Иқлим, ҳаво сифати: Болам йўталганида ваҳимага тушадиган бўлиб қолдим

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
- Author, Никита Ядав
- Author, Викас Пандей
- Author, Ниҳил Инамдар
- Reporting from, in Delhi
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Ҳиндистон пойтахти Деҳлини қоплаган заҳарли тутун бугун ҳеч кимни аямайди, аммо шаҳар ҳавосининг ёмонлашиб бораётгани ва такрорланаётган ҳаво ифлосланиши муаммосидан энг кўп жабр чекаётганлар болалар бўлаяптилар.
Ушбу ҳолатнинг яққол мисоли ҳеч жойда болалар шифохоналаридек кўзга ташланмайди. Би-би-си бир неча кун олдин Деҳли яқинидаги Нойдада шундай муассасалардан бирига ташриф буюрди.
Шифокор қабули йўлаги аксираётган, йўталаётган ёки нафас олишда қийналаётган болаларининг аҳволидан хавотирга тушиб навбатда турган ота-оналарга тўлган.
Кўпчилик болаларнинг октябр ойида мазаси қочган, ўшанда пойтахт ҳавосининг сифати хавфли даражага чиқиб кетган ва шифокор кўригига ёзилиш учун кутиш вақти одатдагидан узоққа чўзилган эди.
Заҳарли ҳаво Деҳлида ва Ҳиндистоннинг шимолий ҳудудларида ҳар йили қишда такрорланадиган муаммо ҳисобланади.
Бунинг ягона сабаби йўқ, аммо шамол тезлигининг пасайиши, саноат чиқиндилари, автомашина газлари, ҳаво ҳароратининг совиши ва Деҳли атрофидаги штатлардаги деҳқончилик далаларида қуриган пояларни ёқиш каби омиллар жамланиб на шундай вазиятни юзага келтиради.
Ўтган ойдан бери Деҳлида ҳаво сифати индекси (AQI) – турли ифлослантирувчи моддаларни, жумладан ўпкани тўсиб қўядиган PM2.5 заррачаларини ўлчовчи кўрсаткич – 300-400 оралиғида бўлиб турибди. Бу Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти инсон саломатлиги учун мақбул деб тавсия қилган меъёрдан 20 баробар юқори.
400 дан юқори кўрсаткич соғлом одамларга ҳам таъсир қилади, аллақачон хасталиги бор инсонлар саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади, аммо PM2.5 заррачаларининг кўплиги ҳаммадан ҳам кўра болалар ва қарияларга катта зарар етказади.
Пойтахт бўйлаб кўплаб шифохоналар нафас олишга яроқсиз ҳаво туфайли бетоб бўлган болалар оқимига дуч келмоқда.
«Бу заррачалар боланинг иммунитетига таъсир қилади. Чунки уларнинг организми ҳали ривожланиш жараёнида ва ҳужайралар иммунитет жавобини беришни ўрганишнинг дастлабки йилларида», деди Нойда клиникаси педиатри доктор Шишир Бҳатнагар Би-би-сига.
«Сўнгги йилларда бундай ҳолатлар ўн баробар кўпайди. Одатда менга шундай шикоятлар билан келадиган беморларнинг улуши 20-30% бўлса, ҳаво ифлосланган мавсумда бу рақам 50-70% гача чиқиб кетади».
Ҳар йили ҳукумат кузда ҳаво ифлосланишини камайтиришнинг фавқулодда чораларини кўради – қурилишни тўхтатиш, ифлослантирувчи машиналарни тақиқлаш – тутунни камайтириш учун. Бу йил ҳатто сунъий ёмғир ёғдириш учун булутларга таъсир қилишга ҳаракат ҳам қилинди, аммо бесамар.
Бироқ бу чоралар Деҳли шаҳрининг 20 миллион аҳолиси орасида хавотир уйғотган ифлосланиш инқирозини енгиллаштира олмади – айниқса ёш болаларнинг ота-оналари орасида.

Сурат манбаси, NurPhoto via Getty Images
Хушбу Бҳарти, 31 ёшда, 13 ноябр тунини эслаганда ҳали ҳам титрайди – ўшанда у бир ёшли қизалоғи Самайрани шошилинч ёрдамга олиб боришига тўғри келган.
"Эсимда, у кучли йўтал билан уйғонди ва бир неча марта қусди", дейди Бҳарти хоним.
У уй шароитидаги одатий даво чораларини қўллаб кўрган, бироқ ҳеч нарса ёрдам бермаган. Охири тун ярмида болани шифохонага олиб боришга мажбур бўлган.
"Йўлда Самайра ҳеч кимга ва ҳеч нарсага реакция қилмади. Бу унинг учун одатий ҳолат эмас эди, чунки одатда у жуда шўх бола. Ҳатто бошини кўтармади. Бу ҳаётимдаги энг ёмон лаҳза эди".
Шифохонада чақалоққа кучли стероидли ингаляция қилинди ва икки кун давомида кислород аппаратига улаб қўйлди. Кейин унга зотилжам ташхиси қўйилди.
Шундан бери Бҳарти хоним доим хавотирда.
"Бир-иккита йўталса ҳам, мен дарров қўрқиб кетаман».

Сурат манбаси, .
Самайра ҳозир соғайган, аммо Гопал* каби бошқа ота-оналар ҳам бор – у ўтган ҳафта икки ёшли қизалоғи Ренуни* кўкракидаги сиқилиш сабабли давлат шифохонасига олиб боришга мажбур бўлди. Улар ўта хавфли ҳаво фарзандларининг соғлиғига даволаб бўлмас даражада зарар етказганидан қўрқишади.
"Шифокорлар менга уни бир муддат ингаляторда ушлаш керак бўлиши мумкинлигини айтишди", деди Гопал Би-би-сига.
Йиллар давомидаги тадқиқотлар ҳаво ифлосланиши бутун дунёда ёш болаларга қандай ҳалокатли таъсир кўрсатаётганини кўрсатди – ривожланишнинг секинлашиши, иммунитетнинг сусайиши ва когнитив қобилиятнинг пасайишига олиб келади.
Кембриж Университетининг яқиндаги тадқиқоти ҳам қарийб 30 миллион одам маълумотларига асосланиб, айрим ифлослантирувчи моддаларга таъсир қилиш турли хил деменция, жумладан Алцгеймер касаллиги хавфини ошириши билан боғлиқлигини аниқлади.
Ортиб бораётган бундай таҳдидлар Бҳарти хоним каби кўплаб ота-оналарни Деҳлини тарк этиш ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.
"Қизим хавфсиз нафас ола олмайдиган шаҳарда яшашнинг маъноси нима?", дейди у. "Эримнинг бизнеси Деҳлида, шунинг учун ҳамма нарсани ташлаб кетолмаймиз. Аммо имконият пайдо бўлиши билан кўчиб кетамиз".

Сурат манбаси, NurPhoto via Getty Images
Ҳозирча Ҳиндистон ҳукумати Деҳли шаҳрида хавфли ҳавонинг болалар саломатлигига таъсирини камайтириш чораларини кўрди – очиқ ҳавода спорт машғулотларини кечиктириш ва бошланғич синфларда гибрид ўқиш тизимига ўтиш.
Ушбу чоралар молиявий имконияти бор оилаларга ёрдам беради, аммо йўллар четларида ёки қашшоқ маҳаллаларда яшайдиган ишчи табақа оилаларида туғилган юз минглаб кам таъминланган болаларнинг "ўпкаларига бўлган ҳужум улкан», деди Кераладаги пулмонолог доктор А. Фатҳаҳуддин Би-би-сига.
Тор уйларда яшаш уларни ошхона кўмир ёки ўтини, автомобиллар газлари ва яхши шамоллатилмаганидан келиб чиқадиган ифлосланишларга ҳам кўпроқ юзма-юз қилади. Ташқаридаги заҳарли ҳаво эса вазиятни янада оғирлаштиради.
«Бу болалар доим юқори даражадаги ифлосланиш таъсири остида қоладилар, шунинг учун уларнинг ўпка ҳимоя тизими сусаяди. Агар болаликда қолган бу инфекцияларни даволамасангиз, ўпкада доимий зарар қолиши мумкин», дейди доктор Фатҳаҳуддин.
Унинг айтишича, бир неча тадқиқотлар "етилмаган ўпкалар"нинг ҳаво ифлосланишига таъсири сабабли болаликдаги инфекциялар катталикда тамаки чекишга ўхшаш сурункали ўпка касалликларига олиб келиши мумкинлигини кўрсатган.
Доктор Фатҳаҳуддин айтадики, имконияти борлар болаларини қатъий уй ичкарисда ушлаб туришлари, уларга етарли сув ичиришлари ва ташқарида бўлганларида 95% ифлослантирувчи заррачаларни тўсадиган юз ниқобларини тақдиришлари керак.
Лекин ота-оналар болаларни қанча вақт уйда ушлаб туриш мумкин деб сўрашади.
"Улар ўсаяптилар, ўйнаш учун жой керак. Табиат қўйнида қисқа дам олиш лаҳзаларини топишлари керак бўлган вақтда биз уларни тўхтатишга мажбур бўлаяпмиз», дейди она Сима*.
«Баъзан улар норози бўлишади, аммо бизда танлов йўқ. Жисмоний машқ болаларга қанчалик муҳимлигини биламиз, аммо бу заҳарли ҳаводан нафас олиш ҳисобига бўлмаслиги керак", дейди у.
*Исмлар ўзгартирилган












