.

Исломий Инқилоб сақлаб қолинди.

2009 йилдаги баҳсли президент сайлови инқилобдан кейинги илк йирик намойишларга сабаб бўлди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2009 йилдаги баҳсли президент сайлови инқилобдан кейинги илк йирик намойишларга сабаб бўлди

Эрон мусулмонларининг 90 фоиздан зиёдроғи шиа мазҳабига мансуб. Улар 1979 йилда шоҳ тузумини ағдариб ташлаб, бутун Ислом дунёсини ларзага солган эдилар.

Эрон инқилобидан руҳланган Ливан ва Форс Кўрфазининг айрим қисмларида жойлашган мамлакатлар шиалари ўзининг жамиятдаги энг қуйи қатлам эканини тан олишни бас қилиб, янада кўпроқ қудрат талаб қила бошлади.

Ғарб томонидан дастакланган шоҳнинг ағдарилишини олқишлаган бўлса ҳам, минтақада яшовчи суннийлар бундай ҳолатдан қаттиқ хавотирга тушди.

Яқин Шарқ бўйлаб америкаликларга қарши ҳақиқий ов бошланиб кетди.

1980-1988 йиллар давомида Эрон Ироқ билан қонли уруш олиб борди. Ҳар икки тузум ҳам жон сақлаб қолишга зўр бериб, ҳаракат қилди.

Аммо 2003 йилда АҚШнинг Ироққа бостириб кириб, сунний озчилиги ҳокимиятини парчалаб ташлаши ортидан мамлакатни Эрон дастагини олган шиалар бошқаришга киришди.

Президент Жорж Буш ҳукумати Эроннинг минтақадаги супер қудратга айланганини тан олди. Бироқ ушбу эътироф Эроннинг манфаатларига мутлақо зид эди.

Ҳозирги кунда Исроил ва АҚШ президенти Доналд Трамп Эронни дунё тинчлигига энг катта хавф сифатида кўрмоқда.

Европа Иттифоқи эса бу масалада умуман бошқача фикрда.

Иттифоқ аъзолари Эронни зиддиятли мамлакат, дея аташ билан бир вақтда, улар АҚШ собиқ президенти Барак Обама даврида эришилган Эрон ядро дастури бўйича келишувга амал қилишда давом этишни истайди.

Ҳозирда Эрон, аксар одамлар тасаввуридан фарқли ўлароқ, муроса қилишга мойил давлатга айланган.

Исломий Республика аёлларнинг кийинишига қаттиқ тургани билан Саудия Арабистонидек аёллар ҳуқуқларини қўпол равишда оёқости қилмайди.

Эрон аёллари бемалол бизнес билан шуғулланади, мол-мулкка эгалик қилади, машина ҳайдайди ва муҳим сиёсий амалларни эгаллаган.

Инқилобдан сўнг Эронда аёлларнинг авратини ёпиб юришлари учун мажбурий кийиниш жорий қилинди

Сурат манбаси, Anadolu Agency

Сурат тагсўзи, Инқилобдан сўнг Эронда аёлларнинг авратини ёпиб юришлари учун мажбурий кийиниш жорий қилинди

Жорий ҳукумат инқилобдан бери анчайин либераллашган.

Эҳтимол, Оятуллоҳ Ҳумайний бундай ҳолатга йўл қўймаган бўлур эди, аммо айнан муросасозлик йиллар мобайнида Исломий Республикани қулашдан сақлаб келди.

Узоқ 1986 йилда менинг инқилобдан сўнг мамлакатга киришимга илк бор рухсат берилган эди. Мен ўша вақтдаги янги Эрон ҳақида ўйлаганларимни қисқача ифода этмоқчиман: у барқарорлашган, лекин бу барқарорлик узоққа чўзилмайдигандек кўринарди.

Эрон ҳозир ҳам ана шундай тарзда яшаб келмоқда.

Бугун мамлакат аҳли коррупция юзасидан шоҳ давридагидан кўра кўпроқ дарғазаб бўлмоқда.

Мавжуд тузумга қарши бирор жиддий ички хавф йўқлигидан Эрон сокин кўринади. Бироқ аксар омма томонидан сайланган ожиз либерал ҳукумат ва қудратли консерватив кучлар ўртасидаги мувозанат абадий давом этаверади, деб ўйлаш жуда ҳам мушкул.

Ҳумайний Boeing 747 учоғида ўзи билан мамлакатга олиб келган аёвсизлик, ноаниқлик ва қасоскорона кайфият бугун анча босилган.

Либераллар ва консерваторлар ўртасидаги мамлакатни бошқариш юзасидан шаклланган мўрт муроса ҳали мавжуд экан, Ҳумайнийнинг инқилоби жон сақлаб қолаверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek