Ўзбекистон: Мотуридий ёдгорлиги учун ЮНЕСКО ҳимоясидаги бинолар бузиб ташланган, бир китоб учун уч кунлик ҳурлик (дайжест)

Самарқанд шаҳрининг Ғиждувон кўчасида бузилган бинолар

Сурат манбаси, gazeta.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Самарқанд шаҳрида Ислом оламида таниқли Ҳанафий олим Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ёдгорлик мажмуасини кенгайтиришга қарор қилинган, шу мақсадда шаҳарнинг тарихий марказидаги Ғиждувон кўчасида юзлаб уйлар бузиб ташланаётгани хабарлари тарқалаяпти.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрининг қоқ маркази ЮНЕСКОнинг жаҳон меросига расман киритилган, Ғиждувон кўчасидаги биноларни ҳуқуқ ҳимоячилари тарихий аҳамиятга эга бинолар деб билишади ва ноёб маҳалла вайрон этилаётганидан бонг уришаяпти.

Алоқадор мавзулар

Ўзбекистондаги gazeta.uz веб-нашри Ал-Мотуридий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш мақсадида Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми бузилгани ҳақида мақола эълон қилди.

gazeta.uz мухбири суҳбатлашган маҳаллий самарқандликлар ўзларига нисбатан ноқонуний ҳаракатлар бўлаётганидан шикоят қилдилар.

Веб-нашр 2016 йил июлида қурилиш ишлари пайтида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талаблари бузилганлиги сабабли, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитаси Шаҳрисабз тарихий марказини хавф остидаги Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш ҳақида қарор қабул қилганини эслатади.

ЮНЕСКОнинг Самарқанд шаҳрининг қоқ марказидаги жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган харитаси

Сурат манбаси, gazeta.uz

Сурат тагсўзи, ЮНЕСКО Самарқанд шаҳрининг қоқ марказини жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган

Қайси муаммолар Сенат эътиборига тушди?

Ўзбекистон Сенати 10 ялпи мажлиси

Сурат манбаси, Telegram/Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси 4 сентябр куни бошланди.

Мажлис Сенатнинг YouTube платформасидаги каналида жонли намойиш этилди.

Бу йил Ўзбекистон олий ўқув юртларини қанча ёш мутахассис битириб дипломларини олди, қанчаси иш топди?

Ўзбекистон Сенати бу йилги битирувчиларнинг айримларини иш топишларида ёрдамлашишга киришган, ялпи мажлисда шу кунгача 31 мингдан ортиқ ёшнинг иш топгани, бу йўлда қандай муаммолар борлиги, муносиб даромадли иш ўринларини барпо этиш, бир вилоятдан бошқа вилоятга бориб ишлашни истаганлар учун давлат имтиёзлари йўлга қўйилгани айтилди.

Сенат раиси Танзила Норбоева бу йилги тажриба кейинги йил битирувчиларини ишга жойлаштиришда асқотиши мумкинлигини эслатди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Мобил телефоним пули қаёққа кетди?

Ўзбекистон Сенати ўрганишларидан маълум бўлишича, ўзбекистонликларнинг мобил телефонлари ҳисобларидан миллиардлаб сўм одамларнинг ўзларининг розилигисиз ечиб олинаяпти, бу нарсадан кўпчилик норози.

Сенат мажлисида бугун Ўзбекистонда мобил алоқа фойдаланувчиларининг сони 36 миллионни ташкил этиши хабар қилинди.

Шу кунларда Ўзбекистон аҳолисининг сони 38 миллионга етди, агар болалар ва мобил телефондан фойдаланмайдиганлар чиқариб ташланса, бир кишида бир неча сим-картаси рўйхатга олинган мобил телефон борлиги англашилади.

Мамлакатда Телеграм жуда машҳур ҳисобланади, кимдир мобил телефонига келган хабардаги иловага босиши билан қандайдир контент хизматига уланиб қоладиган вазият юзага келган.

Сенат мажлисида айтилишича, бу нарса мобил алоқа операторлари билан контент провайдерлар ўртасида келишилган, кўп ҳолларда ноқонуний амалиёт туфайли юз бераяпти.

Ҳозир Ўзбекистонда фойдаланувчиларга контент провайдерлари томонидан тақдим этилаётган хизматлар йўналишини тартибга соладиган алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги аниқланган.

Сенат мажлисида тегишли мутасадди вазирлик раҳбариятидан изоҳ талаб қилинди, бунга йўл қўймаслик чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Китобхонлик - озодлик гарови

Ўзбекистон Сенати мамлакат қамоқхоналаридаги маҳкумларга ўқиган битта китоби учун жазо муддатини уч кунга қисқартириш қонунини маъқуллади.

Сенат қарорига кўра, ушбу тартиб фақат жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши назарда тутилган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Сенат Ўзбекистоннинг Жиноят Кодекси, Жиноят-процессуал Кодекси, Жиноят-ижроия Кодексларига ўзгартиришлар киритди.

Хабар қилинишича, маҳкумлар Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган, маҳкумларда тўғри маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқисалар ва ушбу китобларни ўқигани имтиҳон орқали тасдиқланса, жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача комиссиянинг хулосасига асосан суд томонидан қисқартирилиши мумкин.

Сенат, шунингдек, мамлакат йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш мақсади кўзланган муҳим қонунни ҳам маъқуллади.

Хусусан, вилоятлар ўртасида киракашлик билан шуғулланадиган таксичиларнинг талабдагидек дам олиши, сўнг йўлга чиқишига эътибор қаратилди.

Сенатда Ўзбекистонда 2024 йили 9364 йўл-транспорт ҳодисаси рўй бергани, шундан 351 таси ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши оқибатида рўй бергани таъкидланди.

Оқибатда 189 инсон ҳалок бўлган, 285 киши яраланган.