Тошкент масжидларида Оллоҳдан ёмғир сўраб намоз ўқилиши эълон қилинди

Тошкент ҳавоси
Сурат тагсўзи, Тошкент ҳавоси
    • Author, BBC Янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 1 дақ

Сўнгги вақтларда пойтахт Тошкентда ҳавонинг кескин ифлосланиши ортидан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Оллоҳдан ёмғир сўраб намоз ўқилишини эълон қилди.

"Динимиз таълимотида умумманфаатига хизмат қиладиган ишларга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Ислом тарихида қурғоқчилик кузатилган пайтларда истисқо намози ўқилгани ва унинг самараси кўрилгани келтирилган", дейилади расмий баёнотда.

"Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёғмай, сувсизлик бўлган даврларда жамоат билан қиблага юзланиб дуо қилганлари, кейин ўзлари имом бўлиб намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Аллоҳ таолодан сув-ёмғир сўраладиган истисқо намози фазилати ҳадис китобларида баён қилинган."

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Мусулмонлар идораси билдиришича, куз фасли ёмғирсиз ўтаётгани, келгуси кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани эътиборидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан 2025 йил 28 ноябрь куни жума намозидан кейин Ўзбекистондаги "барча масжидларда Аллоҳ таолодан тавба-тазарру, истиғфор ила ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракат истисқо намози ўқилади."

O'zbekiston Musulmonlari idorasi
O'zbekiston Musulmonlari idorasi
Imom Buxoriyning “Sahih”lari qurg‘oqchilikda o‘qilganda, Alloh taoloning irodasi ila yomg‘ir yoqqani tarix kitoblarida yozilgan.
O'zbekiston Musulmonlari idorasi
bbc.com/uzbek

Расмий баёнотда, шунингдек, Умра зиёратида бўлиб турган элликбоши имом-домлалар Ҳарами шарифларда ўз гуруҳлари иштирокида истисқо намозини ўқишлари тавсия этилади.

Охирги кунларда Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиши кескин ошиши ортидан Экология ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаво ифлосланишига қарши кенг кўламли рейдлар кучайтирилгани айтилади.

Тошкент узра чанг. Сурат 24 ноябрда олинган.
Сурат тагсўзи, Тошкент узра чанг. Сурат 24 ноябрда олинган.

Ҳукумат чораларидан бирига кўра, эндиликда иссиқхоналарга газ берилади ва шина, мазут, битум каби маҳсулотлар ёққан иссиқхоналар жазоланади.

Айни дамда Президент Шавкат Мирзиёев «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Унга кўра, Тошкентда экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича махсус комиссия тузилди.

Ҳавонинг ифлосланиши охирги кунларда нафақат Тошкент ва унинг атрофи, балки Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳарларида қайд этилди. Бироқ, бу шаҳарларда қандай чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани ҳозирча номаълум.