"Ҳаво ифлосланишини ҳукумат билан боғлаш нотўғри" - Видео

Тошкент шаҳри марказидаги ҳаво ифлосланиши 2025 йил 22 ноябр куни

Сурат манбаси, gazeta.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонликлар Интернет ижтимоий тармоқларида "Миллий Тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодировнинг баёнотини муҳокама қилмоқдалар.

Алишер Қодиров ўзининг Телеграм каналида Ўзбекистон Гидрометереология марказининг нега охирги кунларда Ўзбекистонда ҳаво ифлослангани ҳақида эълон қилган тушунтиришига муносабат билдирди.

"Ҳавода зарарли зарраларни Ҳукумат билан боғлаётган "эксперт"лар учун яхши, лекин уч кунга кечиккан жавоб", деб ёзди Алишер Қодиров.

"Мутасаддилар, одамларни чалғитадиган тахминларни тарқалиб кетишига йўл қўймасликлари зарур!

Дунёда бирон ҳукумат табиатга буйруқ беролмаган, беролмайди ҳам. Ўзбек халқи доимо Худодан қўрқиб, бандасига андиша билан, Ватанига маскун ҳаётини яшаган, яшаяпти ва яшайди. Қудрат тафаккур, тартиб ва аҳиллигимизда.

Унутманг, бизнинг безовталигимиз кимларнингдир хотиржам бўлиши учун жуда керак бўлиб турибди…", деб ёзди Алишер Қодиров.

Ўзбекистон Гидрометеореология марказига кўра, нафақат Ўзбекистон, балки бошқа Марказий Осиё мамлакатлари пойтахт шаҳарларида ҳам ҳаво ифлосланишининг бир неча сабаблари бор.

"Биринчи омил – кескин ҳарорат алмашиши ва инверсия. Жорий ҳафтада ҳаво ҳарорати тез ўзгарди. Иссиқ кунлардан совуқ кунларга ўтиш даврида инверсия деб аталувчи табиий жараён юзага келади. Инверсия пайтида совуқ ҳаво пастда, иссиқ ҳаво юқорида қолади ва ҳаво қаватлари аралашмайди. Шу боис майда заррачалар паст ҳаво қатламида тўпланиб, қисқа вақтда концентрация кескин ошади. Бу жараён Тошкент, Олма-ота, Бишкек, Душанбе каби шаҳарларда ҳар йили ноябр–феврал ойларида кузатилади", дейилади Hydromet.uz Телеграм канали тарқатган тушунтиришда.

"Иккинчи омил – ёғингарчиликнинг йўқлиги. Синоптикларимиз маълумотларига кўра, ноябр ойи бошидан бери Тошкентда деярли ёмғир ёғмади, ёғингарчилик ҳажми эса иқлимий меъёрдан анча паст бўлди. Ёғингарчилик йўқлиги ҳаводаги майда заррачаларнинг табиий ювилишини тўхтатади ва уларнинг узоқ вақт атмосферада сақланиб туришига олиб келади.

Учинчи омил – арид жараёнларнинг кучайиши ва табиий чангланиш. Ўзбекистон табиий жиҳатдан қуруқ ва яримқуруқ иқлим ҳудудида жойлашган. БМТ экспертлари бу минтақани дунёда арид жараёнлар энг тез кечаётган маконлардан бири сифатида қайд этган. Арид жараёнлар, ўсимлик қопламининг камайиши ва иқлим исишининг таъсири остида шамол таъсиридаги табиий чангланиш ошади. Шунинг учун бу йил чангланиш одатдагидан кўпроқ намоён бўлди, ҳатто шамол паст бўлган кунларда ҳам ПМ10 кўрсаткичининг ўсишига туртки берди.

Синоптикларимиз прогнозига кўра, амалга ошган инверсия жараёни 24-ноябргача давом этиши мумкин. Шу вақтгача майда заррачаларнинг маълум даражада сақланиб туриши табиий ва мавсумий ҳолдир.

Об-ҳаво барқарорлашиши билан ҳаво сифати ўз-ўзидан сезиларли яхшиланади", дейди ЎзГидромет.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Ижтимоий тармоқларда уй ҳавосини тозалайдиган ускуналар ҳақидаги, бу ускуналар Тошкент шаҳридаги хонадонлар ичидаги ҳаво нақадар бузилганини кўрсатадиган видеолар ва постлар кўпайди.

Худди бир ҳафта олдин Ҳиндистон раҳбарияти пойтахт Деҳлида эълон қилганидек, ёш болалар ва саломатлигида муаммоси бор кексаларнинг имкони бўлса, ташқарига чиқмаслик маслаҳати пойтахт Тошкентда ҳам берилди.

Аммо Тошкентнинг Учтепа туманида "Саломатлик учун 5000 қадам юриш марафони" деб номланган тадбир ташкил қилингани кўпчиликни ҳайратлантирди.

"Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодировнинг "дунёда бирон ҳукумат табиатга беролмайди" деган гапига фаоллар ҳукумат ҳаво инсонларнинг саломатлигига зарар етказадиган даражагача келиб қолмаслиги учун масъул эканини эслатдилар.

"Албатта, дунёда бирон ҳукумат табиатга буйруқ беролмаган, беролмайди ҳам. Лекин бугун юз бераётган жараёнлар дориси ўйлаб топилган касал билан оғришга ўхшайди. Яъни, танқидлар бу мавзуда қайсидир ҳаракат юзасидан эмас, ҳаракатсизлик юзасидан янграмоқда", деб ёзди журналист Баҳодир Абдуллаев ўзининг Телеграм каналида.

Маҳаллий матбуот Ўзбекистон президентининг Тошкент шаҳри ҳавосини яхшилаш мақсадидаги қарори имзолангани хабарини тарқатдилар.

Президент Мирзиёев қарорига кўра, пойтахт ҳавоси ифлосланишига ҳисса қўшаётган ишлаб чиқариш корхоналари шаҳардан ташқарига олиб чиқилади.

Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

2025 йил 1 декабридан бошлаб Тошкент АЁҚШларида АИ-80 бензинини сотиш тўхтатилади.

Тиғиз вақтларда шаҳарда юк машиналарининг ҳаракатланиши чекланади.

Қурилиш объектларига ҳаво сифатини ўлчаайдиган станция ва камералар ўрнатилади.

Бундан кейин Тошкентда биноларни қуриш лойиҳалаштирилаётган пайти шамол йўналиши ва тезлигини инобатга олиш талаби қўйилади.

"Яшил Тошкент" лойиҳаси учун масъул республика ишчи гуруҳи тузилади.

Тошкент шаҳар ўрмон хўжалиги ташкил этилади.

Энг муҳими, бундан кейин Тошкент шаҳрида дарахт кесиш қарори овоз бериш орқали қабул қилинади.